Ўзбекистонда экологик вазиятни яхшилашга эътибор кучайди. Жумладан, фуқароларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳуқуқини таъминлаш соҳасидаги давлат мажбуриятлари конституциявий даражада мустаҳкамланди.
Мамлакатимизда алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар сони кўпайтирилиб, экологик мониторинг кучайтирилди.
Тошкент шаҳрида ташкил этилган “Фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини тарғиб этиш ва ҳимоя қилишда оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ва журналистларнинг ўрни” мавзусидаги давра суҳбатида шу ҳақда фикр алмашилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов экология ҳуқуқига оид халқаро шартномалар ва стандартларни амалга ошириш борасидаги тажрибага тўхталди.
Журналистлар экологик муаммоларни ёритишда муҳим ўрин тутиши қайд этилди. Бу, ўз навбатида, соҳа ҳолатидан аҳолининг хабардорлигини ошириш, атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш жараёнларига фуқароларни кенг жалб этиш имконини бермоқда.
ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили ва раҳбари Сара Ношади мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолаб, бу ўзгаришларнинг экология соҳасидаги аҳамияти ва кўламини эътироф этди. У ЮНЕСКО ваколатхонаси “Экология тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тайёрлашни фаол қўллаб-қувватлаётганини таъкидлади.
Ушбу қонун лойиҳасини тайёрлашдан мақсад Ўзбекистонда экологик муаммоларни янада самарали ҳал этиш ва фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини берадиган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришдир. С.Ношади, шунингдек, экологик муаммоларни ёритишда иштирок этаётган журналистлар хавфсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий бўлими инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Павло Бялик атроф-муҳитга оид инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда журналистларнинг ўрни ва кўмаги муҳимлигини таъкидлар экан, ушбу соҳа муаммоларини ёритишнинг мураккаб ва қалтис жиҳатларига тўхталди.
Унинг фикрича, журналистларнинг бу борадаги фаолияти атроф-муҳитнинг ифлосланиши ҳақида тезкор ахборот тарқатишдан тортиб, иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиб бораётгани ва носоғлом экологиянинг аҳоли саломатлигига таъсиригача бўлган муаммоли жараёнларни кенг ёритишни ўз ичига қамрайди.
П.Бялик журналистларнинг экологияга оид ҳуқуқ ва қонунчилик мазмун-моҳиятини тарғиб этишдаги ролини юқори баҳолади.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 17.05.2024
- Кўришлар: 1570
- Чоп этиш