Хотира ва қадр, эъзоз ва рағбат айёми

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

 

“Ҳаёт қонуниятига кўра, вақт ўтиши билан кўп нарса унутилади, эсдан чиқади. Лекин бу ёруғ дунёда улуғ бир ҳақиқат борки, у ҳеч қачон ўзгармайди, ҳеч қачон эскирмайди. Яъни, Ватан ва халқ озодлиги, келгуси авлодларнинг бахту саодати йўлида мардлик ва жасорат кўрсатган инсонлар хотираси ҳамиша барҳаёт яшайди”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йилда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони давлатимиз раҳбари бундан бир неча йил илгари айтган ана шу фикрларининг амалдаги яна бир тасдиғи бўлди.

Фармонга мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 20 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти белгиланди. Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан ушбу пул мукофотлари бугун ҳам сафимизда туриб, Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларимизга тантанали вазиятда ва байрамона руҳда топширилмоқда.

Айни шу воқелик мисолида давлатимиз сиёсати, жамиятимиз кайфияти, халқимиз тийнатига хос инсонпарварлик руҳи яна бир бор баралла намоён бўлди. Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, Истиқлол йилларида юртимизда инсон ҳаёти, эрки ва шаъни, қадри ва хотираси, жасорати ва матонатини эъзозлаш борасида амалга оширилган хайрли ишлар халқимиз таҳсини ҳамда эҳтиромига сазовор бўлаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Бундан бир йил олдин, 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган референдумда халқимизнинг янги таҳрирдаги Конституция учун овоз бериши билан якунига етган конституциявий ислоҳотлар аввалида Ўзбекистон Президенти шундай деб таъкидлади: “Инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт”. Бинобарин,  янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 26-моддасида “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир” деган инсонпарвар норма мустаҳкамлангани бежиз эмас.

Инсон шаъни – инсоннинг бошқа одамлар олдида ўз аҳамиятини англаши, таъбир жоиз бўлса, инсоннинг маънавий обрўси. Инсон қадр-қиммати эса шахснинг ўзини ўзи ҳурмат қилиши, жамият аъзоси сифатида ўз мавқеи ва аҳамиятини англаши, деганидир.

Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида нишонланиши замирида ҳам “Инсон қадри учун” шиори негизида кишиларни эзгуликка ундаш фалсафаси мужассам. Хотира деганда, аввало, биз бу фоний дунёдан ўтган аждодларимизни эслаш, уларнинг чироғини ёқиб, эзгу ишларини давом эттиришни тушунамиз. Қадрлаш дегани – асрлар давомида она диёримизни, халқимизнинг озодлик ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ва шижоат билан ҳимоя қилган фидойи ватандошларимизга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш демакдир.

Ҳақиқатан ҳам, инсон хотиралар билан яшайди. Кечаги куннинг машаққатларини эслаб, оғир дамларни бугунги фараҳбахш ҳаёт билан муқояса қилсак, ҳар биримиз эзгулик, яхшиликни улуғлаб яшашга кўпроқ интилишимиз табиий.

Тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик – энг улуғ неъмат. Ўз навбатида, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланиб келаётгани – инсон зотига, унинг муқаддас ёди, умри давомида бажарган эзгу амалларига бўлган чексиз эҳтиром рамзидир. Иккинчи жаҳон  урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан пойтахтимизнинг Олмазор туманида барпо этилган “Ғалаба  боғи”  ёдгорлик мажмуаси  бу ҳақиқатни бизга  ёрқин эслатиб турибди.

Шу кунларда кенг жамоатчилик вакиллари уруш фахрийларининг хонадонларига бориб, аҳволидан хабар олмоқда, уларга юксак ҳурмат-эътибор кўрсатмоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларида бугунги тинч-осойишта кунлар учун қаҳрамонлик кўрсатган юртдошларимиз моддий-маънавий қўллаб-қувватланмоқда.

Тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, ҳарбий қисмлар раҳбарлари иштирокида уруш ва меҳнат фахрийлари, уларнинг оила аъзоларини қутлаш, табрик ва совғалар топширишга бағишланган маросимлар тантанали вазиятда ўтказилмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатадиган, уларни парвариш қилиш билан шуғулланадиган патронаж хизмати йўлга қўйилди. Фахрийларимиз ўз хоҳиш-истаклари асосида санаторийларда даволанмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, мамлакатимизда кексаларни эъзозлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу фикримизни пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, кекса ёшдаги инсонларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар яққол тасдиқлайди.

Айни чоғда юртимиз ҳудудларида, турли ташкилот, муассаса ва корхоналарда Иккинчи жаҳон уруши, фронт орти меҳнат фахрийлари, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар кўрсатган жасорат ва мардлигини ёшлар ўртасида тушунтириш мақсадида турли маданий-маърифий тадбирлар, фахрийлар билан учрашувлар ўтказилмоқда. Зеро, бу мўътабар отахону онахонларимизнинг ҳаёти, фашизм устидан қозонилган ғалаба йўлида кўрсатган жасорат ва матонати бугунги авлод учун ибрат мактабидир. 

Шу улуғ айём кунида ҳаммамиз энг аввало уруш майдонларидан қайтмаган минг-минглаб юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтирамиз. Айни вақтда жанг майдонларида мардлик ва жасорат кўрсатган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, бугун орамизда соғ-саломат юрган муҳтарам фахрийларимизга таъзим қиламиз. Ҳозирги тинч-осойишта ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун уларга чексиз миннатдорлик билдирамиз.

Халқимиз фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, фашизм устидан ғалаба қозонишга улкан ҳисса қўшди. Ўзбекистон мудофаанинг моддий эҳтиёжини таъминлаш учун нимаики зарур бўлса, барини аямай сарфлади.

Ўзбекистондан 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилган. Демак, ҳар уч нафар ўзбекистонликдан биттаси қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жанг қилган. Ўзбекистон халқи фашистлар босқинини ўз юрти ва жонажон ерига қилинган мудҳиш тажовуз деб тушунган.

Юртимиз уруш майдонларига катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, ёқилғи, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат, ғалла ва дон маҳсулотлари, гўшт етказиб беришда олдинги сафларда бўлди. Ўзбекистонга уруш бўлаётган жойлардан кўчириб келтирилган юздан ортиқ завод ва турли саноат корхоналари ниҳоятда қисқа муддатда ишга туширилиб, тўла қувват билан маҳсулот бера бошлаган. Бу корхоналарда ишлашга жалб этилган кексалар, аёллар, ўсмир болалар туну кун машаққатли меҳнат қилгани – ҳақиқий фидойилик, қаҳрамонлик намунасидир.

Ўзбекистон томонидан кўрсатилган ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдамнинг миқёси улкан ва аҳамияти беқиёсдир. Биргина мисол: юртимизга 1,5 миллион нафардан ортиқ киши эвакуация қилинган бўлиб, шунинг 300 минг нафарини болалар ташкил этган. Бу – фақат эвакуация манзилларида рўйхатга олинганларнинг ҳисоби, холос.

Бундай рўйхатларга кирмай қолган бўлса ҳам, юртимиздан бошпана топган, халқимиздан меҳр-оқибат кўрган инсонларнинг сони  беҳисобдир. Уларнинг барчаси учун Ўзбекистон иккинчи Ватанга айланган.

Бунга Иккинчи жаҳон уруши даврида турли миллатга мансуб 16 нафар қаровсиз ва етим болани фарзандликка олиб, таълим-тарбия берган тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласининг қаҳрамонлиги яққол мисолдир. Бу ҳақиқатни ўша даврда каттақўрғонлик Самадовлар оиласи ҳам худди шундай инсонпарварликнинг юксак намунасини кўрсатгани, яъни уруш туфайли бошпанасиз қолган 13 нафар етим болани фарзандликка олгани очиқ-ойдин тасдиқлайди.

Ҳа, ўша даҳшатли урушда қанчадан-қанча юртдошларимиз ғалаба қозонишда ана шундай мардлик ва матонат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик фазилатларини кўрсатган. Минглаб ота-боболаримиз бу йўлда ўз жонини фидо қилган. Уларнинг қаҳрамонлиги қалбларимизга фахр туйғусини бағишлайди.

Бугун ўша инсонларнинг фидойилиги туфайли мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда, ҳаётимиз фаровон. Жанг майдонларида жон берган, урушдан қайтмаган ватандошларимизни эслаш, бугун орамизда соғ-саломат ҳаёт кечираётган нуроний отахон ва онахонларимизга ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда кексаларимизни эъзозлаш бизнинг муқаддас бурчимиздир.

Хотира ва Қадрлаш тушунчалари тобора теран аҳамият касб этаётганининг яна бир сабаби шундаки, инсонга меҳр кўрсатиш, уни улуғлаш, қадрлаш ва эъзозлашга қаратилган ушбу аъмоллар бизни глобаллашаётган ва тез ўзгариб бораётган мураккаб даврнинг турли таҳдидларига нисбатан сезгир ва ҳушёр бўлишга, кечаги кун жароҳатларидан сабоқ чиқаришга ундайди. Бу борада, айниқса, буюк келажак эгалари – навқирон авлод зиммасидаги масъулият ғоят каттадир.

Юртимизда тинчлик ва осойишталик баробарида, инсон хотираси ва қадри, жасорати ҳамда матонатининг шундай юксак даражада улуғланаётгани фарзандларимиз учун тенгсиз сабоқ ва муносиб ибрат. Бинобарин, инсон, халқ, миллат – тарихий хотира билан тирик, барҳаёт. Айниқса, ўтганларнинг хайрли ишларини ёдга олиш, кексаларимизни қадрлаш ва эъзозлаш биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Энг муҳими, халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгу шуурида ўтганларни ёд этиш, тирикларни қадрлашдек инсоний фазилатлар тобора мустаҳкам қарор топмоқда. Тарихдан сабоқ чиқариб, ўтмишда йўл қўйилган хатоларни такрорламай, миллий ўзликни англаган ҳолда, музаффар аждодларнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган авлоди эканимизни англаб яшаяпмиз.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ҳеч шубҳасиз,  ёш авлодни юксак инсонпарварлик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Шу нуқтаи назардан, бу ёруғ ва дориламон кунлар йўлида қурбон бўлганлар руҳини шод этиш, мўътабар кексаларимиз дуосини олиш, тинч ҳамда осойишта замоннинг қадрига етиш, шукроналик туйғуларини ҳис этиш бизга катта қувват бағишлайди, руҳиятимизни поклаб, янгидан-янги бунёдкорлик ишларига чорлайди.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда қарияларга ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш, уларни ҳамиша эъзозлаш азалий қадрият саналади. Ёши улуғ отахон-у онахонларимизнинг берган доно панд-насиҳатлари, файзли дуолари бизни ҳамиша яхшиликка ундайди. Кейинги йилларда бу эзгу қадрият изчил ривожланиб, фахрийларимизни ёшларга тўғоноқ эмас – суянчиқ, рақиб эмас – устоз, бефарқ эмас – ҳамдард деб билиш миллий тафаккур тарзимизда янада сайқал топди.

Донишманд халқимиз: “Инсон – ғанимат”, дейди. Дарҳақиқат, биз учун ота-боболаримиз, фахрийларимизнинг ҳаёти ҳам ғанимат. Қариялар қадр топган юртда меҳр-оқибат, қут-барака, тинчлик-хотиржамлик доим барқарор бўлади.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech