Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида нишонланиши замирида “Инсон қадри учун” шиори негизида кишиларни эзгуликка ундаш фалсафаси ўз мужассамини топган. Хотира деганда, аввало, биз бу фоний дунёдан ўтган аждодларимизни эслаш, уларнинг чироғини ёқиб, эзгу ишларини давом эттиришни тушунамиз. Қадрлаш – асрлар давомида она диёримизни, халқимизнинг озодлик ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ва шижоат билан ҳимоя қилган фидойи ватандошларимизга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, деганидир.
3 май куни Жиззах вилояти Бахмал туманидаги 28-мактабда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган маданий-маърифий тадбирда шу ҳақда сўз борди. Жонли мулоқот Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Китобсевар миллат” шиори остидаги туркум ҳуқуқий-маърифий тадбирлар доирасида ташкил этилди.
Миллий марказ директорининг матбуот котиби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғ.Мирзаев таъкидлаганидек, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 26-моддасида “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир” деган инсонпарвар норма мустаҳкамлангани бежиз эмас. Чунки инсон шаъни – бу инсоннинг бошқа одамлар олдида ўз аҳамиятини англаши, яъни инсоннинг маънавий обрўси. Инсон қадр-қиммати эса шахснинг ўзини ўзи ҳурмат қилиши, жамият аъзоси сифатида ўз мавқеи ва аҳамиятини англаши, демакдир.
Иштирокчилар эътироф этганларидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифи ва ташаббуси билан пойтахтимиз марказида бунёд этилган Ғалаба боғи уруш жанггоҳларида жасорат кўрсатган ва фронт ортида матонат билан меҳнат қилган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш борасида улкан аҳамиятга эга бўлди. Боғ ҳудудидаги барча ёдгорлик мажмуалари ўзига хослиги, ҳаётийлиги ва бадиий ёрқинлиги билан ажралиб туради.
Хусусан, Матонат монументи давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида яратилган “Илҳақ” фильми билан уйғунликда ўзбек миллатига, қадри ва қадди букилмас аёл зотига қўйилган буюк ҳайкалдир. Ғулом Мирзо ушбу муаззам ёдгорлик зиёратида битган шеърини тадбирда иштирок этаётган мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари, шунингдек, Удамали қишлоғи фаолларига ўқиб берди.
Хотира тадбирида “Удамали” қишлоқ фуқаролар йиғини фаоллари, фахрий педагоглар Бердимурод ота Ҳайитқулов ва Абдираҳмон ота Мусурмонов, 28-мактаб директори Шукурулло Шойзоқов ва бошқалар сўзга чиқиб, уруш йилларида Удамали қишлоғидан ҳам 22 нафар забардаст йигит жанггоҳларда жасорат кўрсатганлигини, уларнинг хотираси қишлоқ аҳли ҳамда мактаб жамоаси томонидан доимо ёд этилишини қайд этдилар. Зеро, инсон қадри – азиз, хотираси муқаддас ва барҳаётдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 07.05.2024
- Кўришлар: 1283
- Чоп этиш