21 – 22 май кунлари Нукус шаҳрида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси бўлиб ўтди. Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қийноқларга қарши конвенцияси қабул қилинганининг 40 йиллигига бағишланди.
Машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасидан – 10 нафар, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан – 50 нафар, Жазони ижро этиш бош бошқармасидан – 7 нафар ходим тингловчи сифатида иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев тадбирнинг очилиши муносабати билан видеомурожаат йўллади. Унда мазкур ўқув курсидан кўзланган устувор мақсад ва вазифаларнинг туб аҳамияти очиб берилди.
Машғулотлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан ўтказилаётгани таъкидланди. Бу ўринда, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларига таянилмоқда.
Ўқув курси аввалида БМТга тенг ҳуқуқли аъзо ҳисобланувчи Ўзбекистон қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келиши қайд этилди. Халқаро ҳуқуққа кўра, қийноқлар – инсониятга қарши жиноятдир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини янада кучайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида изчил ва кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани буни яққол тасдиқлайди.
Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 26 июнда қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада катта аҳамият касб этди. Жумладан, 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни юртимизда миллий ва халқаро даражадаги тарихий аҳамиятга молик сана сифатида нишонланиши анъанага айланди.
Аслида, тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш борасидаги ташаббус ҳам даставвал айни шу қарорда ўз аксини топган.
Ўқув курсининг биринчи кунида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар”, “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти”, “Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши”, “Қийноққа солиш жинояти учун жавобгарлик масалалари”, “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти” мавзуларида маърузалар тингланди.
Маърузаларни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғи ўринбосари Музаффаржон Мамасидиқов, Ички ишлар вазирлиги Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти Қувонч Қодиров, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг “Юридик фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Олимжон Субанов тақдим этди.
Шунингдек, миллий экспертлар О.Субанов ва Қ.Қодиров томонидан амалий машғулотлар ўтказилди.
Иккинчи кунда “Қийноққа солишга қарши курашишда вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар”, “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари”, “Қийноққа солишга қарши курашишда камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, қийноқ тўғрисида хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланилиши” мавзуларида маърузалар тингланди.
Айни мавзулар юзасидан амалий машғулотлар ҳам ташкил этилди. Ушбу маърузалар ва машғулотларни ўтказишда Ички ишлар вазирлиги Академияси Хорижий кадрлар билан ишлаш факультети бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Алимжон Матчанов, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг “Юридик фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Олимжон Субанов фаоллик кўрсатди.
Машғулотларда, шунингдек, халқаро эксперт Азамат Шамбилов онлайн иштирок этди. У тингловчилар эътиборига “Янгиланган Нельсон Мандела қоидалари” мавзусидаги тақдимотини намойиш қилди.
Икки кунлик қисқа ўқув курси давомида 67 нафар тингловчининг назарий билимлари амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди. Машғулотлар якунида тест синовларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Маълумот учун: Терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари Миллий марказ ташаббуси билан доимий равишда ташкил этилмоқда. Жумладан, 2023 йили 10 та вилоятда ўтказилган ўқув курслари натижасида ички ишлар ва прокуратура тизимида фаолият юритувчи 1050 нафар ходим билим ва тажрибасини бойитди.
Қисқа муддатли ўқув курслари 2024 йил давомида юртимизнинг барча ҳудудларида ташкил қилиниб, ички ишлар органлари ва прокуратура ходимларининг касбий кўникмалари оширилади. Кейинги ўқув машғулотлари 23-24 май кунлари Урганч шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.05.2024
- Кўришлар: 1477
- Чоп этиш