Инсон хотирасини ёд этиб, қадрини улуғлаб...

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

 

Яқин асрларда инсоният тарихида чуқур фожеали из қолдирган ҳодисалар, шубҳасиз, Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистон учун Иккинчи жаҳон уруши халқимизнинг йўқотишлари кўп бўлганлиги билан ажралиб туради.

Ўша урушда 62 та давлат иштирок этган бўлиб, у сайёрамиз аҳолисининг 80 фоизини қамраб олган. Жанговар ҳаракатлар 40 давлат, уч қитъа ва тўрт океан ҳудудида олиб борилган. Жанговар ҳаракатларда 110 миллион аскар иштирок этган. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 70 миллион, бошқа баъзи маълумотларга асосан эса 85 миллион нафар атрофида инсон ҳалок бўлган.

Шунча кўп одамлар қурбон бўлган бу урушда бевосита инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, хусусан, яшаш ҳуқуқи тўла поймол этилди. Бу ҳуқуқи топталган инсонларнинг катта қисмини аёллар, болалар ва кексалар ташкил этган.

 Шу маънода, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 9 май куни пойтахтимиз ҳудудида ўзбек халқининг буюк Ғалабага қўшган улкан ҳиссаси, кўрсатган жасоратининг рамзий ифодаси сифатида улкан боғ барпо этиш ғоясини илгари сурди. Ғалаба боғи концепцияси давлат раҳбарининг 2019 йил 23 октябрда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги  қарорига мувофиқ тасдиқланди.

Ғалаба боғини барпо этиш билан боғлиқ қурилиш ишлари давом этаётган бир паллада Президентимизнинг кўрсатмасига биноан уруш билан боғлиқ маълумотлар ва рақамларни ойдинлаштириш мақсадида давлат архивидаги илгари ёпиқ бўлган маълумотлар батафсил ва холисона ўрганиб чиқилди. Натижада шу вақтгача биз билган анча-мунча рақамлар жиддий тафовутлар мавжудлиги аниқланди.

Академик Акмал Саидовнинг “Ғалаба боғи фалсафаси” номли китобидаги қуйидаги жадвалда уруш билан боғлиқ айрим рақамларнинг аввалги ва янги аниқланган ҳолати ҳамда улар орасидаги фарқлар қиёсий таҳлил асосида тақдим этилган[1]:

 

 

т/р

Маълумотлар ва фактлар

2019 йил

9 майгача бўлган рақамлар

2020 йил

9 майгача аниқланган рақамлар

Ўртадаги фарқ

1.              

Ўзбекистондан урушда иштирок этганлар

 1 433 230 нафар

1 950 700 нафар

517 430 нафар кўп

2.              

Урушдан қайтганлар

658 780 нафар

1 054 298 нафар

395 518 нафар кўп

3.              

Яраланган ўзбекистонликлар

640 000 нафар

870 942 нафар

230 942 нафар кўп

4.              

Ҳалок бўлган ўзбекистонликлар

395 725 нафар

538 366 нафар

142 641 нафар кўп

5.              

Бедарак йўқолганлар

263 055 нафар

158 036 нафар

105 019 нафар кўп

6.              

Ўзбекистонга эвакуация қилинган одамлар сони

1 000 000 нафар

1 500 000 нафар

500 000 нафар кўп

7.              

Ўзбекистонга эвакуация қилинган болалар сони

200 000 нафар

250 000 нафар

50 000 нафар кўп

 

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон аҳолиси 6 миллион 551 минг кишини ташкил этган. Янгиланган маълумотларга кўра, 1 миллион 951 мингга яқин киши урушда иштирок этган. Бундан хулоса қилиш мумкинки, ўша даврда Ўзбекистон аҳолисининг деярли учдан бир қисми урушда қатнашган. Аммо, 2020 йил 9 майгача эса биз уларнинг сонини 1 миллион 500 мингга яқин деб билардик.

Ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушида фашистлар устидан қозонилган буюк Ғалабага қўшган ҳиссаси ғоят беқиёс. Уруш бошлангандан кейин ҳар куни кўнгилли инсонлардан фронтга жўнатишни сўраб кўплаб аризалар келиб тушган. Дастлабки кунларнинг ўзидаёқ уларнинг сони 14 мингдан ортиқни ташкил этган.

Уруш йиллари Ўзбекистонда 300 га яқин корхонада ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Бундан ташқари, фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга 151 та завод кўчириб келтирилган. Саноат-ишлаб чиқариш соҳалари тўлиқ уруш мақсадларига мувофиқлаштирилган.

Уруш йилларида Ўзбекистон саноати томонидан фронтга етказиб берилган ҳарбий маҳсулотлар миқдори ҳам ҳайратланарли:          

  • Самолёт – 2 403 та (илгари 2 100 та)
  • Авиамотор – 19 800 та (илгари 17 342 та)
  • Миномёт – 18 641 та (илгари 17 100 та)
  • Мина – 22 800 000 та (илгари 22 000 000 та)
  • Снаряд – 606 200 та (илгари 560 000 та)
  • Авиабомба – 718 798 та (илгари 2 000 000 дан ортиқ)
  • Парашют – 420 000 та (илгари 330 000 та)
  • Ҳарбий-санитария поезди – 100 та (илгари 18 та)
  • Ҳарбий кимёвий аппаратура – 60187 та (илгари 60 000 та)
  • Кабеллар – 220 000 км (илгари 100 000 км) [2].

Бу маълумотларда ҳам фронтга етказиб берилган ҳарбий техника миқдорининг деярли ҳар бир турида сонларнинг кўпайганлигини кўриш мумкин.

Фронт учун иссиқ кийимлар тўплаб топшириш ва уларни тайёрлаш жараёнлари ҳақидаги тарихий ҳужжатлар уруш йиллари Ўзбекистон армияга, жумладан, 7518,8 мингдан ортиқ гимнастёрка, 2636,7 мингдан зиёд пахтали нимча, 2861,5 минг жуфтдан ортиқ этик ва қўнжли ботинкаларни юборганидан дарак беради.

Уруш йиллари Ўзбекистон фронт учун барча зарур маҳсулотларни жўнатиб турган. Тарихий манбаларга кўра, фронтга 18 миллион 276 минг тоннадан зиёд озиқ-овқат маҳсулотлари ва 65 миллион 178 минг донадан ортиқ кийим-кечаклар юборилган[3].

Маҳсулотларнинг барчаси оддий меҳнат қуроллари орқали аёллар ва қариялар томонидан, бироқ жанговар руҳ ва матонат билан тайёрланган. Шу маънода, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Эл-юртимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва қаҳрамонлиги биз учун улкан жасорат мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб, вақт ўтгани сайин бу ўлмас қадриятларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда”[4].

Бундан ташқари, уруш майдонлари ва унга яқин ҳудудлардан мажбурий тарзда кўчириб келтирилган чеченлар, корейслар, қирим татарлари ва месхети турклари каби халқларнинг меҳмондўст ўзбек халқи томонидан бағрикенглик билан кутиб олингани таҳсинга сазовор.

Уруш йилларида Ўзбекистонга эвакуация қилинган болалар сони умумий ҳисобда 250 минг нафарни ташкил этади. Юзлаб ўзбек оилалари уруш туфайли ота-онасидан эрта ажралиб қолган бу болаларга бағрини очди. Бу ўринда турли миллатга мансуб 14 нафар болани ўз бағрига олган тошкентлик темирчи уста Шоаҳмад Шомаҳмудов ва Баҳри Акрамова оиласи аллақачон болажон халқимиз тимсолига айланиб бўлганини эътироф этиш лозим.

Ўзаро меҳр-мурувват ва бағрикенглик, аҳиллик ва ҳурмат-эътибор башар аҳлининг ҳамжиҳатлик билан тинч ҳаёт кечиришида катта роль ўйнайдиган инсоний фазилатлардир. Сабр-тоқат ва мулоҳазакорлик, кенглик ва вазминлик билан фикр юритиб, оқилона қарорлар қабул қилиш ҳамда эзгу ишларнинг бошини тутиш ҳар қандай хавфли низоларнинг ҳам олдини олади ва талафотларни имкон қадар камайтиради. Бинобарин, урушлардан ноҳақ азият чекадиган қурбонларнинг асосий қисмини оддий аҳоли қатламлари – бегуноҳ инсонлар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар ва болалар ташкил этиши олис тарихдан яхши маълум.

Шунинг учун бу йил ҳам 9 май – Хотира ва қадрлаш куни юртимизда кенг нишонланмоқда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари рағбатлантирилмоқда. Уларнинг саломатлиги ҳамиша эътибор марказида турибди.

Тошкент шаҳрида барпо этилган Ғалаба боғи ва жойлардаги барча хотира мажмуалари ҳар доим, айниқса, байрам кунларида ёшу кексалар билан гавжум. Зеро, бу мўътабар масканлар, бир томондан, халқимизнинг 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида эришилган буюк ғалабага қўшган муносиб ҳиссасини, урушдаги йўқотишлари ва тинчлик учун курашини ифодаласа, иккинчи томондан, фашизмга қарши жангларда қатнашган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, ёш авлодни мардлик, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсади йўлида хизмат қилади.

 

Оғабек АБДУРАСУЛОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг биринчи тоифали иш юритувчиси

 

 

[1] А. Х. Саидов “Ғалаба боғи фалсафаси”. – Тошкент. “ТАСВИР” нашриёт уйи, 2021. 35-бет

[2] А. Х. Саидов “Ғалаба боғи фалсафаси”. – Тошкент. “ТАСВИР” нашриёт уйи, 2021. – 37-бет

[3] Ўша манба. – 195-бет

[4] Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech