БОЛАЛИКДЕК БЕҒУБОР КИТОБ

Салкам асрдан бери «Тонг юлдузи» газетаси юртимиз болажонларининг энг севимли нашри бўлиб келмоқда. Газета улашган зиёдан баҳраманд бўлиб, элимизнинг қанчадан қанча зиёлилари – олим-у ихтирочилар, шоир-у ёзувчилар етишиб чиқди ва бу жараён ҳозир ҳам давом этмоқ-да. Севимли газетамизнинг узоқ йиллик ибратли фаолияти ва муваффақиятларини акс эттирган «Тонг юлдузи» ёритган олам» китобини варақлар эканман, бунга яна бир бор амин бўлдим. Ушбу китобни, том маънода, газетанинг сайланмаси, деб аташ мумкин.

Китобда «Тонг юлдузи» газетаси-да ҳозирга қадар нашр этилган энг сара шеърлар, ҳикоя-лар ва публицистик мақолалар, шунингдек, газета мактабидан етишиб чиққан атоқли ёзувчи ва шоир-ларнинг ўқувчилик давридаги унутилмас ёдномалари жамлан-ган. Сўзбошида газета Бош муҳаррири Феруза Сойибжон қизи шундай ёзади: «Кўплаб таниқли адиблар, журналистлар, ижодкорлар билан суҳбатлаш-ганимизда, уларнинг аксарияти «Тонг юлдузи» мактабини ўтаганини, илк ижод намуналари айнан шу нашрда эълон қилинганини фахрланиб сўзлашади. Бу эътирофлардан рағбатланиб «Тонг юлдузи»нинг олис ўтмишига, нурли, шарафли йўлига назар солдик. Қоғоз-га тўкилган марваридларни бирма-бир теришга ҳаракат қилдик».

Дарҳақиқат, китобни мутолаа қилар экансиз, унинг ҳар саҳифасида марвариддек соф ва қадрли, самимий ва беғубор фикрлардан мароқланасиз. Хаёлан болалик пайтингизга, мактаб даврларига қайтгандек бўласиз.

Китобнинг «Мозийдан янграган садо» номли биринчи бўлими атоқли ёзувчи, академик Ойбекнинг 1958 йилда газетада нашр этилган мақоласидан олинган қуйидаги фикрлар билан бошланади: «Кичик ватандошларим! Меҳнатда шундай қаҳрамонлик кўрсатингки, ёзувчиларимиз бўлажак асарларини номларингиз билан безатишсин».

Адибнинг ўткир мурожаати бугун ҳам долзарб ва замонамиз фарзандларига қаратилгандек таассурот қолдиради. Зеро, киши болалигиданоқ яхшиликка интилса, юксак мақсадлар сари дадил ҳаракат қилса, келажакда, албатта, элнинг ифтихори бўлган инсон бўлиб етишади, Ойбек таъбири билан айтган-да, ёзувчиларнинг бўлажак асарларини безайди.

Иккинчи бўлимдан турли йилларда газета Бош муҳаррири бўлган Суҳроб Йўлдошев, Акром Бердимуродов, Феруза Жалилова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Жаббор Раззоқов, Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Умида Абдуазимова, Тўлқин Ҳайит, шунингдек, унинг ҳозирги Бош муҳаррири Феруза Сойибжон қизининг «Тонг юлдузи»да нашр этилган мақолалари ўрин олган.

«Ёшлар ижод йўлини топди» номли учинчи бўлимда эса ёш ижодкорлар-нинг газетада эълон қилинган энг сара мақола, шеър ва ҳикоялари китобхонлар эътиборига ҳавола қилинган. Улар орасида 2023 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази томонидан «Тонг юлдузи» газетаси таҳририяти билан ҳамкорликда ўтказилган «Инсон ҳуқуқлари – болалар нигоҳида» танлови ғолибларининг ижод намуналари борлиги алоҳида эътирофга лойиқ.

Тўртинчи бўлим «Бизни қутлаб, олқишладилар» деб номланади. Унда келтирилган табрик ва миннатдорлик хат-ларини ўқир эканмиз, газета таҳририяти, айниқса, сўнгги йилларда катта муваффақиятларга эришаётганига ишонч ҳосил қиламиз. 2023 йил газета «Олтин қалам» XVII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг босма нашрлар йўналиши бўйича «Энг яхши журналистик материал учун» номинациясида 3-ўрин билан тақдирланиши, ёш авлоднинг инсон ҳуқуқлари бўйича билимларини ошириш, уларда ҳуқуқий маданиятни шакллантиришга қўшган ҳиссаси учун газета «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони билан мукофотланиши қувонарлидир.

Шунингдек, 2023 йилда «Тонг юлдузи» газетаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ билан ҳамкор-ликда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги муносабати билан «Инсон ҳуқуқлари – болалар нигоҳида» танловини муваффақиятли ташкил этди. Икки босқичда ўтказилган ушбу танловда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан жами мингдан ортиқ болалар ва ўсмирлар ижодий ишлари билан иштирок этгани ҳам унинг аҳоли орасида катта қизиқиш уйғотганидан далолат беради.

Юртимиздаги етакчи болалар ва ўсмирлар газетасининг қўлга кирита-ётган ютуқлари бардавом бўлишини, «Тонг юлдузи» ёритган олам» тўпламининг ҳам ҳажман, ҳам мазмунан залворли навбатдаги нашрлари чоп этилишини тилайман.

«Тонг юлдузи» ҳамиша ҳозиргидек ёш авлодни комилликка етакловчи тонгги юлдуз бўлиб қолаверсин!

 

Акмал САИДОВ,

академик

"Тонг юлдузи" газетаси 2024  йил 6 май 19-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech