БОЛАЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛАЙЛИК!

1-июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

 

“Халқимиз азал-азалдан болажон халқ ва ўз тақдирини

фаразандларининг фаровон ҳаёти билан боғлайди”.

 

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Биринчи июнь – болалар байрами, болаларни ҳимоя қилиш куни, катталарни болалар ҳақида ўйлашга ундайдиган кундир. Яъни, бу кун фақат болалар учун эмас, балки катталар учун ҳам, уларнинг эътиборини болаларнинг муаммоларига қаратиш учун ҳам керак.

Болалик инсон ҳаётининг энг беғубор даври, энг ажойиб ва гўзал вақти, унинг энг муҳим босқичи ҳисобланади. Айнан мана шу даврда бўлажак шахс жамият билан тўлақонли муносабатда бўлишга тайёргарлик кўради ва ўзининг истеъдоди, ижодий ва ақлий салоҳиятини очиш учун пойдевор яратади.

Катталарнинг вазифаси эса болаларни ёвузлик, зўравонлик ва бепарволикдан ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсиз ва бахтли ҳаёти учун зарур шарт-шароитларни яратиш, юзларини табассум доимо ёритиб туриши учун бор имкониятни ишга солишдир. Бинобарин, болаларнинг қувноқ кулгиси ҳаётимизни янада бахтли, меҳрибон ва қувончли қилади.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунининг рамзларидан бири – болаларнинг табассумидир. Бу беғубор тимсол ҳар бир боланинг ёнида меҳрибон катталар бўлиши, фарзандларимиз бахтли, ақлли ва истеъдодли, меҳрибон ва ғамхўр, муносиб инсонлар бўлиб вояга етишига бўлган эзгу ният ифодасини акс эттиради.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни болалар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш зарурлигини, болаларнинг хавфсизлиги, ҳаёти ва соғлиғи учун катталарнинг жавобгарлигини эслатиб туради. Бу кун ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган болаларга эътибор бериш ҳамда уларга ёрдам беришга, катталар эътиборини болаларнинг долзарб муаммоларига қаратишга чақириқдир.

Ушбу халқаро санани нишонлашдан яна бир муҳим мақсад – болаларни зўравонликдан ва болалар меҳнатидан ҳимоя қилиш, жамоатчилик ва оддий одамларнинг эътиборини болалар муаммоларига қаратишдир. Зеро, жамият учун барча болалар бахтли бўлиб улғайишлари, таълим-тарбия олишлари, ўзлари ёқтирган иш билан шуғулланишлари, келажакда ўз юртининг ажойиб фуқаролари бўлиб етишишлари зарур. Шу маънода, айни сана ҳар бир боланинг қонуний манфаатларини ҳамда асосий ҳуқуқларини, жумладан яшаш, соғлиқ, таълим олиш, оилавий фаровонлик ва зўравонликдан ҳимояланиш ҳуқуқларини таъминлаш муҳимлигини ифодалайди.

Болаларни ҳимоя қилиш куни халқаро ҳамжамиятнинг болаларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш саъй-ҳаракатлари доирасида таъсис этилган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин жаҳон мамлакатларида болаларнинг аҳволи даҳшатли эди, кўпчилик болалар ота-онасидан, бошпанасидан айрилиб, кўчада яшашга, тиланчилик ёки ўғирлик қилишга мажбур бўлганди. Болаларнинг очликдан ёки касалликдан вафот этиши оддий ҳолга айланганди.

Албатта, бундай ҳолатга халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини фавқулодда тарзда қаратиш талаб этиларди. Шунинг учун 1949 йил ноябрь ойида Париж шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро аёлларнинг демократик федерацияси конгресси 1 июнни – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонлашга қарор қилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўзининг устувор йўналишларидан бири деб эълон қилган. Шундан буён бу байрам ҳар йили бутун жаҳонда кенг нишонлаб келинмоқда.

Мана, орада 75 йил ўтган бўлса-да, афсуски, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммолар ҳалигача батамом бартараф этилмади. БМТ маълумотларига кўра, жаҳонда қарийб 150 миллиондан ортиқ бола, яъни беш ёшдан ошган ҳар ўн боладан бири меҳнатга жалб қилинмоқда, 100 миллион бола таълим олиш имкониятидан маҳрум, миллионлаб болалар уй-жойига ва тўғри овқатланиш имкониятига эга эмас, 300 мингдан ортиқ бола фақатгина компьютер ёки ўйинчоқлар бир ёқда қолиб, қўлида қурол билан урушларда қатнашишга мажбур.

Жаҳоннинг энг камбағал 15 та давлатида 260 минг нафар бола тўйиб овқатланмаслик ва иммунитетнинг заифлашуви оқибатларидан азият чекмоқда. Шунинг учун бутун жаҳонда болалар ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга чақириқ бўлган “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” ғояси бугунги кунда ҳам ниҳоятда долзарбдир. 

Бу ҳақда фикр юритганда, БМТ болаларни ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатлар салмоғини тобора ошириб бораётганини таъкидлаш ўринлидир. Хусусан, 1959 йилда БМТ томонидан Бола ҳуқуқлари декларацияси, 1989 йилда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинди. Бу Конвенция жаҳон мамлакатлари томонидан энг кўп ратификация қилинган халқаро шартномага айланди.

Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга 1992 йил 9 декабрда қўшилган ва 2008 йилда мазкур Конвенциянинг икки факультатив протоколини ратификация қилган. Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиз БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ қабул қилинган мажбуриятларига содиқлигини намоён қилиб келмоқда. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон ушбу Конвенция бажарилиши юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига 5 та даврий ҳисобот тақдим этган.

Янги Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар жадаллашди. Бунда “Инсон қадри ва инсон ҳуқуқлари устуворлиги” ҳамда “Ҳеч кимни орқада қолдирмаслик” принципларига мувофиқ ўтказилган конституциявий ислоҳотлар доирасида  Конституцияга боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги илғор нормалар киритилгани, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида боб бағишлангани муҳим аҳамият касб этади.

Бошқача айтганда, янги таҳрирдаги Асосий қонунимизда  бола манфаатларини таъминлашнинг устуворлиги принципи конституциявий асосда мустаҳкамланди. Янги таҳрирдаги Конституциямизга мувофиқ:

биринчидан, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур;

иккинчидан, давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум  бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлайди;

учинчидан, фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар;

тўртинчидан, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир;

бешинчидан, оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади;

олтинчидан, давлат ва жамият болаларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади.

Айни чоғда, миллий қонунчилик ва амалиёт янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун нормалари ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, БМТнинг Бола ҳуқуқлари қўмитаси, ЮНИСЕФ, Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, “бола манфаатларининг энг устуворлиги” принципи асосида изчил такомиллаштирилмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституция қоидалари болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли таъминлашга эришишга қаратилган кенг миқёсли ислоҳотларни рўёбга чиқариш асосларини кучайтирди. Мамлакатимизда бола ҳуқуқларини таъминлашга доир 50 га яқин қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилинди.

Биринчидан, болалар меҳнатига барҳам берилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси минбаридан туриб Ўзбекистонда болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш энг устувор вазифалардан бири эканлигини эълон қилди. Мамлакатда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига қарши курашишнинг ташкилий механизмлари яратилди. Болалар меҳнатига барҳам беришнинг қонунчилик асослари кучайтирилди. 

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодекслари болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузганлик ёки уларни меҳнатга маъмурий мажбурлаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қоидалар билан тўлдирилди. Бу таъсирчан чоралар мамлакатимизда болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклларига барҳам беришда ўз самарасини намоён этди. Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон болалар меҳнатига барҳам беришга қаратилган саъй-ҳаракатлари борасида муваффақиятга эришганлигини эътироф этди.

Иккинчидан, болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус ташкилотлар таъсис этилди. Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) лавозими жорий этилди. 2024 йилда Болалар омбудсмани тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Болалар омбудсмани давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириши белгиланди. Унинг бола ҳуқуқлари масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш, бола ҳуқуқлари бўйича аҳоли хабардорлигини оширишга кўмаклашиш каби вазифалари мустаҳкамланди.

Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси Болалар масалалари бўйича миллий комиссия этиб қайта ташкил қилинди. Миллий комиссияга давлат органлари ва ташкилотларнинг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш топширилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида болалар ҳимоясига бағишланган устувор йўналишлар ҳамда бола манфаатларининг энг устуворлиги принципини қонунчилик ва амалиётга самарали жорий этиш тадбирлари белгиланди. 

Ўзбекистонда аҳолига комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини жорий қилиш мақсадида Президент ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди.  Унинг вазифалари қаторига етим ва чин етимлар билан манзилли ишлаш, оилавий болалар уйлари фаолияти ва болаларнинг ижтимоий ҳолатини доимий мониторинг қилиш тизимини жорий этиш, болалар ногиронлиги масалаларини мониторинг қилиш, болалар манфаатини ижтимоий ҳимоя қилиш каби масалалар киритилди.

Учинчидан, боланинг қарашларини ҳурмат қилишга оид ҳуқуқий асослар кучайтирилди. Хусусан, Оила кодекси, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, боланинг манфаатига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда унинг ўз фикрини ифода қилишга бўлган ҳуқуқи, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида унинг сўзлашга бўлган ҳуқуқи мустаҳкамланди. Бола манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда қарор қабул қилувчи орган ва мансабдор шахс боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар кўриб чиқиши ҳамда боланинг манфаатлари устуворлиги принципидан келиб чиқиб қарор қабул қилишга мажбур эканлиги белгиланди.

Шунингдек, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга киритилган қоидага мувофиқ, бола ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб давлат органларига мустақил равишда мурожаат қилишга ҳақлидир. Ваколатли органлар боланинг манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал этишда унинг фикрини, ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг манфаатлари устуворлигидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши шарт.

Тўртинчидан, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш тизими кучайтирилди. Бундай тоифадаги болаларни тарбиялашнинг, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилди. Бу тизим етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, орзу-истакларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, уларнинг оилага бўлган ҳуқуқини таъминлаш, уларни фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) оладиган оилаларни рағбатлантириш, уларнинг ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлиши сабабларини чуқур ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирларини ўз ичига олди.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш, таълим олишини қўллаб-қувватлаш, ишга жойлаштириш ва бандлигини таъминлаш, улар тарбияланаётган оилаларни моддий, ҳуқуқий ва психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш тартиби такомиллаштирилди. Қолаверса, «Меҳрибонлик уйи», Болалар шаҳарчаси, болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчилари бўлган чин етимлар, шунингдек, йигирма беш ёшгача бўлган васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган етим болалар учун олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталари белгиланди.

Бешинчидан, ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Бунда ногиронлиги бўлган болаларга нисбатан муносабатда медицина ва хайрияга асосланган моделдан ижтимоий ва инсон ҳуқуқларини таъминлашга асосланган моделга ўтиш, ногиронлиги бўлган болаларнинг ўз ҳуқуқларини амалга оширишлари учун шароитлар яратиш, бир жойдан иккинчи жойга кўчишда, таълим олишда, медицина хизматларидан, транспортдан, бино ва иншоотлардан фойдаланишда, ахборот олишда тўсиқсиз муҳитни яратиш, инклюзив жамиятни ривожлантириш тадбирлари рўёбга чиқарилмоқда.

Ногиронлиги бўлган болаларни даволаш мақсадида замонавий воситаларни харид қилиш ҳажми кенгайтирилди. Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилиб, оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш ва уларга манзилли ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш тадбирларини ташкил этиш ва молиялаштириш, болаларнинг ҳаёти учун хавф солувчи оғир, сурункали ҳамда кам учрайдиган касалликларга ўз вақтида ташхис қўйиш ва уларни республикада ёки зарур ҳолларда хорижий давлатларда даволаш учун тиббий, ижтимоий ва молиявий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча механизмларини жорий этиш, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари ҳамда имконияти чекланган болаларни бепул дори воситалари, тиббий ва протез-ортопедик буюмлар билан таъминлаш каби вазифалар юклатилди.

Ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига нафақа тўлови жорий этилди. Шифохоналарда даволанаётган ногиронлиги мавжуд бўлган болага ғамхўрлик қилаётган шахсларга боланинг ёнида бўлиш учун шароит яратилиши, мазкур давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва бепул овқат берилиши, ногиронлиги бўлган талабаларга таълим жараёнида кўмаклашиш учун унинг яқинларидан бирига олий таълим муассасасида ёнида бирга бўлиш учун шароит яратилди.

Барча таълим муассасаларида инклюзивликни, ногиронлиги бўлган болаларнинг барча қатори таълим олиш ҳуқуқидан фойдаланиш шароитлари яратилмоқда. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонида ногиронлиги бор шахслар учун имтиёзлар тақдим этилди. Яъни, I ва II гуруҳ ногиронлиги бор шахсларга абитуриентларни қабул қилиш умумий сонининг икки фоизли қўшимча квотаси киритилди. Кириш имтиҳонларида ногиронлиги бор абитуриентлар учун ўтиш баллари камайтирилди ва тегишли баллни қўлга киритганлар давлат грантлари асосида бюджет жойларига ўқишга қабул қилинадиган бўлди.

Олтинчидан, болаларнинг соғлиққа бўлган ҳуқуқларини таъминлаш чоралари кўрилди. Болалар ўртасида ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволаш самарадорлигини ошириш, оналар ва болалар ўлимини қисқартириш, соғлом болаликни таъминлаш, чекка ва олис ҳудудларда жойлашган мактаблар учун автобус ажратиш ва ўқувчиларнинг бепул қатновини йўлга қўйиш, мактабларни ва мактабгача таълим ташкилотларини ичимлик сув билан таъминлаш, 1-4 синф ўқувчиларининг бепул овқатланишини ташкил этиш каби қатор муҳим вазифалар изчил бажарилмоқда.

Етинчидан, болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Мактабгача таълим муассасалари тармоғи кенгайтирилди, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, 2030 йилга қадар мактабгача таълим билан қамров даражасини 80 фоиздан ошириш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқлари қаторида ўрта таълим соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Унда узлуксиз таълим тизими мазмунини сифат жиҳатидан янгилаш, иқтидорли болалар ва истеъдодли ёшлар билан аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни амалга ошириш тизимини яратиш, ўқитиш усулларини такомиллаштириш, таълим хизматлари сифатини яхшилаш, таълим жараёнига замонавий ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш, коррупцияга қарши курашишнинг таъсирчан механизмини яратиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш даражасини босқичма-босқич ошириб бориш бўйича муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда сифатли олий таълим бериш, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, уларнинг ўз истеъдодларини рўёбга чиқариши учун зарур шарт-шароитларни таъминлашни назарда тутади.

Саккизинчидан, қуролли можаролар содир бўлаётган ҳудудлардан ўзбекистонлик болаларни қайтариш чоралари кўрилди. Хуссусан, 2019-2021 йилларда ҳарбий можаролар юз берган Сурия, Ироқ ва Афғонистон мамлакатлари ҳудудидан Ўзбекистон фуқароларини олиб чиқиш бўйича бешта махсус операция амалга оширилди. «Меҳр» деб номланган ана шу операциялар натижасида чексиз зўравонлик ва тажовуз хавфи остида бўлган жами 531 нафар фуқаро Ўзбекистонга олиб келинди, шулардан 379 нафари – болалардир.

Тўққизинчидан, болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини бартараф этиш чора-тадбирлари амалга оширилди. Аёллар учун никоҳ қуришнинг энг кам ёши 17 ёшдан 18 ёшга оширилди. Бу билан вояга етмаган қиз болалар манфаатларини ҳимоя қилиш учун муҳим қадам қўйилди. Жиноий жавобгарликка тортиш бўйича ёшнинг қуйи чегараси 13 ёшдан 14 ёшга ўзгартирилди. Вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилишда педагог ва психолог қатнашиши шарт эканлиги белгиланди.

Вояга етмаганларга нисбатан жинсий дахлсизликка ва эркинликка қарши жиноятларни содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилди, жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жазо тайинлашни енгиллаштирувчи ҳолатлар, шу жумладан, жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик татбиқ этилмаслиги белгиланиб, бундай жиноятлар учун жазо чоралари оғирлаштирилди, оилавий зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик киритилди. Илгари вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятларни содир этган шахсларнинг болаларга таълим ва тарбия бериш, уларни соғломлаштириш, болалар спорти, ижодий ташкилотларида ишлашини тақиқловчи қоида киритилди.

Ҳозирги кунда Олий Мажлис палаталарида “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Қонун лойиҳасида болаларга нисбатан зўравонликнинг шакллари: жисмоний, жинсий, руҳий зўравонлик, ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация қилиш ва буллинг тушунчаларига ҳуқуқий таъриф берилиб, болаларни улардан ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда ота-оналарнинг мажбуриятларини белгилаш назарда тутилган. Шунингдек, таълим муассасаларида интизомий жазо чораси сифатида зўравонликнинг ҳар қандай шаклини ва бошқа шафқатсиз хатти-ҳаракатларни амалга ошириш ёки қадр-қимматни камситувчи муомалани қўллашга йўл қўйилмаслиги, зўравонликдан жабрланган болаларни ҳимоя қилишнинг умумий ва якка тартибдаги чора-тадбирлари белгиланган.

Ўнинчидан, аҳолининг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги хабардорлигини ошириш тадбирлари амалга оширилди. Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурида аҳолининг бола ҳуқуқлари бўйича хабардорлигини ошириш тадбирлари белгиланди. Шунингдек, таълим муассасаларида «Инсон ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари», «Бола ҳуқуқлари» ўқув курслари жорий этилди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида фуқароларнинг бола ҳуқуқларидан хабардорлигини ошириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 2023 йил 1-10 декабрь кунлари “Инсон ҳуқуқлари” ўн кунлиги тадбирлари ўтказилиб, мамлакатдаги умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кунга бағишланган умуммиллий дарс ўтказилди.

БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 35 йиллигини нишонлашга бағишланган тадбирлар доирасида бола хуқуқларини таъминлаш тўғрисида аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган тарғибот, маънавий-маърифий, ўқув, илмий ва оммабоп тадбирларни ташкил қилинмоқда. Турли қўлланмалар тайёрланмоқда ва нашр этилмоқда. 

Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича Бешинчи даврий ҳисоботини БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига тақдим қилган. Бу ҳисобот 2022 йил 31 август – 1 сентябрь кунлари Женевада бўлиб ўтган Қўмита сессиясида кўриб чиқилган ҳамда Ўзбекистонга Қўмитанинг Якуний мулоҳазалари тақдим қилинган. Ўз навбатида, 2024 йил 21 февралда парламентимиз палаталари Кенгашларининг “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг Бешинчи даврий маърузаси юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалиётга татбиқ этиш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди.

Миллий ҳаракатлар режаси жами 100 та банддан иборат. Унда илғор хорижий тажрибани ўрганиш, мавжуд ҳолатни таҳлил қилиш ва социологик тадқиқотлар ўтказиш, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, тегишли институтларни ташкил этиш, уларнинг моддий-техника базасини кучайтириш, ходимларнинг малакасини ошириш, аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

Миллий ҳаракатлар режасида белгиланган чора-тадбирлар боланинг қарашларини ҳурмат қилиш, болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш, оилавий муҳитдан маҳрум бўлган болаларнинг ҳимоясини таъминлаш, ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, боланинг таълим олиш, дам олиш ва маданий фаолиятда иштирок этиш бўйича ҳуқуқларини таъминлаш ва бошпана излаётган ва қочқин болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби йўналишларни ўз ичига олган. Унда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга рақамли муҳитда болаларнинг шахсий дахлсизлигини ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, “Зўравонликнинг барча турларидан болаларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини қабул қилиш ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, Миллий ҳаракатлар режаси доирасида 5 та миллий стратегияни, жумладан Ўзбекистон Республикасида болаларнинг одил судловдан фойдаланилишини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш миллий стратегияси, Болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларининг олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича стратегия, Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини деинституционализация қилиш миллий стратегияси, Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини амалга ошириш бўйича 2025–2030 йилларга мўлжалланган миллий стратегия, 2024–2026 йилларга мўлжалланган ўсмирлар саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш бўйича комплекс стратегияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифаси белгиланган.

Болаларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди маълумотига кўра, 2022 йилда мамлакатимизда 500 нафарга яқин шахс вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жазога тортилган.

Бу каби муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, қонунчиликни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2023 йил 11 апрель куни “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Мазкур қонунга асосан вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари татбиқ этилмаслиги белгиланди. Яъни, бундай жиноятлар учун жазо чоралари янада оғирлаштирилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кўплаб омилларга боғлиқ соҳа ҳисобланиб, бу ўринда инклюзив таълимга алоҳида тўхталиш лозим. Инклюзив таълим расмий таълим тушунчасидан анча кенг бўлиб, бу таълимда кўпроқ ўқишда, ўрганишда имконияти чекланган болалар билан ишланади.

Ҳукумат Ўзбекистонда алоҳида таълимга муҳтож болалар учун инклюзив таълимни ривожлантиришга қаратилган ҳужжатларни тасдиқлади. Жумладан, умумтаълим мактабларида алоҳида таълимга муҳтож болалар учун бошланғич таянч-коррекцион синфларни очиш тартиблари белгиланди.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2021 йил 12 октябрда «Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга асосан 2020–2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси тасдиқланиб, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар таълим оладиган таълим муассасалари биноларига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар ўқитиладиган таълим муассасаларини зарур адабиётлар, методик қўлланмалар, турли касбларга ўқитиш учун ускуна ва жиҳозлар билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш каби бир қатор вазифалар белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, бола ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш Янги Ўзбекистон сиёсатининг марказида турган устувор вазифалардан биридир. Бугунги кунда давлатимиз ва жамиятимиз боланинг яшаш, шахсий дахлсизлик, фуқароликка, соғлиққа, таълим олишга, оилавий муносабатларга, эркин фикр билдиришга, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимояланганликка бўлган ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва болаларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий манфаатларини таъминлаш борасида салмоқли саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

Болалар биз катталарга ишонишади, улар биздан ҳимоя қилишни ва баркамол инсон сифатида улғайиш учун шарт-шароитлар яратилишини кутади, улар бизга муҳтож ва бизнинг иштирокимизсиз яшай олмайдилар. Келинг, уларнинг болалик орзу-умидларини пучга чиқармай, бахтли ва севимли фарзанд бўлишларига ёрдам берайлик.

 

Ўткир ОЧИЛОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази масъул ходими

«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2024 йил 1 июнь кунги 107 (1168)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech