Конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва ривожланиш истиқболлари

13 май куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия  университетида Ўзбекистон Экологик партияси аъзолари учун уч кунлик  ўқув-семинар бошланди. Тадбир Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамияти, сиёсий партияларнинг дастурий ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, партияларнинг сайлов кампанияларидаги роли каби долзарб ҳамда қамровдор мавзуларга бағишланган.

Дастлабки кун машғулотларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди. Таниқли ҳуқуқшунос олим ўқув дастури асосида “Конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида маъруза  қилди.

Академик А.Саидов қайд этганидек, жамият тарихий ривожланишининг турли босқичларида бирдек хизмат қиладиган конституциявий матнни абадий яратиб қўйишнинг иложи йўқ. Бинобарин, ХХ асрнинг охирги ўн йиллиги ва XXI асрнинг дастлабки йигирма йиллиги дунё ҳуқуқий тарихига жаҳон ҳамжамияти аъзоларининг конституциявий тузумида конституциявий ислоҳотларнинг янги сифат босқичига чиқиши, жаҳон конституциявий дунёқарашида сифат жиҳатидан чуқур ўзгаришлар даври бўлиб кирди.

Сўнгги 30 йил ичида дунёнинг 100 дан ортиқ  мамлакатида конституциявий ислоҳотлар ўтказилди, 57 давлатда янги Конституция қабул қилинди. Замонавий глобаллашув шароитида ҳар бир давлат жадал тарзда конституциявий ривожланишнинг ўз моделини, йўлини изламоқда.

Ўзбекистон конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда катта тажрибага эга. Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш доирасида Конституциянинг 21 моддасига 32 та ўзгартириш ва қўшимча киритилди.

Бу ўринда, айниқса, 2021 йилги Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнида барча номзодларнинг электорат вакиллари билан учрашувлари чоғида ҳаётий талабдан келиб чиққан ва мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлган муҳим таклиф – конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш ташаббуси илгари сурилгани ҳақида сўз юритиш мақсадга мувофиқ. Ушбу ташаббус айнан сайловчилар – мамлакат аҳолисининг турли қатламлари вакиллари томонидан кўтарилди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатлами конституциявий ислоҳотларнинг асосий ташаббускори бўлиб майдонга чиққан бўлса, Юртбошимиз конституциявий ислоҳотларнинг бош ғоявий илҳомлантирувчисига айланди. Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 1 май куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси референдуми якуний натижаларига бағишланган мажлиси ва шу мавзудаги брифингда  қайд этилганидек, референдумда сайловчилар ягона электрон рўйхатига 19 миллион 722 минг 809 нафар овоз берувчи фуқаролар киритилган. Референдумга қўйилган масала, яъни  янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиш бўйича “ҳа” деб жавоб берганлар сони 15 миллион 34 минг 608 нафарни ташкил этган.

Қонунни қабул қилиш – ишнинг ярми, унинг ижросини ташкил этиш ва таъминлаш қолган ярмидир, дейдилар. Бу нақл Конституцияга ҳам тааллуқли. Шу маънода, “Ўзбекистон–2030” стратегияси ва Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 8 майда қабул қилинган “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида янги таҳрирдаги Конституцияни ҳаётга сўзсиз ва тўлиқ татбиқ этиш ишлари бошланди.

Бундан ташқари, Президентимиз 2024 йил 2 февралда “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Фармонга мувофиқ, янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тасдиқланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделини тўлиқ амалга оширишга киришилди.

Глобаллашув, рақамлаштириш, иқлим ўзгариши даври ва жадаллик билан ўзгариб бораётган ҳаётий воқелик мамлакатни янада модернизация қилиш, тинчлик, барқарорлик ва миллий мустақилликни мустаҳкамлаш бўйича ўта муҳим ва долзарб бўлган янги, кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни қўймоқда. Шу тариқа, Ўзбекистоннинг конституциявий тараққиёти умумжаҳон конституциявий ислоҳотлари йўлидан кетмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech