Ота ва она – оила қўрғонининг асосий меъмори. Оқил фарзандлар тарбиялаб, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига замин ҳозирлаш, умрбод фарзандларни қўллаб-қувватлашдек масъулиятни зиммасига олган ота-оналар ҳақида сўз мулкининг султони Алишер Навоий шундай ёзади:
Бошни фидо айла ато қошиға!
Жисмни қил садқа ано бошиға!
Туну-кунунга айлагали нур фош
Бирисин ой айла, бирисин қуёш!
Дарҳақиқат, улуғ шоир ва мутафаккир аждодимиз таъкидлаганидек, ота ва она қуёшу ой янглиғ ўз фарзанди йўлини ёритади. Уларнинг маслаҳатларига амал қилган, ота-онасини эъзозлаган фарзанд эса ҳаёт йўлларида қоқилмайди.
Ота-оналарнинг юксак фидокорлигини қўллаб-қувватлаш ва қадрлаш мақсадида 2012 йилдан эътиборан ҳар йили 1 июнь – Бутунжаҳон ота-оналар куни сифатида нишонлаб келинади. Ушбу халқаро сана Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 66/292-сонли резолюциясида қайд этилган.
Резолюцияда таъкидланганидек, “Ушбу кунда биз нафақат ота-оналарнинг болаларни тарбиялаш ва ҳимоя қилишдаги улкан ролини, балки умуман оиланинг ролини ҳам нишонлаймиз. Шахсиятнинг уйғун ва ҳар томонлама ривожланиши учун ҳар бир бола оилавий ғамхўрликка, ота-онанинг илиқлигига, эътиборига, муҳаббатига ва тушунишига муҳтож”.
Оила, ота-она ва тарбиячилар боланинг фаровонлиги ҳамда ривожланишида асосий роль ўйнайди. Улар болалар ва ўсмирларга ўзига хослик, муҳаббат, ғамхўрлик, ижтимоий ҳимоя, шунингдек, иқтисодий хавфсизлик ва барқарорликни таклиф қилади.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ, оила ва ота-оналарни қўллаб-қувватлаш камбағалликни қисқартириш, тенгсизликни камайтириш ҳамда ота-оналар ва болаларнинг фаровонлигини оширишга қаратилган миллий сиёсат ва ижтимоий инвестицияларнинг муҳим қисми сифатида тобора кўпроқ эътироф этилмоқда.
Мазкур кун ота-оналарни фаол қўллаб-қувватлаш ҳақидадир. Болаларни тарбиялаш масъулияти ота-оналарнинг зиммасида бўлса-да, ота-оналар куни бу мажбурият бутун жамиятнинг ҳам мажбурияти эканлигини эслатади.
Давлат ва жамият оилани ҳурмат қиладиган ва қўллаб-қувватлайдиган муҳит яратиши керак. Бундай ёндашув ота-оналикнинг барча шаклларини қадрлайдиган ва қўллаб-қувватлайдиган маданиятни ривожлантиришни ҳам ўз ичига олади.
Юртимизда ҳам ушбу халқаро сана кенг нишонланади. Давлатимиз томонидан оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила институтининг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини янада мукаммаллаштиришга катта эътибор қаратиб келинмоқда.
Янги Ўзбекистонда оилалар ва ота-оналарга кўмаклашиш ҳамда уларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда. Мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш ва жамиятда оилаларнинг аҳамиятини ошириш учун давомли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Шуни таъкидлаш жоизки, ота-оналар куни фақат байрам эмас, балки фаол саъй-ҳаракатларга чақириқ ҳам ҳисобланади. Бу жамиятимизнинг асосий таянчи – кундалик меҳнати орқали келажакни шакллантириб бораётган ота-оналаримизга бўлган ҳурматни эътироф этиш ва қўллаб-қувватлаш имкониятидир.
Назира ЮНУСОВА,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали таҳририятининг мутахассиси
- Қўшилди: 30.05.2024
- Кўришлар: 1492
- Чоп этиш