ЭКОЛОГИЯ ВА БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ

5 июнь — Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни

 

Мавзуни айнан шундай мазмунда танлаганимиз бежиз эмас. Чунки бутун дунёда, жумладан, мамлакатимизда ҳам 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни тантаналари ҳамоҳанг тарзда 5 июнь — Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни тадбирларига уланиб кетди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 1972 йил 15 декабрдаги 27-сессиясида таъсис этилган ушбу халқаро сана халқ орасида “Экологлар байрами” сифатида эътироф этилишининг ўзиёқ унинг экологик тақвимдаги бош байрам эканини тасдиқлайди. Бу байрам учун айнан 5 июнь  танланганининг сабаби шуки, худди шу куни Швеция пойтахти Стокгольмда ўтказилган атроф-муҳит масалалари бўйича БМТ конфренциясида мазкур халқаро санани белгилашга доир резолюция қабул қилинган.

Ўз навбатида, 1972 йил 15 декабрда янги ташкилий тузилма — БМТнинг Атроф-муҳит муҳофазаси бўйича дастури — ЮНЕПга асос солинган. Шундан буён Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни ЮНЕП раҳбарлигида ҳар йили бутун дунёда нишонланади.

Маълумки, бугунги кунда экологик таҳдидлар – бир томондан, ҳозирги даврга хос глобал хатарлар ҳисобланса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жиддий муаммолар қаторига киради. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ўз тарихида илк бор мусаффо, соғлом ва барқарор атроф муҳит – инсон ҳуқуқларининг узвий қисми, деб эътироф этгани ҳамда бундан уч йил олдин бу соҳада Махсус маърузачи мақомини таъсис қилгани худди шу омиллар билан изоҳланади.

Глобал офат – COVID-19 пандемияси дунё давлатларининг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги кўп томонлама шартнома ва битимлар, жумладан, 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари, Париж битими каби ўзаро келишувларда зиммасига олган мажбуриятлари бажарилишига жиддий халал бергани сир эмас. Аксарият мамлакатларда ушбу йўналишдаги вазифаларнинг молиялаштирилиши ва ижроси зарур даражада таъминланмаяпти.

Ҳозирги вақтда Марказий Осиё мамлакатлари ҳам иқлим ўзгаришлари ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари олдида заиф экани сезилди. Айниқса, сув тақчиллиги экинларни суғориш имкониятларини чекламоқда, оқибатда бўлажак ҳосил бой берилмоқда. Бу, ўз навбатида, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланишини хавф остига қўймоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, сайёрамиздаги ҳар бир бола ва ўсмир тоза, соғлом, барқарор атроф-муҳитда яшашга ҳақли. Аммо, “Zamin” фонди ва ЮНИСЕФ томонидан ўтказилаётган форумларда ташвиш билан ва асосли равишда таъкидлаб келинаётганидек, ушбу ҳуқуқ ҳақидаги илҳомбахш гаплар ва бутун дунёдаги миллионлаб болалар кундалик ҳаётида дуч келаётган воқелик ўртасида катта фарқ мавжуд.

Бугунги кунда ифлосланган ҳаво ҳар йили 600 мингдан зиёд боланинг ҳаётига зомин бўлмоқда. Шунингдек, юз миллионлаб бола хавфсиз ичимлик суви ва тўйиб овқатланиш имкониятидан баҳраманд бўла олмаяпти. Болалар уларнинг ривожланиш жараёнларига зиён етказиши ва ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қўрғошин ва симоб каби заҳарли кимёвий моддалар таъсирига дуч келмоқда.

Тадқиқотларга кўра, 2021 йилда туғилган болалар уларнинг 60 йил аввал туғилган бобо ва момоларига нисбатан 7 марта кўп аномал иссиқлик тўлқинларини, икки баробар кўп ўрмон ёнғинларини ва қарийб уч баробар кўп қурғоқчилик ҳолатларини бошидан кечирмоқда. Бу очиқ ва аччиқ ҳақиқат, ўз навбатида, болалар иқлим ўзгаришининг кенг кўламли оқибатлари олдида заиф эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Шу маънода, БМТ барча давлатларни иқлим ўзгариши таъсиридан болаларимизни ҳимоялашга чақиргани бежиз эмас. БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ўтган йили БМТга аъзо давлатлар учун болаларнинг атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлашда нима қилишлари кераклиги ҳақидаги йўриқномани эълон қилди.

Яъни, 2023 йил 28 августда эълон қилинган «Иқлим ўзгариши масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда болалар ҳуқуқлари ва атроф-муҳит тўғрисидаги 26-сонли умумий тартиб шарҳлари» деб номланувчи ушбу йўриқнома фавқулодда иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланишига бағишланган. Унда болалар ҳаёти ва истиқболларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, давлатлардан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига болаларнинг экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ютуқлари ҳақида вақти-вақти билан ҳисобот беришлари талаб қилинади.

Бошқача айтганда, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси биринчи марта Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга биноан аъзо давлатларнинг мажбуриятларини ҳар томонлама ифода этиш орқали болаларнинг тоза, соғлом ва барқарор муҳитга бўлган ҳуқуқини бевосита тасдиқлади. Ўз навбатида, сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқлим ўзгариши таъсирини камайтириш ва унга мослашиш, «яшил» иқтисодиётга ўтиш чораларини жадаллаштириш, «яшил» ва инклюзив иқтисодий ўсиш моделини тарғиб қилишга катта эътибор қаратилмоқда.

Бу борада, жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 5 октябрдаги қарори билан 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқланган. Стратегиянинг мақсади мамлакатимизда «яшил» иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, «яшил» инвестицияларни жалб қилиш, экологик инқирознинг салбий таъсирини юмшатишдир.

Шунингдек, 2021 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган БМТ Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциясининг 26-йиғилишида (CОР26) Ўзбекистон томонидан Париж битими доирасида 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот бирлигида иссиқхона газлари эмиссиясини 2010 йилги кўрсаткичларга нисбатан 35 фоиз камайтириш бўйича қўшимча мажбуриятни ўз зиммасига олиши ҳақида баёнот берилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон 2030 йилга қадар метан эмиссиясини 2020 йилга нисбатан камида 30 фоизга камайтириш бўйича мамлакатларнинг жамоавий мақсадга эришиши бўйича глобал мажбурият тўғрисидаги ташаббусга (Global Methane Pledge) қўшилди.

Яна бир муҳим қадам: Президентимиз 2022 йил 2 декабрда “2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарорни имзолади. Бундан кўзланган мақсад 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишдир.

Бунда, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси доирасида «яшил» ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳамда иқтисодиётнинг барча тармоқларида ресурсларни тежашни янада кенгайтиришга эътибор қаратилмоқда.

Қарор асосида унда белгиланган стратегик мақсадларга эришиш учун, биринчидан, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш дастури; иккинчидан, Саноат тармоқларида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва энергия тежамкорлигини таъминлаш бўйича концепция; учинчидан, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси тасдиқланди.

Ушбу ҳужжатларда болаларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш масаласи қай даражада ўз аксини топган, деган савол туғилиши табиий. Бунга жавобан биргина ҳужжат – 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш дастуридан мисол келтирамиз.

Дастурда, жумладан, «Яшил» иқтисодиётга ўтиш даврида катта таъсир остида бўлиши мумкин бўлган аҳоли ва уларнинг яшаш жойларини қўллаб-қувватлашнинг устувор йўналишлари кўрсатилган бўлиб, ушбу йўналишлар таълим сифати ва натижадорлигини оширишни ҳам ўзида қамрайди. Бу ўринда болалар, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг инклюзив таълимини таъминлаш, сифати ва қамровини ошириш ҳақида сўз бормоқда.

Ўз навбатида, мазкур Дастурнинг «Яшил» ўсиш бўйича салоҳиятни ошириш ва инсон капиталини ривожлантиришга оид устувор йўналишлари қаторида таълим ташкилотларининг тегишли ўқув режаларига «яшил» иқтисодиёт мавзуларини киритиш кўзда тутилмоқда. Бунда тегишли таълим ташкилотларида мавжуд фанлар доирасида «яшил» иқтисодиёт амалиёти ва тамойилларига оид мавзуларини киритиш вазифаси ҳам санаб ўтилганини таъкидлаш даркор.

Бу борада Ўзбекистон болалари ва ёшларини иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича ҳужжат имзолангани ҳам долзарб аҳамиятга эга. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан имзолангани ушбу ҳужжат –  “Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ва Ўзбекистон болалари ва ёшларини иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича Миллий стратегия” ҳамда унинг “Йўл харитаси”дир.

Миллий стратегия ташаббуси эко-фаоллар, шу жумладан, “Eco-schools Uzbekistan” лойиҳаси аъзолари томонидан илгари сурилган. Мазкур стратегия болалар ва ёшларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашишдаги ролини эътироф этиш, уларнинг соҳадаги фаол иштирокини таъминлаш, ўқув жараёнларида асосий эътиборни билим беришдаги муаммоларни ўрганиш ва ечимларни излашга йўналтиришни назарда тутади.

Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ва Ўзбекистон болалари ва ёшларини иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича Миллий стратегиянинг асосий вазифалари, жумладан:

  • “яшил” таълимни илгари суриш бўйича миллий сиёсат ва ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда зарур ўқув ресурсларини яратиш;
  • болалар ва ёшларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ва фаоллаштириш учун турли манфаатдор томонлар ўртасида шериклик муносабатлари ва ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда авлодлар ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим ролини эътироф этиш;
  • мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида “яшил” ҳамжамиятни яратиш каби муҳим масалалардан иборат.

Энг асосийси, ушбу стратегия “яшил” таълим ва барқарор ривожланиш тизимини изчил шакллантириш учун таянч ҳужжат бўлиб хизмат қилиши лозим. Унда сифатли экологик таълимнинг асосий тамойиллари, яъни узлуксизлик, фанлараро боғлиқлик, фундаменталлик ва комплекслик принциплари қайд этилгани алоҳида аҳамиятга моликдир.

Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқида БМТнинг янги экологик сиёсати асосларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурганини таъкидлаш ўринлидир.

Шу янгиланишлар талабидан келиб чиққан ҳолда, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланадиган фаоллар сафини “Экология ҳуқуқи ҳимоячиси” номинацияси ғолиблари ҳисобига кенгайтириш чоралари кўрилди. Айни вақтда мазкур кўкрак нишони билан экожурналист ва педагог Наргис Қосимова, шунингдек,  “Ekomaktab” экологик-ресурс маркази жамоаси тақдирланган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил декабрида бўлиб ўтган БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференциясидаги (СOP28) нутқида ушбу соҳада яна бир муҳим ташаббус илгари сурилди. Бу ўринда жорий йил 15-16 июнь кунлари экология муаммолари ва инсон ҳуқуқларига бағишлаб ўтказиладиган Самарқанд форуми ҳақида сўз бормоқда.

Иқлим, экология ва инсон ҳуқуқларига тааллуқли ушбу долзарб халқаро анжуман “Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболини белгилаш ва барқарор ечимлар топиш” деб номланади. Шу кунларда Самарқанд форумига қизғин тайёргарлик ишлари давом этмоқда.

Мухтасар айтганда, юртдошларимиз иқлим ўзгариши замонамизнинг асосий таҳдидларидан бири экани, одамлар, айниқса ёшлар ва болаларнинг ҳаёт сифатига бевосита тасъсир кўрсатаётгани борасида якдил фикрда экани эътиборга лойиқ. Янада муҳими, давлатимиз ва жамиятимиз ушбу муаммони кечиктирмасдан ҳал қилиш учун зарур чораларни кўриш йўлидан дадил одимламоқда.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech