Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев маълум қилди.
Олий Мажлис Сенати эллик иккинчи ялпи мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилиши ҳолати ҳақидаги ахбороти кўриб чиқилди.
Ўтган йили бутун дунёда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигини кенг нишонлаш билан боғлиқ тадбирларда Ўзбекистон фаол иштирок этди.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар доирасида қонунчилик, ҳуқуқ амалиёти ва халқаро ҳамкорлик бўйича бир қатор амалий ишлар бажарилди.
Хусусан, 2023 йилда жами 87 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида 8 та қонун, Президентнинг 7 та фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 4 та қарори қабул қилинди.
Ўтган йил давомида мамлакатимиз халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида Ўзбекистон томонидан ратификaция қилинган шартномаларнинг бажарилиши бўйича БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарига 4 та миллий маъруза тақдим этди.
Шу билан бирга, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг устав органлари ва шартномавий қўмиталари ҳамда бошқа механизмларининг тавсияларини амалга ошириш мақсадида 2 та янги миллий ҳаракатлар режаси лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Ўзбекистоннинг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастури ишидаги иштироки фаоллашди. Мамлакатимиз Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқланди.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия этиб қайта ташкил қилинди. Ушбу масалалар бўйича Миллий маърузачи институти таъсис этилди.
Янада муҳими, 2023 йилги референдумда Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилиниши билан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг давлат кафолатларини янада мустаҳкамлаш имконияти яратилди.
Ўтган йили “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
Ушбу ҳужжат хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан ғайриқонуний ҳаракатлар, шунингдек, оилавий зўравонлик учун жавобгарлик нормаларини кучайтириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарди.
Айни чоғда, бола ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари учраб турганини инобатга олиб, болаларни турли кўринишдаги зўравонликлардан ҳимоя қилиш масаласига доимий эътибор қаратилмоқда.
Фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари таъминланиши бўйича вазият ҳам долзарбдир.
Шу кунларда Миллий марказ томонидан тузилган ишчи гуруҳ жамоат транспорти бекатларида ва умумий фойдаланишдаги транспорт воситаларида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган тўсиқсиз муҳитдан фойдаланиш имкониятлари билан боғлиқ реал ҳолатларни мониторинг қилишда давом этмоқда.
Расмий хабарлар
- Қўшилди: 22.05.2024
- Кўришлар: 1425
- Чоп этиш