ТАБИАТНИ АСРАШ — ЎЗ ҚЎЛИМИЗДА
1972 йил 5 июнь куни Стокгольмда БМТнинг атроф-муҳитга бағишланган конференциясида жаҳон атроф-муҳит кунини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинган. Мақсад — халқаро ҳамжамият эътиборини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муаммоларига қаратиш ҳамда глобал экологик инқирознинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш эди. Конференцияда, шунингдек, янги ташкилий тузилма — Атроф муҳит муҳофазаси бўйича БМТ дастури — ЮНЕПга асос солинди.
Жорий йилда ушбу сана “Ерларни қайта тиклаш, чўлланиш ва қурғоқчиликка чидамлилик” шиори остида ўтмоқда. Бу шиор бизга сайёрамизнинг экологик ҳолати ташвишланарли экани, ҳеч бир давлат бу муаммолардан йироқ бўлолмаслигини англатади.
Инсоният фаровонлиги, энг аввало, атроф-муҳит тозалиги ва иқтисодиётнинг.
самарадорлиги, ердаги табиий ресурслардан оқилона ва унумли фойдаланишга боғлиқ. Шу боис, бу сана нафақат она табиатни асраш, балки заминимиздаги бой биологик хилма-хилликни асраб-авайлаш кунидир. Барчамиз она сайёрамизни асраш, табиатни парваришлаш, долзарб экологик муаммоларни ҳал қилиш ҳақида чуқур ўйлашимиз, теварак-атрофимизни янада гўзал ва соғломлаштириш йўлларини излашимиз керак.
ЮНЕПнинг таъкидлашича, инсоният ҳозир учта йирик экологик муаммога дуч келмоқда. Улар: иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва ифлосланишнинг ортиши. Бу жараёнлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Улар ер деградацияси натижасида юзага келмоқда.
Биринчидан, иқлим қанчалик сезиларли даражада ўзгарса, табиий ҳодисалар шунча тез-тез содир бўлади. Сел ва тошқинлар тупроқни емиради, қурғоқчилик унумдор қатламни қуритади, кучли шамол ва бўронлар чанг ва тўзон келтириб, табиатга жиддий зарар етказади ҳамда ер деградациясига сабаб бўлади. Тупроқ углеродни тўплаш ва сақлаш хусусиятини йўқотиб, уни атмосферага қайтаради. Натижада чўлланиш жараёни тезлашиб, унумдор ландшафтлар йўқолиб боради.
Иккинчидан, биологик хилма-хилликнинг қисқариши экотизимларнинг меъёрий ҳаётини тўлиқ йўқ бўлгунга қадар бузади. Биотоплар углеродни унчалик самарали ўзлаштиролмайди. Сув ва ҳавони тозаламай қўяди. Ердаги намлик ва озуқа моддаларини тўплашда муаммолар юзага келади. Экотизимнинг бузилиши тупроққа ҳам таъсир қилади. Ер ҳаётни қўллаб-қувватлаш хусусиятини йўқотиб, ўсимликлар, ҳайвонлар ва микроорганизмларнинг нобуд бўлишига олиб келади.
Учинчидан, ернинг ифлосланиши нафақат унумдорлигига таъсир қилади, балки табиий ресурсларни кескин камайтиради. Тупроқ шунчаки ер бўлаклари эмас, у минглаб тирик мавжудот яшайдиган мураккаб экотизимдир. Микроорганизмлар, замбуруғлар, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг мувозанати бўлмаса, тупроқ нобуд бўлади ва Ер юзида ҳаётни қўллаб-қувватловчи тизим бузилади. Қуриган, заҳарланган, шўрланган тупроқ кимёвий моддаларни ўзгартиролмайди. Ифлослантирувчи моддалар ер ости сувига осонгина кириб боради ҳамда шамол орқали заҳар тарқалади.
Ушбу инқирозлар экотизимга мисли кўрилмаган зарар етказиб, миллиардлаб гектар ернинг қуришига сабаб бўлмоқда. ЮНЕП маълумотига кўра, ҳозир Ер юзининг 40 фоизига жиддий зарар етган. Бу дунё аҳолисининг ярмига бевосита таҳдид солиши мумкин. Мутахассислар келажакда иқтисодий йўқотишлар 44 триллион долларга етиб, жаҳон ялпи ички маҳсулотининг ярмига тенг бўлишини тахмин қилмоқда. Бундан ташқари, дунё аҳолиси очарчилик натижасида оммавий миграция ва можаролар таҳдиди остида қолиши эҳтимоли юқори.
Бу каби муаммоларни ҳал қилиш учун ерни қайта тиклаш ва муҳофаза қилиш зарур. Агар ернинг атиги 15 фоизини тикласак ва таназзулга учрашининг олдини олсак, ҳеч бўлмаганда йўқолиб кетиш хавфи остида турган биохилма-хилликнинг 60 фоизини сақлаб қолган бўламиз.
Юртимизда экологик муаммоларнинг олдини олиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланмоқда.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида дунё эътиборини Орол денгизининг экологик фожиасига қаратди. Унинг қуриши оқибатларини бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришни талаб қилади.
Шунингдек, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида экологик вазиятни тубдан яхшилаш, атроф-муҳит муаммоларини бартараф этиш, иқлим ўзгариши салбий таъсирининг олдини олиш каби мақсадларга алоҳида эътибор қаратилган.
Юртимизда 2021 йилдан ҳозирга қадар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жами 725 миллион туп мевали ва манзарали дарахт экилди. 588 гектар “яшил боғ”, 662 гектар “яшил жамоат парки”, Бухоро, Нукус, Хива ва Урганч шаҳарлари атрофида жами 40 километр масофада “яшил белбоғ” барпо этилди.
Йирик халқаро анжуманлар, олий ва юқори даражадаги ташрифлар доирасида дарахт экиш маросими анъанага айланиб бормоқда. Бундан ташқари, автотранспорт воситаларининг зарарли ташланмаси билан боғлиқ экологик муаммоларни бартараф этиш мақсадида Тошкент шаҳри Миробод туманида жойлашган Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими мутлақо янги услубда ишловчи замонавий диагностика марказига айлантирилди.
Бу ерда автомобилдан чиқаётган зарарли моддалар миқдори текширилади ва экологик текширув натижасидан келиб чиқиб, RFID чип ўрнатилган “қизил”, “сариқ” ёки “яшил” ёрлиқ (стикер) машинанинг олд ойнасига ёпиштирилади.
Келгусида жорий экологик вазиятдан келиб чиқиб, шаҳар ҳудуди бир нечта экологик зонага ажратилади ва транспорт воситаларининг ҳавога чиқараётган зарарли моддалари даражасига кўра, яъни стикер рангига қараб айрим экологик зоналарга киришни босқичма-босқич чеклаш таклиф этилмоқда. Бунда экологик зоналарга рухсат этилмаган транспорт воситаларининг кириши автоматлаштирилган ҳолда назорат қилинади. Қоидабузарлик натижасида келиб тушадиган жарималар ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Бу борадаги ишлар атроф-муҳит ҳолатини юмшатиш, табиий ресурслар деградациясининг олдини олишга хизмат қилади. Натижада нафақат мамлакатимиз, балки минтақада ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий, ҳам экологик барқарорлик таъминланади.
Севара ФАЙЗИЕВА,
Олий Мажлис Сенатининг
Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари
ҳамда экология қўмитаси экспертлар гуруҳи аъзоси
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2024 йил 5 июнь кунги 110 (1171)-сони
- Қўшилди: 05.06.2024
- Кўришлар: 1547
- Чоп этиш