Бахмаллик ўқувчилар билан Конституциямиз ҳақида учрашув ўтказилди

Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат зиммасига ёшларга ғамхўрлик масаласида ғоят муҳим мажбуриятлар юкланган. Бинобарин, навқирон авлод вакиллари томонидан Асосий қонунимиз «Ёшлар Конституцияси» дея эътироф этилаётгани бежиз эмас.

3 май куни Жиззах вилояти Бахмал туманидаги 28-мактабда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий  маркази билан ҳамкорликда ўтказилган “Янги таҳрирдаги Конституция ва ёшлар”  мавзусидаги жонли мулоқотда шу ҳақда сўз борди. Унда мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари, шунингдек, Удамали қишлоғи фаоллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси асосида ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда «Ўзбекистон–2030» стратегиясида кўзда тутилган “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқаришга қаратилган туркум ҳуқуқий-маърифий тадбирлар доирасида ташкил этилди.

Учрашувда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий  маркази директорининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси, Миллий марказ матбуот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев иштирок этди ва сўзга чиқди. Тадбирда, аввало, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган жорий йилда янги таҳрирдаги Конституциямизнинг референдум орқали қабул қилинганига бир йил тўлганлиги алоҳида таъкидланди.

Мамлакатимиз бошқа соҳалар қатори нуфус жиҳатидан ҳам катта давлатга айланмоқда ва жамиятнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилмоқда. Ёшларимизга муносиб ҳаёт шароити яратиш учун эса барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши лозим.

Шу маънода, айни масаланинг ечими сифатида қабул қилинган мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор – янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида давлат томонидан ёшлар ҳуқуқлари ҳимояланиши ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштироки рағбатлантирилиши кафолатлаб қўйилди. Конституциямизнинг 79-моддаси биринчи бандида қайд этилганидек, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик  ҳуқуқлари  ҳимоя  қилинишини  таъминлайди,  уларнинг  жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради.

Қизиқарли мулоқот асносида янги таҳрирдаги Конституциямиз нафақат Ўзбекистон ёшлари манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг келгуси тақдири учун ниҳоятда аҳамиятли экани эътироф этилди. Иштирокчилар фикрича, айниқса, Бош қомусимизда илк маротаба узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожини таъминлаш давлатнинг вазифаси этиб белгилангани жуда муҳим.

Ҳуқуқий-маърифий тадбир якунида Ватанимиз ва халқимизга юксак ҳурмат-эҳтиром, Истиқлол ва Конституция ғояларига садоқат туйғулари тараннум этилган шеърлар янгради. Мушоира мактаб ўқувчилари иштирокидаги бадиий-ҳаваскорлик чиқишларига уланиб кетди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech