Жорий йилнинг 18 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик иккинчи ялпи мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилиши ҳолати ҳақидаги ахборотини Марказ директорининг биринчи ўринбосари М. Тиллабаев тақдим қилди.
Ахборотда 2023 йилда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларни бажаришга қаратилган қонунчилик, ҳуқуқ амалиёти ва халқаро ҳамкорлик бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар тақдим этилган:
- 2023 йилда жами 87 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказилди. Шунингдек, 2023 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида 8 та қонун, Президентнинг 7 та фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 4 та қарори қабул қилинди.
- 2023 йил давомида мамлакатимиз халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган шартномаларнинг бажарилиши бўйича БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарига 4 та миллий маъруза тақдим этди. Шу билан бирга, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари ҳамда бошқа механизмларининг тавсияларини амалга ошириш мақсадида 2 та янги миллий ҳаракатлар режаси лойиҳалари ишлаб чиқилди.
- Ўзбекистоннинг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастури ишидаги иштироки фаоллашди. Мамлакатимиз Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқланди.
Муҳокама жараёнида сенаторлар 2023 йил умумхалқ референдумида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилиниши билан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг давлат кафолатларини янада мустаҳкамлаш имконияти яратилганини алоҳида таъкидладилар.
Сенаторлар ўз ўрганишлари асосида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни самарали қўллаш билан боғлиқ қатор муаммоларни ҳам белгилаб бердилар. Хусусан, Ўзбекистон фуқароларининг экологик ҳуқуқлари таъминланишидан, айниқса, мамлакатимиз пойтахтидаги вазият сенаторларни ташвишга солиши қайд этилди.
Шунингдек, бола ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари кузатилаётганини инобатга олиб, болаларни турли кўринишдаги зўравонликлардан ҳимоя қилиш зарурлиги таъкидланди. Бу борада ота-оналар, таълим муассасалари, бошқа мутасадди идоралар масъулиятини ошириш, тегишли қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар нормаларини судлар томонидан қўллаш амалиётини йўлга қўйиш, жамоат транспорти бекатларида ва умумий фойдаланишдаги транспорт воситаларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш учун тегишли шарт-шароитлар яратиш масалалари юзасидан таклифлар берилди.
Ҳар томонлама муҳокама чоғида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди. Унда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш олиб бориш истиқболлари белгилаб олинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.05.2024
- Кўришлар: 1465
- Чоп этиш