Мамлакатимизда таржимонлар учун халқаро мукофот таъсис этилди

Жамиятимизда китобхонлик маданиятини ошириш қўллаб-қувватланади. Ижодий буюртмалар, муаллиф ва таржимонларга қалам ҳақи кўпайтирилади. Нашриёт ва матбаа корхоналарининг молиявий имкониятларини кенгайтириш мақсадида 5 йилга солиқлардан озод қилинади. Бу муҳим ва долзарб вазифалар Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 22 декабрда бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида кун тартибига қўйилди.

Давлат раҳбари ўша мажлисда таржима санъатининг аҳамиятига тўхталиб, бундай меҳнатни муносиб рағбатлантириш учун Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш ташаббусини илгари сурганди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 июнда қабул қилинган “Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисида”ги қарори айни ташаббусни рўёбга чиқариш йўлида ҳал қилувчи қадам бўлди.

Қарорга мувофиқ, Халқаро мукофот учун танловлар 2025 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта муайян йўналишларда ўтказилади. Олтита йўналиш бўйича аниқланган ғолибларнинг ҳар бири махсус диплом, кўкрак нишони ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.

Ушбу ўта муҳим маънавий-маърифий ташаббус ўзининг теран ва мустаҳкам асосларига эга. Чунки юртимизнинг бадиий таржима соҳаси кўп асрлик ривожланиш тарихи, салмоқли самаралари ва ёрқин намояндалари билан алоҳида ажралиб туради.

Хусусан, Огаҳий, Қутб Хоразмий, Сайфи Сароий каби буюк аждод­ларимиз бундан бир неча асрлар илгари таржимачилик ва таржима назарияси соҳасида жиддий тадқиқотлар олиб борган. Биргина Муҳаммад Ризо Огаҳий Шарқ оламининг йигирмадан ортиқ шеърий ва насрий асарларини, жумладан, Абдураҳмон  Жомийнинг “Баҳористон”, “Юсуф ва Зулайхо”, “Зайнуддин Восифийнинг “Бадоеъ ул вақоеъ” асарларини туркий-ўзбек тилига ўгириб, тенгсиз таржима мактабини барпо этган.

Бунга қадар ўз замонасининг маликул-каломи – сўз султони бўлган мавлоно Лутфий атоқли муаррих Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарини форсийдан туркийга ўн минг байт билан назмий таржима қилганлар, деб қайд этади таниқли адиб ва аллома Мирзо Кенжабек. Лекин, ҳазрат Навоий айтганларидек, баёзга, яъни оққа кўчириб китоб қилмаганлари учун халқнинг эътиборига тушмай қолган. Бу ҳақда Алишер Навоий бобомизнинг “Мажолис ун-нафоис” асарида аниқ маълумотлар мавжуд.

Ўз навбатида, шўролар замонида собиқ иттифоқда биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда миллий таржимашунослик мактабига асос солинган. Бу ўринда атоқли олим ҳамда ҳассос публицист, юртимиздаги кўпчилик журналист ва таржимонлар, олим ва адибларнинг устози – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Ғайбулла Саломовнинг таржимашунослик соҳасини шакллантириш ва ривожлантириш бобидаги алоҳида хизматлари ҳақида сўз бормоқда.

Ўзбек олими собиқ тузум давридаёқ асос солган таржимашунослик мактабининг довруғи нафақат юртимиз, балки дунё миқёсида, хусусан, Франция, Болгария, Словакия, Туркия, Россия, Беларусь, Украина, Арманистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Тожикистон мамлакатлари илмий доираларида эътироф этилган.

Академик Акмал Саидов Домланинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган мақоласида таъкидлаганидек, “Ғайбулла Саломовнинг ўзбек таржимашунослиги мактаби” дея ном олган илмий мактаб мамлакатимиз, ҳаттоки жаҳон илм-фани равнақида беқиёс ўринга эга. Бу мактаб истиқлол йилларида адабиётшунослик, таржимашунослик ва таржимачилик соҳалари тараққиётига айниқса муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Атоқли олимлар Абдузуҳур Абдуазизов ва Нажмиддин Комилов ўз даврида ҳақли равишда қайд этганларидек, Ғайбулла Саломовнинг илм-фан ривожи йўлидаги самарали хизматлари туфайли таржимашунослик — икки тилдаги матнни чоғиштириш ёки бир тилдаги маънонинг иккинчи тилда акс этишини аниқлашгина эмас, балки ўзбек тилининг салоҳияти, бойлиги ва имкониятларини кўрсатиш, жаҳон адабиётини миллий заминда қайта яратиш экани тан олинди. Таржимашунослик шу жараённи умумфилологик кўламда тадқиқ қиладиган фан эканлиги аниқланди. Таржима – Ватан адабиётини бойитиш, ўзаро маънавий қадриятлар, фикр-ғоялар алмашиш воситаси, таржимон эса чинакам ижодкор адиб деб қараладиган бўлди.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, мустамлакачилик замонида барча миллий тиллар қатори ўзбек тилининг ҳам йўқолиб кетишига қаратилган сиёсат олиб борилган. Шунинг учун турғунлик даври деб аталмиш ўша йилларда ўзбек тили асосан бадиий адабиёт ва матбуот тили бўлиб, ижтимоий ҳаёт, олий мактаб, фан ва техника соҳаларида унинг фаолияти торая бошлаган.

Шундай қалтис ва оғир вазиятда Ўзбекистонда тиллардан тилларга таржиманинг илми ва амалиётига таянгувчи Таржима назарияси кафедрасини ташкил қилиш учун мардона иш олиб борилган. Устоз Ғайбулла Саломовнинг бевосита саъй-ҳаракатлари билан 1969 йили ўша пайтдаги ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) негизида собиқ иттифоқда биринчи бўлиб “Таржима назарияси ва амалиёти кафедраси” ташкил этилган.

Кейинчалик янги таржимачилик ихтисоси республикамизнинг олий мактаблари бўйлаб кенг ёйилди. Ҳозирги вақтда мамлакатимиз ҳаётининг етакчи соҳаларида неча минглаб профессионал таржимонлар самарали фаолият олиб бормоқда. Қанчадан-қанча етук бадиий асарлар ўзбек тилидан – хорижий тилларга, шунингдек, жаҳон адабиётининг  сара намуналари – ўзбек тилига таржима қилинмоқда ва нашр этилмоқда.

Мухтасар айтганда, Президентимизнинг янги қарори самарали ижод қилаётган ана шу моҳир таржимонларни муносиб рағбатлантиришга қаратилгани билан жуда долзарбдир. Янада муҳими, ушбу қарор бадиий таржиманинг савиясини тубдан ошириш, ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини хорижий тилларга, жаҳон адабиётининг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech