БОЛАЛАРГА ҒАМХЎРЛИК – ЭНГ ЭЗГУ АМАЛ

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

 

Жаҳоннинг аксарият мамлакатларида ёзнинг илк куни болажонлар учун катта байрам сифатида нишонланади. Бинобарин, 1949 йилда Парижда Хотин-қизлар халқаро демократик федерациясининг конгресси бўлиб ўтган. Ушбу конгрессда болаларнинг бардамлиги ва бахт-саодатининг кафолати бўлган мустаҳкам тинчликни таъминлаш учун доимий кураш ҳақидаги чақириқ янграган.

Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда сайёрамизда яшовчи барча болаларнинг соғлиги ва тинч-хотиржам ҳаётини сақлаш долзарб муаммога айланган эди. Шу тариқа 1950 йилдан эътиборан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонлана бошлади. Бундан кўзланган мақсад болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга эътибор қаратишдир.

Ер юзида ҳозир 333 миллион бола ўта қашшоқ яшаяпти. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилмаси – ЮНИCЕФ ва Жаҳон банкининг 2023 йил сентябрида эълон қилинган “Халқаро очлик чегарасида қашшоқ яшаётган болалар” мавзусидаги қўшма ҳисоботида қайд этилишича, 2013-2022 йиллар давомида “ўта қашшоқ” кун кечираётган болалар сони 383 миллиондан 333 миллионга тушиб, айни кўрсаткич 13 фоиз камайган.

Энг кўп қашшоқ болалар, яъни умумий миқдорнинг 40 фоизи Саҳрои Кабирдан Жануби-ғарбий Aфрикагача бўлган ҳудудга тўғри келмоқда. Бу минтақада 2013 йил 54,8 фоизни ташкил этган болалар қашшоқлиги даражаси 2022 йил 71,1 фоизга кўтарилган.

Афсуски, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари бажарилиши ҳолатининг ҳозирги суръати билан болалар қашшоқлигига барҳам бериш мақсадига 2030 йилгача эришиб бўлмайди. Шу муносабат билан ЮНИCЕФ ва Жаҳон банки ҳукуматлар ва манфаатдор томонларни ушбу масалага устувор аҳамият беришга чақирди.

Бу борада яна бир ташвишли рақам: болалар – сайёрамиз миқёсида мажбуран кўчиб яшаётган 100 миллиондан ортиқ шахсларнинг 41 фоизини ташкил этмоқда. Шунинг учун бугунги кунда болалар қаерда яшашларидан қатъи назар, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи ниҳоятда долзарбдир. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 92-сессиясида шу ҳақда баёнот берди.

БМТ Олий комиссари таъкидлаганидек, кейинги даврда бутун дунёда болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги вазият кескин ёмонлашди. Аввало, COVID-19 пандемияси уларнинг таълим олиш ҳуқуқини барбод этди. Иқлим ўзгариши эса навқирон авлоднинг бугуни ва истиқболига таҳдид солмоқда. Жаҳоннинг турли минтақаларидаги мамлакатларда истиқомат қилаётган аксарият болалар ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган ҳудудларда ёки гуманитар ҳалокат юз берган оғир шароитларда кун кечиришга мажбур бўлмоқдалар.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси маълумотларига қараганда, айни вақтда инқироз домида қолган 15 та мамлакатда қарийб 40 миллион бола озиқ-овқат танқислигидан азоб чекмоқда. БМТнинг озиқ-овқат хавфсизлигига оид охирги маърузаси эса сайёрамизнинг навқирон авлоди соғлом ва хавфсиз болалик даврини муносиб яшашини таъминлаш борасидаги ишлар ортга кетаётганини кўрсатмоқда.

Олий комиссар Фолькер Тюркнинг қайд этишича, БМТга аъзо давлатларнинг инсон ҳуқуқлари, шу жумладан, бола ҳуқуқлари бўйича зиммаларига олган шартномавий мажбуриятларини тўлиқ бажариш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ижобати бу борада барқарор молиявий таъминот амалга оширилишини тақозо этади.

Бутун дунёда бола ҳуқуқларини махсус ҳимоя қилиш зарурати дастлаб Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро билл, шунингдек, болалар манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларнинг тегишли ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Хусусан, 1959 йилги Бола ҳуқуқлари декларациясида ҳар бир бола учун ҳеч қандай камситиш ва чеклашларсиз бутун бошли ҳуқуқлар мажмуи мустаҳкамланган.

Ушбу Декларация асосида 1989 йил 20 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бола ҳуқуқлари соҳасидаги биринчи мажбурий халқаро ҳужжатдир. Мазкур ҳужжатда инсониятнинг узвий бўлаги сифатида тан олинган болаларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлари кафолатланган.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг 1992 йил 9 декабрда ўзбек парламенти ратификация қилган биринчи мажбурий халқаро-ҳуқуқий шартнома – Бола ҳуқуқлари конвенциясидир. Бу муҳим далил юртимизда болаларга бўлган юксак эътиборнинг ўзига хос намунаси ҳисобланади. Ушбу Конвенцияни жаҳон болаларининг ўзига хос халқаро Конституцияси дейиш мумкин.

Бундан ташқари, Ўзбекистон бола ҳуқуқларига оид ўнга яқин халқаро шартномага қўшилган. Мамлакатимизда оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини бажариш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва унинг иккита Факультатив протоколи иштирокчиси сифатида мазкур ҳужжатларнинг барча қоидаларига тўлиқ амал қилиб келмоқда. Ушбу Конвенция қоидалари миллий қонунчилигимизга ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятига изчиллик билан имплементация қилинди.

Жорий йилда халқаро ҳамжамият томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганлигининг 35 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шу мақсадда халқаро, минтақавий ва миллий тадбирлар ўтказиш, инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-маърифий ҳамда таълим-тарбиявий ишларни такомиллаштириш, аҳоли, ёшлар ва болалар учун дарслик, қўлланма ва бошқа адабиётларни тайёрлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 35 йиллигини нишонлашга бағишланган тадбирлар дастурларини қабул қилди ва амалга оширмоқда. Бундан мақсад мамлакатимизда давом эттирилаётган бола ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини янада оширишдир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда бола ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Авваламбор, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бола ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланганини таъкидлаш лозим.

Миллий ҳуқуқий тизимда бола ҳуқуқларига оид қонунлар алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистонда ушбу соҳада 100 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Бу борада, айниқса, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Ўзбекистон Президенти, парламенти ва ҳукумати томонидан бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқлар изчил тўлдирилмоқда. Хусусан, 2019 йил 7 декабрда қабул қилинган “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга ва Жиноят-процессуал кодексга ўзгартиришлар киритилди.

Бу борада Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам муҳим аҳамият касб этганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди.

Янги Ўзбекистонда оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш масалалари алоҳида ва доимий эътиборда турибди. Айниқса, давлат раҳбарининг 2020 йил 29 майда қабул қилинган "Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадига қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир.

БМТ Бош котиби Антониу Гуттеришнинг “Ҳар бир боланинг барча ҳуқуқларига амал қилиниши керак” деган даъватига асосан мамлакатимизда сўнги йилларда бола ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш борасида муайян ижобий тажриба тўпланди. Жумладан, оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида боланинг фикри инобатга олиниши белгилаб берилди.

Парламентнинг қонун ижодкорлиги йўналишида ҳам бу борада муҳим натижаларга эришилмоқда. Хусусан, 2020 йил 10 мартда  “Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди.

Шу билан бирга, Олий Мажлис палаталари ва ҳукуматнинг қўшма қарори асосида Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга қулай шарт-шароит яратишга оид миллий ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Соҳадаги ислоҳотларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида мамлакатимизда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили лавозими жорий қилинди. Вакил ҳузурида Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик кенгаши тузилди.

Шунингдек, 2023 йил 11 апрелда имзоланган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссиясининг, вояга етмаганлар ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) идоралараро комиссияларининг фаолияти ислоҳ этилди. Улар тегишинча Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ҳамда Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) комиссиялари этиб қайта ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Миллий стратегиянинг шахсий ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор йўналишлари асосида 2021 йил 12 февраль куни “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.

Ушбу Қонунга биноан, аввало, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 1281-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда унга моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш учун жавобгарлик белгиланди. Бунда жиноятнинг объектив томони зарурий белгиси сифатида қилмиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилганлиги кўзда тутилади.

Шу билан бирга, мазкур жиноят объекти сифатида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахснинг нормал ва ахлоқий ривожланиши эканлигини инобатга олиб, жиноят субъекти ёши 18 ёш этиб белгиланди. Шунингдек, Жиноят кодекси 1482-моддасининг иккинчи қисмига вояга етмаган шахсни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликни белгиловчи ўзгартириш киритилди.

Кейинги йилларда таълим ва тарбия соҳасида туб ўзгаришлар юз бермоқда. Хусусан, 2025 йилга бориб 3-7 ёшдаги болаларнинг 74,5 фоизини мактабгача таълим билан қамраб олишни назарда тутувчи Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш концепцияси ҳаётга жорий этилмоқда. Бунда 2020 йил 23 сентябрь куни "Таълим тўғрисида"ги қонуннинг халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган янги таҳрири қабул қилингани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Янада муҳими, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Мамлакатимизда навқирон авлод вакилларини ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга жуда катта эътибор қаратилмоқда.  Чунки жонажон Ватанимизнинг келажаги, унинг тақдири ва тараққиёти бугун шинам синфхона ва аудиторияларда қунт билан таълим олаётган ёшларнинг қўлида»[1].

Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш жараёнида болаларимизни ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлигини сақлаш, иқтисодий қўллаб-қувватлаш, илмий, ижодий, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, ноёб иқтидори юзага чиқишига кўмаклашиш каби турли соҳаларда салмоқли натижаларга эришилмоқда. Эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, етим ва ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳуқуқлари ҳар томонлама таъминланмоқда.

Шундай қилиб, кейинги йилларда Ўзбекистонда болалар меҳнатига барҳам берилди, болаларнинг таълим олиш ва соғлиққа бўлган ҳуқуқларини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди, болаларнинг қарашларини ҳурмат қилишга оид ҳуқуқий асослар кучайтирилди, шу мақсадда болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус ташкилотлар таъсис этилди. Ногиронлиги бўлган ҳамда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизими мустаҳкамланди.

Қуролли можаролар содир бўлаётган ҳудудлардан ўзбекистонлик болаларни қайтариш, шунингдек, болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини бартараф этиш чоралари кўрилди. Аҳолининг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги хабардорлиги изчил оширилмоқда.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш йўлидаги изчил ислоҳотлар ўз самараларини бераётганини яна бир бор тасдиқлайди. Бу, ўз навбатида, фарзандларимизни ҳар томонлама муносиб ворислар этиб тарбиялаш нуқтаи назаридан жуда ҳам муҳим. Зеро, Нобель мукофоти соҳиби, атоқли инглиз адиби Бернард Шоу айтганидек, «Одам мамлакат ва инсоният учун қилиши мумкин бўлган энг катта хизмат – болаларини тарбиялашидир».

 

Ғулом МИРЗО

[1] Мамлакатимиз мактабларини битирувчи ўғил-қизларимизга/24.05.2024//https://uza.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech