Гендер тенглик: давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизларнинг роли

Гендер тенглик: давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизларнинг роли

(“Аёллар ҳуқуқлари” мавзусидаги дебат-клубнинг илк таассуротлари)

 

Ҳозирги ривожланаётган даврда ижтимоий адолатни амалга ошириш учун аёл ва эркакларнинг жамият ҳаётида тенглигини таъминлаш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Шу маънода, 3 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида инсон ҳуқуқларининг долзарб муаммолари бўйича бўлиб ўтган навбатдаги дебат-клубда Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси талабалари Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг талабалари билан қизғин мунозарага киришгани бежиз эмас.

Аёллар ҳуқуқлари мавзусига бағишланган ушбу дебатда янги маълумотлар билан танишдик ва тенгдошларимиз билан ўзаро фикр алмашдик. Дебат жараёнида аёллар ҳуқуқларининг миллий қонунчилигимизда қай даражада ҳимоя қилинганлиги, аёлларнинг жамият ва давлат бошқарувида тутган ўрни ва роли, юртимизда оилавий зўравонликнинг олдини олишга қаратилган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.

Дебат-клуб мен ва тенгдошларимга бу борадаги ўз фикрларимизни эркин баён этиш, аёллар ҳуқуқларига оид билимларимизни янада кенгайтиришга хизмат қилди, десам, муболаға бўлмайди. Шу муносабат билан айрим фикр-мулоҳазаларимни қуйида келтириб ўтишни жоиз деб топдим.

Ҳозирги кунда аёллар ҳуқуқларини тўла таъминлаш, уларни жамият ва давлат бошқаруви иштирокига кенг жалб этиш давлатимиз олдидаги устувор йўналишлардан биридир. Бунда гендер тенглик масаласи муҳим аҳамият касб этади.

Гендер тенглик ўзи нима? Гендер тенглик – хотин-қизлар билан эркаклар ҳаёти ва фаолиятидаги ўзаро муносабатларнинг барча соҳаларида, шу жумладан, савдо, иқтисодиёт, ҳуқуқ, таълим, илм-фан соҳаларида намоён бўладиган сиёсий-ҳуқуқий ҳамда ижтимоий-иқтисодий тенгликдир. Шу жиҳатдан, гендер тенглик адолатли ижтимоий давлат қуришга бевосита кўмаклашадиган тушунча ҳисобланади.

Эркак ва аёл ўртасида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш масалалари бир нечта халқаро ҳужжатда белгиланган. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (1948), Хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (1979), Рио-де-Жанейро Декларацияси (1992), Пекин Конференцияси (1995) шулар жумласидандир.

Гендер тенглик нафақат халқаро стандартлар бўйича, балки миллий қонунчиликда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Аввало, миллий қонунчилигимизнинг асоси бўлган Конституциямиз бунга яққол мисолдир. Айниқса, янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямиз гендер тенгликка оид нормалар ҳисобига янада тўлдирилди.

Маълумки, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциямизнинг 46-моддасида: “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар”, деган норма қайд этилган эди. Ўз навбатида 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда қабул қилинган янги таҳрирдаги Асосий қонунимизнинг 58-моддасида гендер тенгликка оид нормалар қуйидагича берилган: “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди”.

Эътибор беринг: айни конституциявий нормаларда жамият ва давлат бошқарувида хотин-қизларнинг иштирокини таъминлаш масаласи давлат томонидан таъминланиши алоҳида белгиланган. Бу ўринда хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича миллий қонунчилик ҳужжатлари, жумладан, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрида”ги қонун аввал ҳам мавжуд бўлганини эслатиш лозим. Аммо, ушбу ҳуқуқларнинг Конституция даражасида қатъий, аниқ ва янада кенг асосда эътироф этилиши жамиятимиз ва давлатимиз бу борадаги ғоятда илғор қадами бўлди.

Фикримизча, ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, оилавий зўравонликка ёки иш фаолияти билан боғлиқ турли хил муаммоларга дуч келган хотин-қизлар ўз муаммолари ҳақида айнан аёл кадрларга қийналмай, осон мурожаат қилиб, ўз фикрларини эркин баён қила олади. Бу эса бевосита ушбу ҳолатдаги зиддиятлар ва ҳозирги кундаги кўплаб ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ижобий таъсир қилади.

Бинобарин, аёлларни жамият ва давлат бошқарувига жалб этиш масаласи жуда муҳим. Чунки хотин-қизлар жамият ҳаётида ва давлат ишларида қанчалик фаол бўлса, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини тўғри англаб етса, бугун тараққиётимизга тўғоноқ бўлиб турган айрим ижтимоий муаммоларга шунчалик тезроқ барҳам берилади.

Гендер тенгликни аҳоли онгига сингдириш бир мунча муддат талаб қиладиган жараён эканидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Шундай экан, гендер тенгликка фақат қонунлар нуқтаи назаридан эмас, аҳоли ҳаётининг ажралмас бир бўлаги сифатида қараш лозим.

Жамиятимизда аёллар ва эркаклар тенглиги маданиятини шакллантириш кенг қамровли жараён ҳисобланади. Бунда барча фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб боришлари муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, жамиятда аёллар ва эркаклар тенглигига эришиш учун, аввало, фуқароларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни янада ривожлантириш зарур. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Аёлларнинг жамиятдаги ўрнини, Ўзбекистон эришаётган ютуқлардаги беқиёс ҳиссасини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Уларнинг барчаси Ўзбекистон инсоний салоҳиятининг олтин фондини ташкил этади, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди”.

 

Шаҳло ҚОДИРОВА,

Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг

1-босқич талабаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech