Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида шу мавзудаги ўқув курси бошланди. Тўрт кунлик машғулотлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси 45 йиллиги, Қийноқларга қарши конвенцияси 40 йиллиги ҳамда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси 35 йиллигига бағишланган.
Ушбу муҳим тадбир Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури асосида ўтказилмоқда. Бундан мақсад БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга оширишга ҳисса қўшишдир.
Машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг видеомурожаати билан бошланди.
Мазкур тадбир мамлакатда инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш ва мустаҳкамлаш воситаси, шунингдек, соҳада миллий таълим дастурини амалга оширишдаги муҳим қадамлардан бири экани таъкидланди. Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига тўлақонли мувофиқ ҳолда тўлдирилгани, унда инсон ҳуқуқлари ҳимояси юксак даражада мустаҳкамлангани алоҳида қайд этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни чуқур англаш ва амалда татбиқ этишнинг аҳамиятига жиддий эътибор қаратилди. Айниқса, Янги Ўзбекистонда аёллар, болалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва мигрантларнинг шароитларини яхшилаш ҳамда ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари устувор аҳамият касб этмоқда.
Ўқув машғулотларининг биринчи кунида тингловчилар Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Абдуманноп Тўлаганов ва Тошкент давлат юридик университети “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” кафедраси профессори Говхержан Юлдашева маърузаларини тинглади. Маърузачилар инсон ҳуқуқларининг муҳим жиҳатлари ва Ўзбекистон Республикасининг бу борадаги халқаро мажбуриятлари ҳақида атрофлича тўхталди.
Мустақил амалий машғулот ҳам ўтказилди. Бунда Миллий марказ мутахассислари томонидан Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформадаги ўқув курслари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.
Ўқув дастури тингловчилари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришда фаол иштирок этаётган давлат органлари ва ташкилотлар мутахассислари ҳисобланади. Машғулотларда 20 дан ортиқ вазирлик ва идора ходимлари қатнашмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 14.05.2024
- Кўришлар: 1496
- Чоп этиш