15 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Малайзия комиссияси комиссари Нур Азиа Моҳд Авал ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Профессор Нур Азиа Моҳд Авал куни кеча, яъни 2024 йил 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё аёллари форумида иштирок этгани ҳақида сўз юритиб, ушбу нуфузли халқаро анжумандан олган таассуротларига тўхталди. Мўътабар меҳмон мазкур Форумга «Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув» деган мавзу бежиз танланмаганига урғу берар экан, айни масалалар бугунги кунда Осиё қитъасининг барча ҳудудлари учун бирдек долзарб эканлигини таъкидлади.
Малайзиялик экспертнинг фикрича, Самарқанд форуми аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш масалаларига оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик жиддий эътибор қаратиши учун муҳим туртки бўлди. У Ўзбекистоннинг ана шу ўта муҳим мавзуларда очиқ мунозаралар ташкил этиш борасидаги ташаббусини юқори баҳолади.
Нур Азиа Моҳд Авал Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги тарихий ва маданий алоқаларни ривожлантириш, хусусан, атоқли алломалар Муҳаммад ибн Исо Термизий ва Муҳаммад Бухорий меросини ўрганишнинг аҳамияти жуда муҳимлигини қайд этди. Шу маънода, Малайзия билан Имом Бухорий номидаги Ўзбекистон Ислом институти ўртасида яқинда имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битим бу борада биргаликда илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш учун хизмат қилади.
Учрашув доирасида, шунингдек, мажбурий меҳнат билан боғлиқ умумий муаммоларни муҳокама қилиш имкони туғилди. Иккала давлат ҳам мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик тамойилига содиқлиги, бу борадаги нормалар уларнинг Конституциялари ва қонунларида ўз аксини топгани эътироф этилди. Мулоқот давомида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилар экан, бу муаммоларнинг инсон ҳуқуқлари ва болалар ҳуқуқларига таъсирига алоҳида аҳамият қаратилди.
Профессор Нур Азиа Моҳд Авал 2024 йил 13-14 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида “Экологик таҳдидлар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажагини белгилаш ва барқарор ечимлар топиш” мавзусида ўтказиладиган форумда нутқ сўзлаш таклифига розилик билдирди. У бўлажак нутқида Малайзиянинг атроф-муҳитга оид муаммоларни ҳал қилиш ва уларнинг инсон ҳуқуқларига нисбатан салбий таъсирига барҳам бериш борасидаги илғор тажрибаси билан ўртоқлашади.
Учрашув Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, аёллар ҳуқуқлари, меҳнат ҳуқуқлари ва экологик барқарорликни таъминлаш масалаларини ҳал этиш борасида ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.05.2024
- Кўришлар: 1715
- Чоп этиш