Акмал САИДОВ: “Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми дунё миқёсида ноёб ва cамарали мулоқот майдонига айланди”

Жорий йил 13-14 июнь кунлари мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми бўлиб ўтади. Бу галги анъанавий халқаро анжуман «Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги, барқарор ечимлар топиш» мавзусига бағишланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумининг асосий миллий ташкилотчиларидан бири – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказидир. Миллий марказ директори академик Акмал Саидов билан ушбу анъанавий халқаро форумнинг келиб чиқиши, моҳияти ва аҳамияти ҳақида мухтасар суҳбатлашдик.

– Жорий йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумига асос солинганига 6 йил бўлди, – деди А.Саидов. – Анъанавий тарзда ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган ушбу халқаро анжуман қисқа вақт ичида инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларига тааллуқли долзарб масалаларни муҳокама этиш ва натижали ечимлар топиш борасида дунё миқёсида кам учрайдиган ноёб ва самарадор, қулай ва ўзига хос мулоқот майдонига айланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумининг келиб чиқиш тарихи ҳақида фикр юритганда, ушбу халқаро анжуман ташаббускори Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев эканлигини таъкидлаш лозим. Негаки, БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигини дунё миқёсида кенг нишонлаш борасидаги чорловига жавобан давлатимиз раҳбари таклифи асосида “Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми” сифатида илк Самарқанд форуми ташкил этилган.

Шундай қилиб, БМТ ташкил этилганидан кейинги 70 йил давомида Осиё минтақасида биринчи марта инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро форум ўтказилган. Ўша Форумнинг ташаббускори ва мезбони Ўзбекистон бўлган.

– Бу галги Форум нима учун “Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми” деб аталмоқда?

– Бунинг сабаби оддий ва мантиқан асосли. Яъни, кейинги олти йил давомида ушбу анъанавий Форумни тўртинчи бор ўтказмоқдамиз.

Тўртта Форумнинг ўзаро фарқ қиладиган асосий бир жиҳати бор. У ҳам бўлса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумининг ҳар қайсиси инсон ҳуқуқларининг алоҳида бир долзарб мавзуси муҳокамасига бағишланган.

– Шу ўринда Инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи Самарқанд форуми қайси мавзуда ўтказилганини бизга эслата оласизми?

– Инсон ҳуқуқлари бўйича I Самарқанд форуми 2018 йил ноябрида бўлиб ўтган. У “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги якунлари: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик” мавзусига бағишланганди.

Ўша Форум жаҳонда, жумладан, Жануби-Шарқий Осиёдан тортиб Яқин Шарққача бўлган маконда қуролли тўқнашувлар кучайиб, ўзаро ишончсизлик ва низолар, миллатлар ва конфессиялараро ихтилофлар чуқурлашиб бораётган, барқарор тараққиётга қарши бошқа глобал таҳдид ва хатарлар кучайган мураккаб шароитда ўтказилганди.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми иштирокчиларига йўллаган табригида: “бизнинг қатъий ишончимизга кўра, жами 4,5 миллиарддан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Осиё минтақасининг келажаги кўп жиҳатдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 2030 йилга қадар барқарор тараққиёт соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга тайёр бўлишга, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича самарали минтақавий механизмни шакллантиришга боғлиқ”, деб таъкидлангани бежиз эмас. 

Халқаро анжуман якунида БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессияси ҳужжати сифатида тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон парламенти инсон ҳуқуқларининг “Самарқандча руҳи”ни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқланди. Ушбу ҳужжатлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, бу эзгу ишни янги, янада юксак поғонага олиб чиқишга хизмат қилди.

– Иккинчи Самарқанд форуми қайси мавзуда ўтказилган?

– Инсон ҳуқуқлари бўйича II Самарқанд форуми “Ёшлар  ̶ 2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари” мавзусига бағишлаб 2020 йил 12-13 август кунлари ташкил этилган.

Агар эсласангиз, у пайтлар коронавирус пандемияси кучайган бир қалтис давр эди. Шундай мураккаб шароитда Самарқанд форумини онлайн тарзда ўтказишимизга тўғри келган бўлса-да, асосийси, мазкур Форум якунлари бўйича қабул қилинган резолюция БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тақдим этилди. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича II Самарқанд веб-форуми резолюцияси БМТнинг расмий ҳужжатлар тизимида А/74/998 рақами остида жойлаштирилган. БМТнинг 6 та расмий тили – араб, инглиз, испан, хитой, рус ва француз тилларига таржима қилинган.

– Учинчи Самарқанд форуми «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусида ўтказилгандими?

– Шундай. Инсон ҳуқуқлари бўйича III Самарқанд форуми 2022 йил 5-6 декабрь кунлари бўлиб ўтди. Ушбу Глобал форумни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилган.

Глобал форум Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациянинг 11 йиллигига бағишланган тадбирларнинг дастлабкиси бўлди. Кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари Самарқанд форуми иштирокчиларига самимий қутловлар билан мурожаат қилдилар ва халқаро анжуман ишида фаоллик кўрсатдилар.

Жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ф.Тюрк Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бўйича зиммасига олган мажбуриятларини бажариш ҳамда бу борада бошқа мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган самарали саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарнинг таъкидлашича, “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсоният олдидаги қийинчиликларни енгишга кўмаклашади. Айниқса, ёшларга бу соҳада берилган пухта таълим уларнинг фуқаролик фаоллигини оширади. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бутун умр давомида ўқитилиши, мунтазам малака ошириб борилиши ва ўрганилган билимлар амалда қўлланиши талаб этиладиган ўзига хос таълим соҳасидир. Зеро, таълим олиш ҳеч қачон ёш танламайди”.

Форум якунида Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни амалга ошириш бўйича Самарқанд Ҳаракатлар режаси қабул қилинган.

Самарқанд Ҳаракатлар режаси, Глобал форум иштирокчиларининг фикрича, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини амалга ошириш ишига қўшилган катта ҳисса бўлди. Бинобарин, Жаҳон таълим дастурининг ўзи – Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияни тўлдирувчи глобал Ҳаракатлар режаси, деганидир.

– Тўртинчи Самарқанд форуми арафасида турибмиз. Бўлажак Форумнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида қисқача маълумот берсангиз.

– Жорий йил 13 июнда Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми ўз ишини бошлайди. Бу галги анъанавий халқаро анжуман «Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги, барқарор ечимлар топиш» мавзусига бағишланади.

Навбатдаги Самарқанд форуми сайёрамиз миқёсида учта инқироз – иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучайган кескин экологик вазиятда бўлиб ўтади. Шу маънода, Форумнинг асосий мақсади – иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига таъсири билан боғлиқ масалаларни кенг кўламда ва ахборотлар таҳлили негизида атрофлича муҳокама қилишдир.

Халқаро анжуман иштирокчилари ушбу соҳада зарур билимлар олиш билан бир қаторда, халқаро ҳамжамият доирасида ўзаро тажриба алмашиш ва энг мақбул амалиётлар билан танишиш имконига эга бўлади. Форумда асосий эътибор иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига кўрсатадиган салбий таъсирини юмшатишга оид аниқ тавсия ва ечимлар тайёрлашга қаратилади.

Бу борадаги мунозаралар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва ўзгараётган иқлим шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўмаклашадиган самарадор стратегия ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун турли соҳа мутахассисларига қулай майдон бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.

Форум доирасида офлайн ва онлайн тарзда учта ялпи мажлис ўтказилиши мўлжалланмоқда.

Биринчи ялпи мажлис – халқаро ташкилотларнинг атроф-муҳит муаммоларини ҳал қилиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида истиқболли барқарор ечимларни топиш учун зарур инновацион ёндашувлар, илғор тажрибалар ва ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилиш учун қулай мулоқот майдонига айланади.

Иккинчи ялпи мажлисда – глобал иқлим ўзгаришининг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларга таъсири кўриб чиқилади. Ўзгараётган иқлим билан боғлиқ шароитда аҳоли заиф қатламларининг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича аниқ стратегияларни тақдим этишда давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва жамоат институтларининг ролига эътибор қаратилади.

Учинчи ялпи мажлис – ўзгарувчан иқлим шароитида инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш борасидаги мавжуд халқаро ва минтақавий ҳужжатлар таҳлилига бағишланади. Бу сессиянинг асосий мақсади биргаликдаги ёндашувларни ишлаб чиқиш ва сайёрамизда барқарор ҳамда адолатли ҳаёт шароитларини таъминлашга қаратилган глобал стратегияларни ишлаб чиқишдан иборат бўлади.

Форумда 200 нафар мутахассис қатнашиши режалаштирилган. Хусусан, миллий ва хорижий экспертлар, иқлим бўйича мутахассислар, давлат ташкилотларининг иқлим ўзгариши муаммолари билан шуғулланадиган масъуллари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, илмий тадқиқот марказлари, компаниялар, ишбилармон доиралар ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари нуфузли тадбирга таклиф этилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми иштирокчилари экология ва инсон ҳуқуқлари билан чамбарчас боғлиқ айни хавф-хатарлар ҳатто дунё геосиёсий архитектурасига ҳам таъсир кўрсатаётганини ҳисобга олиб, экологик муаммоларга фақат минтақавий даражада ёндашиш билан чекланмай, балки бу глобал таҳдидларнинг ўзига хос жиҳатларига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш  истиқболларини ҳам атрофлича муҳокама қилиши кутилмоқда.

Мухтасар айтганда, кейинги йилларда Ўзбекистон Президенти жаҳоннинг юксак минбарларидан илгари сурган бир қатор миллий, минтақавий ва халқаро ташаббуслар глобал иқлим ўзгаришларининг Марказий Осиё билан боғлиқ таҳдидлари олдини олиш учун минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилаётганига ҳамда барча ҳамкорларнинг манфаатларига бирдек мос келишига амин бўлмоқдамиз.

Шунинг учун ҳам, бўлажак Самарқанд форуми экология муаммоларининг инсон ҳуқуқларига таъсирини ўрганиш ва ушбу салбий ҳолатларга барҳам бериш учун глобал кўламда мақбул ечимлар ишлаб чиқишга бағишланмоқда. Чунки бу изчил саъй-ҳаракатларимиз негизида мавжуд экологик муаммоларга фақат миллий ва минтақавий даражада ёндашиш эмас, балки айни таҳдидларнинг ўзига хос жиҳатларига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш мақсади ҳам мужассамдир.

 

Ғулом МИРЗО суҳбатлашди

«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2024 йил 12 июнь кунги 115 (1176)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech