Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Осиё хотин-қизлар форуми ҳар икки йилда ўтказилиши аёллар, парламент вакиллари учун айни муддао бўлди.
Сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпи истиқомат қилаётган Осиё мамлакатлари Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришиш, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги роли ва таъсирини ошириш борасида салмоқли ютуқларни қўлга киритмоқда.
Ўзбекистонда ҳам аёллар жамиятимизнинг ажралмас бўғини бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари янги таҳрирдаги Конституциямиз, “Тараққиёт стратегияси – 2030” ва Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш Стратегияси каби концептуал ҳужжатларда ўзининг тўлиқ ифодасини топган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Энг муҳими, уларнинг оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида бир қатор қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинган. Аёлларга ҳам эркаклар қаторида тенг имкониятлар яратилиб, уларнинг ҳуқуқлари таъминланишига қонунчиликда кафолатлар берилса, албатта, бундай жамият тезроқ ва жадалроқ тараққий этади.
2024 йил 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусидаги Осиё хотин-қизлари форумини ўтказилди.
Форум аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини янада ошириш, энг қувонарлиси, уларнинг тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш йўлида ўзига хос мулоқот майдонига айланди.
Президент Шавкат Мирзиёев форум иштирокчиларига йўллаган табригида Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, раҳбарлик қобилияти ва тадбиркорлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқириш бўйича катта ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Анжуман қатнашчилари сўнгги етти йилда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 27 фоиздан 35 фоизга кўтарилгани, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизи, Сенат аъзоларининг 25 фоизи аёллардан иборат эканини юқори баҳолади.
Олиб борилган музокара ва муҳокама натижаси сифатида форум якунида Самарқанд декларацияси қабул қилинди.
Форум якунлари иштирокчилар таҳлилида:
Татьяна ВАЛОВАЯ, БМТнинг Женевадаги бўлими бош директори:
– Ўзбекистон раҳбарияти ва БМТ аёллар тузилмасига форум учун миннатдорлик билдираман. Самарқандда Осиё минтақаси мамлакатларининг аёл вакилларини жуда муҳим масалалар, яъни хотин-қизларнинг замонавий жамиятдаги ролини юксалтириш таклифлари бирлаштирди.
Форум доирасидаги сессияларда жамият ҳаётидаги аёлларнинг ўрни қандай бўлишига доир мавзулар муҳокама қилинди. Яна бир муҳим жиҳат: бугун Ўзбекистонда хотин-қизларнинг турли соҳалардаги иштироки кескин ошиб бормоқда. Уларнинг ҳимояси, манфаат ва ҳуқуқлари мустаҳкамланиб бораётгани кўз ўнгимизда рўй бермоқда.
Тарихий сананинг иштирокчиси сифатида айтишим мумкинки, ушбу форум нафақат Ўзбекистон аёллари учун, балки минтақадаги хотин-қизлар билан бир қаторда дунёдаги аёлларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Гендер тенгликни таъминлаш, сармоялар киритиш, уларни иқтисодиёт, рақамли технологиялар, иқлим ўзгариши каби соҳалар ҳамда дунёда тинчлик ўрнатиш жараёнларига кенг жалб қилиш зарурлиги панел сессияларда батафсил таҳлил қилинди.
Дунё давлатлари Барқарор ривожланиш бўйича белгиланган 17 мақсадни фаол амалга оширишга чоғланган бир паллада уларнинг ичида гендер тенглигини таъминлаш, яъни бешинчи мақсадга устувор аҳамият қаратилмоқда. Зеро, Барқарор ривожланиш мақсадларининг бирортасига гендер тенгликни ҳисобга олмасдан эришиб бўлмайди.
Рекҳа ШАРМА, Ҳиндистон хотин-қизлар ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси:
– Ўзбекистон Президентига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Форум иштирокчиларига йўллаган табриги ҳам бизни мамнун этди.
Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида охирги йилларда амалга оширилган ишлардан хабардормиз. Барча жабҳаларда аёллар фаол. Ушбу форумга жуда юқори тайёргарлик кўрилган.
Биласиз, ҳозир замонавий ахборот технологиялари даври. Шу боис кўпроқ ушбу йўналишларда уларнинг фаоллигига эришиш лозим. Жамиятда аёлларнинг ўз ўрнига эга бўлиши учун Осиё қитъасидаги давлатларнинг тажрибаси жуда муҳим. Шу боис ушбу форум барча иштирокчи учун ниҳоятда аҳамиятли ва долзарб.
Фиби Фавзи ГИРГИС, Миср Араб Республикаси Сенати раиси ўринбосари:
– Осиё аёллари форумида Миср вакили сифатида иштирок этганимдан фахрдаман. Ҳақиқатдан ҳам минтақамизда сиёсий, ижтимоий ва иқтиодий соҳаларда аёлларнинг роли, фаоллиги ошиб бормоқда, лекин ечимини кутаётган мавзулар бор ва улардан кўз юммаслик керак.
Самарқанд форумида зўравонликка қарши курашиш масалаларини ҳам муҳокама қилдик. Бу борадаги қонуний асосни яратиш, аёллар зўравонлигига қарши курашиш учун, аввало жамиятни, унинг қарашларини ўзгартиришимиз мақсадга мувофиқ. Ушбу жараёнда эса парламентлар томонидан ишлаб чиқиладиган халқчил қонунлар муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Мамлакатингизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида хотин-қизлар тазйиқ ва зўравонликка учрашининг олди олинаётганини юқори баҳолаймиз. Улар орасида ишсизлик даражаси камайган, аёллар тадбиркорлиги ошиб, камбағаллик қисқартирилган. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногирон ёки ногирон фарзанди бўлган, уй-жойсиз, боқувчиси бўлмаган, ўзгалар парваришига муҳтож аёллар ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти.
Умуман, Осиё қитъаси мамлакатлари хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва гендер тенгликни таъминлаш борасида ўзининг бой тажрибасига эга. Ўзбекистон минтақадаги юксалишга ушбу форум мисолида катта ҳисса қўшди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 24.05.2024
- Кўришлар: 1482
- Чоп этиш