Кашандалик умрнинг заволи

31 май – Бутунжаҳон чекишга қарши курашиш куни

 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ташаббуси билан 1988 йилдан буён 31 май “Бутунжаҳон чекишга қарши курашиш куни” сифатида дунё миқёсида нишонлаб келинади. Бутунжаҳон чекишга қарши курашиш кунининг глобал мақсади ҳозирги ва келгуси авлодни тамакининг нафақат соғлиқ учун салбий жиҳатларидан, балки ижтимоий, экологик ва иқтисодий талафотларнинг вайронкор оқибатларидан ҳимоя қилишга қаратилган.

Халқаро ҳамжамият олдига  XXI асрда тамаки чекиш муаммосидан халос бўлишга эришиш вазифаси қўйилган. ЖССТ ушбу акция билан сайёрамиз аҳолисини ҳалокатли одатдан — инсоният мавжуд бўлишининг бутун тарихида энг кўп тарқалган, алкоголизм ва гиёҳвандлик билан бир қаторда турадиган никотинга тобеликдан огоҳлантиради. Тамаки чекадиганларнинг ярмининг  ҳаёти ўлим билан тугайди. Одамлар учун никотиннинг ўлим билан тугайдиган дозаси   — 50-100 миллиграммни ташкил қилади.  

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ХVIII аср охири ХIХ аср бошларида папирос ишлаб чиқарадиган машинанинг ихтиро қилиниши билан чекиш оммалаша бошлаган.

Чекишга бўлган муносабат 1956 йилда бирданига ўзгарди. Ўшанда жаҳоннинг турли мамлакатларидаги 40 мингга яқин шифокор ўз мижозларининг касаллигига тамаки айбдор деган хулосага келган эди.

Чекиш турли касалликларни келтириб чиқаришдан ташқари инсон умрини 15-20 йилга қисқартириши аллақачон исботланган.

Тадқиқотлар натижасига кўра, никотин инсон организмидаги метаболик жараёнга халақит берувчи, мия фаолияти ва физиологик функцияларига таъсир қилувчи алкоголь ва бошқа психоактив моддалар каби ўзига ўргатиб қўяди, шу тарзда тамакига жисмоний боғлиқлик шаклланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, чекиш таъсири остида 25 дан ортиқ касалликнинг (юрак-қон томир, ўпка ва саратон) организмда ривожланиши кучаяди.    

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотларининг маълумотларига кўра, жаҳонда ўпка ракидан ўлимларнинг 90 фоизи, сурункали бронхитдан вафот этганларнинг 75 фоизи ва юракнинг ишемик касаллиги билан ҳаётдан кўз юмганларнинг 25 фоизи чекиш билан боғлиқдир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертларининг маълумотига қараганда, тамаки маҳсулотининг инсон организмига зарарли таъсиридан ҳар йили сайёрамизнинг 6 миллионга яқин аҳолиси вафот этади ва қўшимча зарур чоралар кўрилмайдиган бўлса,  у ҳолда мазкур офат 2030 йилга бориб ҳар йили 8 миллион кишининг ёстиғини қуритади.

Тамаки тутуни нафақат чекувчиларнинг ўзи, балки атрофдагилар учун ҳам зарарлидир. Ҳаводан тамаки тутуни билан биргаликда нафас олиш пассив чекиш ҳисобланади. Иккиламчи тамаки тутунининг хавфсиз даражаси мавжуд эмас. Тадқиқотлар  пассив чекишнинг хавфи жуда яққол эканлигини кўрсатмоқда. Тамаки тутуни –  филтрланмаган тутундир. Унда канцерогенлар тамаки орқали нафас олинадиган тутунга қараганда 50 баравар, қатрон ва никотин икки баравар, углерод оксиди 50 баравар ва аммиак 50 баравар кўп. Жуда кўп чекилган хонада ишловчи одамлар учун пассив чекиш даражаси бир кунда чекиладиган  14 та тамакига тенг. Бу уни одатдаги чекувчига яқинлаштиради.

ЖССТ маълумотига кўра, тамаки чекишдан вафот этаётганларнинг 12 фоизи чекувчи бўлмаганлар, яъни пассив чекувчилардир. Пассив чекувчилар орасида болаларнинг борлиги чекишга қарши курашни қатъий кучайтириш кераклигини яна бир бор исботлайди.

Ҳозирги кунда ер юзининг 349 миллион аҳолиси очарчиликдан азият чекаётган бир вақтда дунёнинг 124 мамлакатида 3,2 миллион гектар унумли ердан тамаки етиштириш учун фойдаланилмоқда. Бироқ тамаки етиштириш фақат озиқ-овқат хавфсизлигига зарар етказибгина қолмасдан, сувнинг ифлосланиши ва ернинг деградацияга учраши туфайли ҳамда тамаки баргларининг ферментацияси натижасида вужудга келадиган тамаки тутуни экотизим ва атроф-муҳитга ҳам зарар етказмоқда. Бундан ташқари, тамаки етиштириш дунё ўрмонларининг йўқ қилиниши сабаблари орасида  5 % улушга ҳам эгадир. 

Республикамизда ҳозирги вақтда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ва тарқатишни чеклаш “Тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш ва тарқатишни чеклаш тўғрисида”ги қонун ва бошқа алоҳида норматив ҳужжатлар билан тартибга солинган.

Мазкур қонунда тамаки маҳсулотларини балоғат ёшига етмаган шахсларга сотишни тақиқлаш, тамаки ва алкоголь маҳсулотларининг инсон саломатлигига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзувнинг бўлиши, бундай маҳсулотларда инсон соғлиғи ва ҳаётига зарарлилик даражасига рухсат берувчи норманинг киритилиши, тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни реклама ва тарғибот қилишга йўл қўймаслик, жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тақиқлаш тўғрисидаги талаблар мавжуд.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тамаки маҳсулотларини жамоат ва транспортнинг рухсат этилмаган жойларида истеъмол қилишни ман этади. “Реклама тўғрисида”ги қонун тамаки ва тамаки маҳсулотларини реклама қилишни тақиқлайди.

Келажагимиз учун дахлдор қонунлар аҳоли саломатлиги, фарзандларимиз тарбияси ва миллат генофонди учун муҳим масалаларни ҳал этишда долзарб аҳамиятга эга.

Хулоса қилиб айтганда, Бутунжаҳон чекишга қарши курашиш кунининг пировард мақсади ҳозирги ва келажак авлодларни соғлиқ учун ҳалокатли оқибатлардан ҳимоя қилишга кўмаклашишгина эмас, балки тамаки таъсири билан боғлиқ ижтимоий, экологик ва иқтисодий офатлардан муҳофаза қилишдир. Ушбу халқаро сана тамакисиз яшаш кундалик амалиётимизга айланиб, ҳаётимиз янада фаровон, тану жонимиз соғ, умримиз узун, оиламиз тинч бўлиши учун курашишга ундайди.

 

Азизбек Бегимов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази

Ҳисоб-китоб бўлими бош мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech