Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи халқаро ҳамжамият учун ҳамиша долзарб ва муҳим бўлиб келган. БМТ Бош ассамблеяси бу борада 1959 йил 20 ноябрда Бола ҳуқуқлари декларациясини, 1989 йил айнан шу кунда эса Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни қабул қилгани ҳам буни яққол тасдиқлаб турибди.
Дунёнинг барча мамлакатларида болаларга алоҳида эътибор қаратиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Шу маънода, болаларга ғамхўрлик қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш –болалар келажаги учун қўйилган мустаҳкам пойдевор ҳисобланади.
Аҳолисининг 40 фоизини болалар ташкил этган Ўзбекистон учун бола ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш, айниқса, устувор аҳамиятга эга. Мустақилликка эришганидан сўнг, 1992 йил 9 декабрда мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро конвенциялар ичида биринчи навбатда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилгани бежиз эмас.
Юртимизда болалар ҳуқуқларини таъминлашга доир 40 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилинган. Мазкур норматив-ҳуқуқий асос “Боланинг энг яхши манфаатлари” принципини ҳаётга жорий қилишга қаратилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон болалар манфаатларига қаратилган давлат сиёсатини амалга оширар экан, “ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди” деган тамойилга амал қилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Инсон қадри учун” ғояси ҳамда “Ҳеч кимни орқада қолдирмаслик” тамойилига мувофиқ ўтказилган конституциявий ислоҳотлар доирасида мамлакатимиз Асосий қонунига боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги илғор нормалар киритилди. Миллий қонунчилик бола ҳуқуқларига доир халқаро стандартларга тўла-тўкис мувофиқлаштирилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш бўйича кафолатлар кучайтирилди. Бу борада давлатнинг мажбуриятлари кенгайтирилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида бола ҳуқуқ ва манфаатларини янада такомиллаштиришга оид ўндан ортиқ чора-тадбирни амалга ошириш кўзда тутилган.
Ёш авлоднинг баркамол ва етук шахслар бўлиб шаклланишида таълим ва тарбиянинг, оила ҳамда катта авлод вакилларнинг ўрни муҳим. Инсон ҳуқуқлари, хусусан, хотин-қизлар ҳамда бола ҳуқуқлари маданиятини таълим ва тарбия жараёнида шакллантириш мақсадида Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон дастурида фаол иштирок этмоқда.
Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури тасдиқланди. Дастур доирасида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” ўқув ва махсус курслари жорий қилинмоқда. Имконияти чекланган шахслар, аёллар, болалар ва мигрантлар ҳуқуқлари бўйича ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон ўзининг халқаро мажбуриятларига, жумладан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ қабул қилган мажбуриятларига содиқдир. Мазкур сиёсатни такомиллаштиришда БМТ шартномавий органлари, ЮНИСЕФ ва халқаро экспертларнинг тавсияларига катта эътибор қаратилмоқда.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларига асосан, Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига мазкур Конвенциянинг бажарилиши тўғрисида доимий равишда ҳисоботлар ҳам тақдим этиб бормоқда. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон томонидан шу мазмундаги 5 та даврий маъруза тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан 2024 йил 21 февралда “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг Бешинчи даврий маърузаси юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалиётга татбиқ этиш тўғрисида”ги қўшма қарор қабул қилинди. Мазкур қўшма қарор ижрога қаратилиб, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсиялари амалиётга изчил татбиқ этилмоқда.
Маълумки, 2024 йилда халқаро ҳамжамият томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганлигининг 35 йиллиги кенг нишонланади. Шу мақсадда халқаро, минтақавий ва миллий тадбирлар ўтказиш, инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-маърифий ҳамда таълим-тарбиявий ишларни такомиллаштириш, аҳоли, ёшлар ва болалар учун дарслик, қўлланма ва бошқа адабиётларни тайёрлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 35 йиллигини нишонлашга бағишланган тадбирлар дастурларини қабул қилди ва амалга оширмоқда. Бундан мақсад мамлакатимизда давом эттирилаётган бола ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини янада оширишдир.
Бундан ташқари, 2024 йил 29 февралда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонунга кўра, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил мансабдор шахс бўлиб, у давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширади.
Болаларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди маълумотига кўра, 2022 йилда мамлакатимизда 500 нафарга яқин шахс вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жазога тортилган.
Бу каби муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, қонунчиликни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2023 йил 11 апрель куни “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Мазкур қонунга асосан вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари татбиқ этилмаслиги белгиланди. Яъни, бундай жиноятлар учун жазо чоралари янада оғирлаштирилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бола ҳуқуқларини таъминлашда халқаро стандартлар ва миллий механизмларнинг ўрни муҳим аҳамият касб этади. БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси каби халқаро стандартлар мамлакатларга улар ўзларининг миллий қонунлари ва сиёсатларида қўллаши керак бўлган умумий тамойиллар ва нормаларни тақдим этади.
Хулоса қилиб айтганда, болалар ҳуқуқларини кафолатлаш ва уларни халқаро стандартлар ва миллий механизмлар орқали амалга ошириш ҳар бир боланинг адолатли ва манфаатли ривожланишини таъминлашнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Шунинг учун бола ҳуқуқлари том маънода ҳимоя этиладиган ва ҳурмат қилинадиган мақбул муҳитни яратиш учун фақат давлат ташкилотларининг бу борадаги фаолияти билан чекланиб қолмасдан, жамиятимизнинг ҳам барча қатламларида доимий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш тақозо этилади.
Ҳусниддин ХОЛМАМАТОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таҳлил ва тадқиқотлар бўлими
бош мутахассиси
- Қўшилди: 08.05.2024
- Кўришлар: 1696
- Чоп этиш