Қийноқларнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқлари: шу мавзудаги ўқув курси якунланди

30 апрель – 3 май кунлари Тошкент вилоятида “Нельсон Мандела қоидалари” халқаро ўқув дастури билан танишиш бўйича ўқув қўлланмаси асосида қийноқларнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш” мавзусида мутахассисларни тайёрлаш бўйича тўрт кунлик ўқув курси ўтказилди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Машғулотлар 2023-2024 йилларга мўлжалланган ЕХҲТ лойиҳаларини Ўзбекистонда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” доирасида бўлиб ўтди. Бунда Жазони ижро этиш департаменти тизимидаги жазони ижро этиш муассасалари вакилларини қийноқларнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш бўйича халқаро стандартлар билан таништиришга эътибор қаратилди.

Шунингдек, Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари ва ушбу қоидаларга киритилган ўзгартиришларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти юзасидан тингловчиларга атрофлича тушунча берилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЕХҲТ ДИИҲБнинг Инсон ҳуқуқлари бўлими бошлиғи Андреа Хубер (онлайн), ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Антти Карттунен, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти директори Мурод Турғунов ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти подполковниги Бурхонхўжа Акромов тадбирни очиб берди.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси томонидан тренингга жалб қилинган инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар Азамат Шамбилов ва Аннет Варман тадбир иштирокчиларига бу борадаги илғор тажриба ва кўникмалар бўйича фойдали ҳамда қизиқарли маълумотларни тақдим этди.

Экспертлар жазони ижро этиш муассасалари ходимлари қай тартибда ўқитилиши, бунда қандай тизимлар жорий этилгани, маҳбуслар билан ўзаро муносабат масалаларига тўхталди. Швеция, Испания каби давлатларнинг тажрибаси мисолида қамоқхоналарда юзага келадиган вазиятларга баҳо бериш, ходимлар ва маҳбусларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини ўрганиш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Ўқув курси доирасида 8 та модул бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.

Машғулотларнинг илк куни биринчи модулда Нельсон Мандела қоидаларини ўрганиш мақсадлари ҳақида сўз борди. Иккинчи модулда маҳбуслар ҳолати ва қамоқхона шароитлари мавзуларида фикр алмашилди.

Иккинчи кунда экспертлар учинчи ва тўртинчи модул юзасидан машғулотлар ўтказди. Бунда қамоқхоналарни ташкиллаштириш ва бошқариш, шунингдек, маҳбусларнинг ахборот олиш, ариза ва шикоятлар бериш, ташқи дунё билан алоқа қилиш кафолатлари борасида маълумотлар берилди.

Эксперт Аннет Варман маҳбусларни қабул қилиш жараёнлари, таснифлаш, хатарларни ва эҳтиёжларни баҳолаш, маҳкумларни тақсимлаш ва тоифаларга бўлиш, кўчириш тартиби ва уларнинг шахсий ишини юритиш каби мавзулар юзасидан Швеция тажрибаси билан ўртоқлашди.

Эксперт Азамат Шамбилов маҳбусларга ахборот тақдим этиш, ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилиш тартиби ҳамда маҳбусларнинг ташқи дунё билан алоқа қилиши борасида тўхталди. У ўз тажрибаси негизида айни мавзуда амалий машғулот ҳам ўтказди.

Учинчи кун бешинчи ва олтинчи модул бўйича машғулотларга бағишланди. Қамоқхоналарда нохуш ҳолатларнинг олдини олиш ва таъсир чораларини кўриш мақсадида тинтув ўтказиш, куч, қурол ва тинчлантирувчи воситаларни ишлатиш, шунингдек, тергов борасида фикр-мулоҳазалар алмашинуви бўлиб ўтди. Бу жараёнлар боғлиқ чекловлар, интизом ва жазо чоралари қандай қўлланилиши ҳақида тушунчалар берилди.

Машғулотларнинг сўнгги кунида еттинчи ва саккизинчи модул доирасидаги мавзулар кўриб чиқилди. Қамоқхоналарда тиббий-санитария таъминоти, руҳий саломатлик муаммолари, маҳкумларни реабилитация қилиш ва озодликка тайёрлаш каби муаммолар ўрганилди.

Тўрт кунлик тренинг давомида тегишли ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, маҳкумларни қийноқлар ва шафқатсиз муомаладан ҳимоя қилиш юзасидан жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг билимини ошириш ва кўникмаларини шакллантириш масаласи алоҳида диққат марказида бўлди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech