Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Олий Мажлиснинг Хитой Халқ Республикаси Бутунхитой Халқ Вакиллари Кенгаши билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи ҳамкорлигида “Хитой ва Ўзбекистон: умумий интилишлар ва ривожланиш истиқболлари” мавзуида халқаро давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь кириш сўзи билан очиб, икки давлат раҳбарларининг ўзаро учрашувлари натижасида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий, таълим, маданий-гуманитар ҳамкорлик, шунингдек, хавфсизлик, юқори технологиялар ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоқалар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини алоҳида қайд этишди.
Иштирокчилар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал суръатда ўсиб, кенг кўлам касб этаётганига алоҳида эътибор қаратишди. Хусусан, кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки баробар кўпайиб, 2023 йилда рекорд кўрсаткич — 14 миллиард долларга етгани эътироф этилди. Шунингдек, икки давлат раҳбарларининг самарали келишувлари натижасида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ва жалб этилаётган инвестициялар ҳажми барқарор ошаётгани, мунтазам авиақатновлар сони кўпайиб бораётгани, маданий тадбирлар фаол ўтказилаётгани таъкидланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 23-25 январь кунлари Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи Чин ўлкаси билан ўзаро ҳамкорликнинг мутлақо янги босқичини бошлаб бергани қайд этилди.
Тадбирда икки мамлакат олий вакиллик органларидаги ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини кучайтириш, қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назоратини амалга ошириш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, келгусида халқаро такшилотлар доирасида истиқболли ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш юзасидан конструктив таклиф ва тавсиялар билдирилди. Хусусан, ҳамкорлик гуруҳи аъзолари биргаликда глобал муаммоларни муҳокама қилиш ва ечим топишга, қишлоқ хўжалиги, маданият, таълим, тиббиёт ва илм-фан соҳасидаги қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунчиликни ривожлантиришга ҳисса қўшиши лозимлиги таъкидланди.
— Парламентлараро алоқаларни ривожлантириш нафақат икки давлатдаги олий вакиллик органи аъзоларининг ҳамкорлигини жадаллаштириш, балки мамлакатларимиздаги халқаро экспертлар, мутахассислар ва олимларнинг ҳам ўзаро мулоқотларини кенгайтиришни тақозо этмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева. — Соҳа ходимлари, ишбилармонлар, илмий ходимлар ёрдамида парламентлар ўртасидаги ҳамкорлигимиз янги сифат босқичига кўтарилади.
Мулоқот чоғида, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик, транспорт-коммуникация, туризм ва бошқа соҳалардаги алоқалар кўламини янда кенгайтириш масалалари хусусида ҳам сўз юритилди. Солиқ ва божхона тизимидаги тартиб-таомилларни соддалаштиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокамалар марказида бўлди.
Тадбир якунида парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга келишиб олинди.
- Қўшилди: 20.05.2024
- Кўришлар: 1460
- Чоп этиш