Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида Президент мактаби очилганига салкам уч йил бўлди. Бу ерда таълим жараёни табиий фанлар, технологиялар, техник ижодкорлик, санъат, математика соҳаларини чуқур ихтисослашган ҳолда ўқитишга асосланган бўлиб, машғулотлар халқаро “STEAM — таълим” дастури асосида олиб борилмоқда.
13 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов билан Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори Қ.Абдураҳмонов ушбу мактабга ташриф буюришди. Бу ерда Президент мактаби ўқитувчилари ва ўқувчилари билан қизиқарли учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат асносида Шарқнинг бутун инсоният тарихидаги нодир ижтимоий ҳодиса бўлган ҳар икки Ренессанси буюк аждодларимизнинг илм-маърифат ва кучли эътиқод, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик борасидаги эзгу ғоялари билан йўғрилганлиги қайд этилди. Бу ғоялар бизнинг давримизда, Ўзбекистон мустақиллиги йилларида алоҳида, янада теран маъно-мазмун касб этиб бормоқда.
Ўзбекистон Фанлар академияси академиклари Акмал Саидов ва Қаландар Абдураҳмонов эътироф этганларидек, айниқса, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари самараси сифатида юзага чиқаётган маънавий-маърифий юксалишлар халқимиз бунёд этишга киришган Учинчи Ренессанс учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Чунки ҳар қандай Ренессанснинг муҳим асосини айнан маънавий-маърифий уйғониш ташкил этади.
Мулоқот якунида таниқли академиклар Президент мактаби кутубхонаси учун ўзлари муаллифлигидаги илмий ва бадиий китобларни ҳадя қилишди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.05.2024
- Кўришлар: 1524
- Чоп этиш