БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси қабул қилинганига 40 йил бўлди. Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлигининг 2-сонли Тошкент академик лицейида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида семинар ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда прокуратура, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан ходимлар иштирок этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев тадбир иштирокчиларини онлайн қутлаб, соҳада амалга оширилаётган ишлар, ҳуқуқ-тартибот тизими ходимларининг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги масъулияти ҳақида тўхталди.
БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлган Ўзбекистон қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келиши қайд этилди.
Халқаро ҳуқуққа кўра, қийноқлар – инсониятга қарши жиноятдир. Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатларда қийноқлар қатъиян тақиқланади ҳамда қийноққа солиш ҳолатини оқлашга ҳеч қачон ва ҳеч қандай асосда йўл қўйилмайди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан ўтказилган тадбир БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларига таянилган ҳолда ташкил этилган. Унда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатини янада кучайтиришга жиддий эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Хусусан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида изчил ва кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани буни яққол тасдиқлайди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 июнда қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни юртимизда миллий ва халқаро даражадаги тарихий аҳамиятга молик сана сифатида нишонланади.
Икки кунлик семинарда 60 нафар тингловчининг назарий билимлари амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди. Машғулотлар якунида тест синовларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Айтиб ўтиш керакки, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилмоқда. Жумладан, 2023 йили 10 вилоятда ўтказилган ўқув курслари натижасида ички ишлар ва прокуратура тизимида фаолият юритувчи 590 нафар ходимнинг билим ва тажрибаси оширилди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 03.05.2024
- Кўришлар: 1570
- Чоп этиш