Глобал дунёда кузатилаётгани каби мамлакатимизда ҳам экология билан боғлиқ муаммолар долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Бу борадаги ҳолатни мақбул изга солиш учун, бир томондан, иқтисодий аҳволни изчил яхшилаш талаб этилса, иккинчи томондан, халқимиз орасида қадимда маълум бўлган экологик маданиятни тиклаш, тарихни яхшилаб ўрганиш ҳамда ундан ҳозирги шароитда фойдаланиш имкониятларини қидириб топиш тақозо этилади.
Инсон фаолияти таъсирида биосферанинг ўзгариши жуда тез кечмоқда. Инсониятнинг табиий жараёнларга ана шундай таъсири натижасида ХХ аср ўрталарида экологик муаммолар авж олиб кетди. Бинобарин, экологик муаммолар аввало инсоннинг табиатга кўрсатаётган таъсирига бориб тақалади.
Цивилизациянинг ривожланиши ва инсониятнинг табиатга таъсири тобора чуқурлашиши оқибатида аҳвол янада ёмон томонга ўзгармоқда. Бугунги кунда ибтидоий соф табиат ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Чунки ер юзидаги бепоён ўрмонлар қирқилиб кетди, ката-катта ҳудудлар деҳқончилик қилиш мақсадида ўзлаштирилди, дорилар билан ўғитланди, тоза ҳаво ва табиат ҳар хил чиқинди ҳамда газлар билан ифлосланди.
Бундан ташқари табиатда тошқинлар, ўрмон ёнғинлари, чанг бўронлари ва бошқа табиий офатлар тез-тез ҳамда ўта ҳалокатли кўламларда юз бериб турибди. Буларнинг барчаси атроф муҳитнинг табиий мувозанатига путур етказяпти.
Дунё бўйича кузатиладиган табиий, антропоген ёки соф антропоген ҳодисалар умумбашарий муаммолар, деб қаралади. Шундай экологик муаммолар сирасига, жумладан, “Атмосферанинг димиқиши” ва “Озон қатламининг сийраклашиши” ҳодисалари, шунингдек, чучук сув тақчиллиги, ўсимлик ва ҳайвон турлари сонининг қисқариши, ерга ишлов беришда заҳарли кимёвий бирикмалардан фойдаланиш муаммолари киради.
Ўзбекистон йирик саноат маркази ва аграр минтақа бўлиб, келажакда дунёга юз тутган машинасозлик, энергетика, кимё, озиқ-овқат саноати, транспорт мажмуини янада ривожлантириш кўзда тутилган. Бундай ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиши, ўз навбатида, экотизим ҳолатига муайян даражада салбий таъсир кўрсатади.
Мутахассисларнинг фикрича, бугунги кунда юртимизда кескин бўлиб турган экологик ва табиатни муҳофаза қилишга оид муаммолар қаторига қуйидагилар киради.
Биринчидан, йирик саноат мажмуалари жойлашган ҳудудларда, яъни Ангрен, Олмалиқ, Чирчиқ, Фарғона, Марғилон, Навоий ва бошқа ҳудудлардаги табиатни муҳофаза қилиш муаммолари долзарбдир. Бу ҳудудларда экотизим ҳолати яхши эмас. Чунки саноат марказлари чиқараётган турли хил газ ва чиқиндилар атмосфера ҳавоси ҳамда атроф-муҳитнинг ифлосланишига олиб келмоқда.
Иккинчидан, агросаноат мажмуидаги экологик муаммолар.
Учинчидан, табиатдаги сувларнинг саноат чиқиндилари, заҳарли моддалар ва минерал ўғитлар билан ифлосланиши ҳам экологик муаммолар қаторига киради.
Тўртинчидан, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш муаммолари, қўриқхоналар ва миллий боғлар тармоғини кенгайтириш борасида ҳам муайян муаммолар мавжуд.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш борасидаги асосий стратегик мақсадлар қуйидагилар ҳисобланади:
- аҳолининг сиҳат-саломатлиги учун қулай шароит яратиш, биосферавий мувозанатни сақлаш;
- Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш самарадорлиги ва барқарорлигини кўзлаган ҳолда, табиий ресурслардан фойдаланишда қайта тикланадиган табиий ресурслар ишлаб чиқариш ва истеъмол жараёнларининг мувозанатини сақлашга эътибор қаратиш ҳамда чиқиндилардан оқилона фойдаланиш;
- минтақавий ва миллий даражаларда табиатнинг қайта тикланиш ҳусусиятини тиклаш;
- табиатнинг дастлабки турлари ва уларнинг генофондини, ландшафтларнинг хилма-хиллигини сақлаш;
- Орол денгизи муаммоси билан боғлиқ ҳалокатли экологик аҳволни яхшилаш ва ҳоказо.
Юртимиз дашт-далалари ва боғ-роғларида сут эмизувчи ҳайвонлар ва қушлар камайиб кетди. Қуриган майдонлар хавфли касалликларни тарқатувчи кемирувчи билан тўлиб бормоқда.
Биз – инсонлар табиатга азалдан қараммиз, биз табиатсиз яшай олмаймиз. Шундай экан, барчамиз табиатни асраб-авайлашимиз, табиат бойликларидан оқилона фойдаланишимиз, ҳар бир томчи сувни тежаб ишлатишимиз, атроф муҳит мусаффолиги ҳақида доимо ғамхўрлик қилишимиз лозим.
Муқаддас ҚОСИМОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими
- Қўшилди: 11.06.2024
- Кўришлар: 1906
- Чоп этиш