Фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашда матбуотнинг ўрни

15 май куни Тошкент шаҳрида шу мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, шунингдек, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий бўлими ҳамда Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов анжуман иштирокчиларини қутлар экан, давра суҳбатининг мавзуси ниҳоятда муҳим ва долзарб эканига эътибор қаратди. Бинобарин, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашда оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг ўрни масаласи ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳаси, жумладан, барқарор ривожланиш ва табиат инъомларидан тежамкорлик билан фойдаланиш принципларини рағбатлантиришдан тортиб, бу борада жамоатчилик хабардорлигини ошириш ҳамда фуқаролик масъулияти маданиятини оширишгача бўлган мавзуларни ўзида қамрайди.

Кейинги ўн йилликларда барқарор тараққиёт ва экологик огоҳлик тушунчалари ниҳоят оммавий ахборот воситалари диққат марказидан муносиб ўрин эгаллади. Қолаверса, матбуот ва журналистлар томонидан атроф муҳит мусаффолигига инсон омилининг салбий таъсири изчил ёритила бошлангани туфайли кенг жамоатчиликнинг бу соҳага эътибори тобора кучайиб бормоқда.

Бугунги кунда глобал медиаканаллар ахборотларидан бутун дунё миқёсида қарийб 1,5 миллиард нафар инсон танишиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, аксарият замондошларимиз энг муҳим маълумотлардан айнан оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўлаётганини англатади.

Атроф-муҳитга тааллуқли масалалар юзасидан ахборот олиш, қарор қабул қилишда жамоатчилик иштироки ва одил судловдан фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияда (Орхусс конвенцияси, 1998 йил июнь) экологик муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида жамоатчиликни кенг ва мунтазам хабардор қилиб бориш зарурлиги белгиланган. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасида ҳам инсоннинг қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқи кафолатланган.

Давра суҳбати давомида миллий ва халқаро экспертларнинг мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалари тингланди. Тадбир қизғин баҳс-мунозаралар руҳида ўтди.

 

 Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech