жамият ободлиги, давлат барқарорлиги ва мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 11 апрелда имзолаган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун юртимиз хотин-қизларининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шу кунларда оммавий ахборот воситалари мазкур қонун қабул қилинганига бир йил тўлганлигига кенг жамоатчилик эътиборини изчил қаратаётгани диққатга лойиқдир.
Бу ҳақда фикр юритганда, 2023 йилда халқимиз тарихида биринчи марта умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда инсон ҳуқуқларига оид нормалар уч баравардан ортиққа оширилди.
Шунинг баробарида, келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган “Ўзбекистон–2030” стратегиясини амалга оширишга киришилди. Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги Фармони билан тасдиқланган ушбу дастуриламал ҳужжат БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳангдир.
Янги Ўзбекистонда 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси фаол амалга оширилмоқда. Бунда ўтган йили аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни назарда тутувчи муҳим қонун қабул қилингани алоҳида аҳамият касб этади. Чунки шу асосда оилавий зўравонлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилиб, болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун жавобгарлик янада кучайтирилди.
Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон дастурида фаол иштирок этмоқда. Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури тадбирларини ижро этиш доирасида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” ўқув ва махсус курслари жорий қилинмоқда.
Имконияти чекланган шахслар, аёллар, болалар ва мигрантлар ҳуқуқлари бўйича ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича қўлланмалар ва рисолаларни доимий равишда чоп этиш йўлга қўйилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим электрон платформаси ишга туширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йили хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг қонуний асосларини шакллантириш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилди.
Миллий марказ Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия ижросини таъминлашни нафақат мониторинг қилмоқда, балки айни жараёнларда бевосита иштирок ҳам этмоқда. Масалан, 2023 йил давомида манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва қийноққа қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилди.
Бугунги кунга қадар БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарига Ўзбекистон Республикасининг 46 та миллий маърузаси тақдим этилган. Миллий маъруза лойиҳалари халқаро-ҳуқуқий амалиётга мувофиқ ҳамда миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган муддатларда ва тартибда тайёрланади.
Шу маънода, 2023 йилда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятлари бажарилиши бўйича 3 та миллий маъруза манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда тайёрланиб, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарига тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан 2024 йил 21 февралда “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг Бешинчи даврий маърузаси юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалиётга татбиқ этиш тўғрисида”ги қўшма қарор қабул қилинди. Мазкур қўшма қарор ижрога қаратилиб, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсиялари амалиётга жорий қилинмоқда.
Соҳадаги ислоҳотларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида мамлакатимизда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили лавозими жорий қилинди. Вакил ҳузурида Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик кенгаши тузилди.
Бундан ташқари, 2024 йилда халқаро ҳамжамият томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганлигининг 35 йиллиги кенг нишонланади. Шу мақсадда халқаро, минтақавий ва миллий тадбирлар ўтказиш, инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-маърифий ҳамда таълим-тарбиявий ишларни такомиллаштириш, аҳоли, ёшлар ва болалар учун дарслик, қўлланма ва бошқа адабиётларни тайёрлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 35 йиллигини нишонлашга бағишланган тадбирлар дастурларини қабул қилди ва амалга оширмоқда. Бундан мақсад мамлакатимизда давом эттирилаётган бола ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини янада оширишдир.
Бир сўз билан айтганда, дунёнинг турли мамлакатларида глобал инқироз ва доимий тангликлар оқибатида инсон ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ аҳвол кескин ёмонлашган мураккаб даврда Ўзбекистон учун муҳим бўлган қатор соҳалар, хусусан, инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилган шиддатли ислоҳотлар ўз самараларини бермоқда. Бу фикрни 2023 йилда глобал иқтисодий ва сиёсий инқирозлар, геосиёсий қарама-қаршилик ва ҳарбий можароларнинг салбий оқибатлари ва иқлим ўзгариши таҳдидларига қарамай, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш бўйича муҳим чора-тадбирлар кўрилгани амалда тасдиқлаб турибди.
Кейинги йилларда юртимизда хотин-қизлар ва болаларнинг фундаментал ҳуқуқларини таъминлаш масаласига давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилмоқда. Айни чоғда хотин-қизлар ва болаларни тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш, оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий диққат марказида бўлиб келаётгани эътиборга молик.
Хотин-қизлар ва болаларни тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш, оғир ижтимоий аҳволда қолган аёллар ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш жамоатчиликнинг ҳам диққат марказида бўлиб келмоқда. Бу ўринда 2023 йил 11 апрелда қабул қилинган қонун алоҳида аҳамият касб этганини қайд этиш айни муддаодир.
Бинобарин, ҳуқуқни қўллаш амалиётида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда бир қатор муаммолар мавжудлиги айни шу қонунга заруратни келтириб чиқарди. Хусусан, шу вақтга қадар:
- хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларига дахл қилувчи жиноий қилмишлар учун мутаносиб санкциялар белгиланмаганди;
- хотин-қизларни шилқимлик ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари мавжуд эмасди;
- тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордернинг амал қилиш муддати (ўттиз кун) хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари етарли даражада ҳимоя қилинишини таъминлаш имконини бермасди;
- алиментларни тўламаганлик учун жазо сифатида жарима солиниши янада кўпроқ молиявий қийинчиликларни келтириб чиқараётган эди.
Қонун асосида шу каби тизимли муаммоларга ҳуқуқий ечим топилди. Қолаверса, вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссиясининг, вояга етмаганлар ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) идоралараро комиссияларининг фаолияти ислоҳ этилиб, улар тегишинча Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ҳамда Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) комиссиялари этиб қайта ташкил этилди.
Янги қонун билан Ўзбекистон Республикаси қонунларига хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий соҳада ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини амалга оширишида қўллаб-қувватлаш масалаларини тартибга солувчи қонунчиликни халқаро стандартлар асосида такомиллаштиришни назарда тутувчи, шунингдек, Болалар масалалари бўйича комиссиялар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб қўювчи ўзгартиришлар киритилди.
Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан номақбул ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик янада кучайтирилди. Оилавий зўравонлик, шилқимлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Шу билан бирга, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериши, болалар билан бевосита ишлашини назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланди. Бу турдаги жиноятларни содир этган шахсларнинг рўйхатини юритиш кўзда тутилди.
Қонунда оилавий ва маиший зўравонлик учун, таъқиб қилиш, шаҳвоний шилқимлик, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган. Айни чоғда, аёлларни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш, турмуш қуришга мажбурлаш ёки тўсқинлик қилиш учун ярашиш институтини қўлламаслик ҳам белгиланган.
Буларнинг барчаси пировардида зўравонликнинг олдини олиш ва унинг мудҳиш оқибатларига барҳам беришга хизмат қилади. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 592-моддаси, яъни оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарлик белгиланди, худди шу ҳаракатлар бир йил ичида қайта содир этилган тақдирда Жиноят кодексининг 1261-моддасида жиноий жавобгарлик кўзда тутилди.
Жиноят кодекси 1413-модда, яъни шахс шаънини ва қадр-қимматини камситувчи, инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи модда билан тўлдирилди. Унга кўра, товламачилик аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, шахсий розилигисиз яланғоч ҳолдаги фото, видеотасвирни ўз ичига олган ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш ёки бундай ахборотни тарқатиш билан қўрқитиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс шаҳвоний шилқимлик қилганлик учун жавобгарликни белгиловчи 411-модда билан тўлдирилди.
Ўтган бир йиллик қисқа даврнинг ўзидаёқ янги қонун амалий натижаларини берди. Хусусан, биргина 2024 йил 1-чорагида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 411-моддаси билан шаҳвоний шилқимлик қилишда айбланган 318 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 592-моддаси билан оилавий ва маиший зўравонликда айбланган 4 минг 343 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Уларнинг 2 минг 344 нафарига жарима жазоси, 1 минг 999 нафарига маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.
Жиноят кодексининг 1261-1 ва 1413-моддалари асосида ҳам бир қатор айбдор шахслар судланди. Уларнинг айримларига озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган бўлса, муайян қисмига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизматининг маълумотларига кўра, 2023 йилда Ўзбекистонда 203 нафар шахс оиладаги зўравонлик бўйича Жиноят кодексига мувофиқ судланиб, уларнинг 59 нафари қамалган, 144 киши эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони олган. Шунингдек, 8 минг 928 киши маъмурий жавобгарликка тортилган.
Ўз навбатида, 19-20 январь кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 248-моддасига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун маъқулланганига мухтасар тўхталиш ўринлидир.
Қонун муҳокамаси асносида таъкидланганидек, кейинги йилларда ички ишлар органларида хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг маънавий ҳамда жисмоний ривожланишига кўмаклашиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда ҳукуматининг тегишли қарорлари билан ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор лавозимлари жорий этилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларида зарур ваколатлар мавжуд эмаслиги вояга етмаганлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўрилишига тўсқинлик қилмоқда.
Шу билан бирга, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг давлат томонидан ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳимоя ордери талабларининг бажарилишини назорат қилиш юзасидан ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларининг масъулиятини кучайтириш талаб этилади.
Шунинг учун “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 248-моддасига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун билан айни Кодекснинг тегишли моддасига болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича мажбуриятларни бажармаганликда, жамоат жойларида тамаки ёки алкоголь маҳсулотини истеъмол қилганликда, шунингдек, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганликда айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларига зарур ваколатлар берилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилди.
Бундан ташқари, ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларига тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик каби маъмурий ҳуқуқбузарликларни расмийлаштириш ваколатлари берилди. Сенаторлар фикрича, ушбу қонун ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Хулоса шуки, кейинги даврда Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг янги босқичига асос солинди. Бу борада ўтган бир йил ичида қатор муҳим натижаларга эришилди.
Авваламбор, Янги Ўзбекистонда қилмиш ва жиноят учун жазо муқаррарлиги қатъий таъминланмоқда. Жамиятимизда, оилаларда маиший муҳит изчил яхшиланиб, аёлларимизнинг қадр-қиммати ва қизларимизнинг иззат-ҳурмати янада ошмоқда.
Яна бир муҳим ютуғимиз шундаки, оилавий ва маиший зўравонликка барҳам беришга қаратилган янги қонуннинг амал қилиши халқимиз томонидан маъқулланмоқда. Бу қонун ҳужжати халқаро жамоатчилик эътирофига ҳам сазовор бўлмоқда.
Бунга битта амалий мисол: Ўзбекистонда ушбу қонун кучга кирганининг бир йиллиги кенг таҳлил ва талқин этилаётган шу кунларда Қозоғистонда ҳам оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликка тортувчи қонун қабул қилинди.
Эътибор беринг: бундай қонун қабул қилиниши Қозоғистон жамоатчилигининг талаб-истаклари самарасидир. Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Токаев имзолаган қонунда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишлари учун жавобгарликни кучайтириш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш ва вояга етмаганлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган, хусусан, педофилия ва болалар қотиллиги учун умрбод қамоқ жазосини назарда тутадиган янги қоидалар жорий этилмоқда.
Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг оилавий ва маиший зўравонлик учун қонуний асосда қатъий чора кўришга қаратилган ҳуқуқий сиёсати тўғри эканлигидан яққол далолатдир. Бинобарин, қадрланган ва эъзозланган аёл нафақат рўзғорини, оиласини, балки жамиятни ҳам обод этишга, давлатимиз барқарорлиги ҳамда мамлакатимиз тараққиётини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.
Ғулом МИРЗАЕВ,
Ҳусниддин ХОЛМАМАТОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходимлари
- Қўшилди: 27.05.2024
- Кўришлар: 1461
- Чоп этиш