Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция: минтақавий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

 14 май куни Oлмаота шаҳрида Марказий Осиё давлатларига хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартномани амалга оширишга ёрдам бериш минтақавий лойиҳаси доирасида якуний давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича субминтақавий миссияси томонидан ташкил этилди.

Халқаро давра суҳбатида мезбон мамлакат ҳисобланган Қозоғистон, шунингдек, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг тегишли давлат муассасалари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари, илмий ва академик доиралари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қатнашди. Мулоқотда Халқаро миграция ташкилотининг бош қароргоҳи, минтақавий офиси, Миграция маълумотларини таҳлил қилиш глобал маркази, ушбу халқаро ташкилотнинг Марказий Осиё мамлакатларидаги ваколатхоналари ходимлари ва экспертлари ҳам иштирок этди.

Даставвал Марказий Осиё давлатларига хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартномани амалга оширишга ёрдам бериш минтақавий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Ўз навбатида, миграция соҳасидаги минтақавий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Мунозараларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ходимларидан иборат мамлакатимиз делегацияси фаоллик кўрсатди. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходими С. Бозоров “Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида маъруза қилди.

Мамлакатимизда айни йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари ҳақида сўз юритилди. Миллий марказнинг бу борадаги ибратли фаолияти юзасидан тақдим этилган муҳим маълумотлар халқаро давра суҳбати иштирокчиларига манзур бўлди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech