Хотин-қизларнинг ролини кучайтириш тенглик тамойилини ҳаётга татбиқ этишнинг муҳим омили

Ўзбекистон БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини амалга оширишда улкан ижобий тажрибага эга. Мамлакатимизда гендер сиёсатини амалга ошириш борасида ҳам муваффақиятларга эришилмоқда.

Бу Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган “Аёллар етакчилигини рағбатлантириш” мавзусида ташкил этилган семинар-тренингда қайд этилди.  

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Олий суд, Бош прокуратура, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия, Божхона қўмитаси вакиллари иштирок этмоқда.    

Миллий марказ директори Акмал Саидов ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида хотин-қизларнинг ўрни ва ролини кучайтириш давлатнинг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор ҳисобланувчи тенглик ва адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этишнинг асосий омилларидан эканини таъкидлади. 

Ўзбекистонда турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида 2 минг нафарга яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Бу рақам умумий кўрсаткичнинг қарийб 37 фоизини ташкил этади.  

Бундай ютуқларга Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қабул қилинган хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган тизимли қонунчилик ташаббуслари туфайли эришилмоқда.  

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг халқаро маслаҳатчиси Эндрю Юковский БМТ Хавфсизлик кенгаши 2000 йилда аёллар, тинчлик ва хавфсизлик бўйича ўзининг биринчи тарихий резолюциясини қабул қилганини қайд этди.  

БМТ Хавфсизлик кенгашининг мазкур ҳужжати ўзига хос амалий восита ва андоза ҳисобланади. Чунки бу билан тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ҳамда мустаҳкамлашда аёлларнинг тўлақонли иштироки муҳимлиги жаҳон ҳамжамияти даражасида илк марта эътироф этилди.  

Ўз навбатида, халқаро эксперт Елена Молл “Аёллар етакчилигини рағбатлантириш” ташаббусининг стратегик аҳамиятига эътиборни қаратди. Унинг фикрича, мазкур тренинг нафақат иштирокчилар малакасини оширишга хизмат қилади, балки кўп тармоқли билим ва тажриба алмашиш, шунингдек, турли соҳаларнинг етакчи аёллари ўртасида илғор амалиётлар шаклланиши учун ўзига хос платформа вазифасини ўтайди.  

Тадбир доирасида аёллар етакчилигини тарғиб қилиш бўйича халқаро ва миллий экспертлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашмоқда. Улар дунёнинг турли минтақаларида етакчилик ролларини эгаллашда аёллар дуч келадиган асосий муаммо ва қийинчиликларни таҳлил этган ҳолда, бу борадаги энг мақбул ечимларни илгари сурмоқда.    

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech