12 июнь – Жаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни
“Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси «вируси» тарқалишининг олдини олишдир. Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозим, деб ҳисоблаймиз”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида айни фикрларни алоҳида таъкидлагани бежиз эмас.
Хусусан, 2023 йилда 12 июнь – Жаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни бутун дунёда: “Ижтимоий адолат – барча учун. Болалар меҳнатига чек қўямиз!” шиори негизида кенг нишонланди. Бу ҳам ижтимоий ҳимоя билан бола ҳуқуқлари, ижтимоий адолат билан болалар меҳнати ўртасидаги чамбарчас боғлиқликнинг ўзига хос ифодасидир.
Мамлакатимизда 2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилингани муносабати билан айни мавзуга эътибор янада кучайди. Бунда 2023 йилги референдумда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасида “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” деган норма мустаҳкамлангани алоҳида аҳамият касб этади.
Асосий қонунимизда мамлакатимизда амал қилаётган давлатчилик шаклига берилган ана шу аниқ ҳуқуқий таърифга кўра, Ўзбекистон демократик, ҳуқуқий ва дунёвий давлат бўлиш билан бирга ижтимоий давлатдир.
Ижтимоий давлат – айнан халқ фаровонлиги учун хизмат қилади.
Ижтимоий давлат – инсон манфаатларини ҳар нарсадан устун қўяди.
Ижтимоий давлат – қонун устуворлигини таъминлайдиган, эркинлик ва шахсий дахлсизликни таъминлайдиган, ижтимоий хизматлар, таълим, соғлиқни сақлаш тизимини изчил ривожлантирадиган давлатдир.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталари аъзолари, сиёсий партиялар ва жамоатчилик вакиллари билан 2023 йил 8 май куни бўлиб ўтган учрашувдаги нутқида Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат деб эълон қилингани муносабати билан мана бу долзарб масалаларга тўхталди:
“Мамлакатимизда 2 миллион 200 мингдан зиёд оилалар ижтимоий кўмакка муҳтож. Аҳолимизнинг 55 фоизи ёшлардан иборат. Шу ўринда бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Янгиланган Конституциямизда давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари 3 баробар кўпайтирилмоқда. Бу рақамни айтиш осон, лекин уни амалда таъминлаш учун жуда кўп ишлашимиз зарур. Бунга давлат бюджетидан ҳар йили қўшимча 30-40 триллион сўм ажратиш керак бўлади. Бунинг ҳисобидан, ҳар йили юзлаб янги боғчалар, мактаб ва шифохоналар қуришимиз лозим”.
Ўз навбатида, Жаҳон болалар меҳнатига қарши кураш кунининг тарихи ҳақида сўз борганда, ушбу муҳим сана Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан таъсис этилганини эслатиш лозим. Мазкур халқаро санани таъсис этиш ғояси 1997 йили Амстердам ва Ослода бўлиб ўтган болалар меҳнатининг энг ёмон кўринишларига қарши кураш ҳамда болалар меҳнати бўйича халқаро конференциядан сўнг туғилган.
Болалар меҳнати билан боғлиқ муаммоларга бутун башарият эътиборини қаратиш мақсадида ХМТ илк бор 2002 йили Жаҳон болалар меҳнатига қарши кураш кунини ўтказди. Шундан буён болалар меҳнатига қарши курашиш учун ўз кучларини бирлаштирган ҳукуматлар, иш берувчилар, касаба уюшмалари, турли фуқаролик жамияти вакиллари, шунингдек, дунёдаги миллионлаб одамлар ҳар йили 12 июнь кунини кенг нишонлайди.
Сўнгги йигирма йил ичида дунё бўйлаб болалар меҳнатини камайтиришда сезиларли муваффақиятга эришилди. Яъни, 2000-2020 йиллар мобайнида меҳнат билан шуғулланадиган болалар миқдори 16 фоиздан 9,6 фоизга тушиб, 85,5 миллион нафарни ташкил этди.
ХМТга аъзо давлатлар болалар меҳнатининг энг ёмон кўринишларини, иложи борича, тезроқ бартараф этишни мақсад қилган. Бунга эришиш учун ҳам фаолият доирасини кенгайтириш, ҳам сиёсий иродани мустаҳкамлаш талаб этилади.
Ўзбекистон бу борада ХМТнинг бир қатор конвенцияларини ратификация қилган. Мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш йўналишида тегишли комиссиялар фаолият олиб боради.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил сентябрдаги 72-сессиясида нутқ сўзлаган Президент Шавкат Мирзиёев ХМТ билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича таъсирчан чоралар кўрилганини таъкидлади.
Брюссель шаҳрида 2019 йил 1 апрель куни эълон қилинган ХМТ ҳисоботида Жаҳон банки томонидан мамлакатимиз пахта саноатида болалар ва мажбурий меҳнатдан тизимли фойдаланишга барҳам берилгани эътироф этилди. Ўзбекистон ХМТнинг «Мажбурий меҳнат тўғрисида»ги 29-сонли, «Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида»ги 105-сонли, «Энг кичик ёш тўғрисида»ги 138-сонли, «Болалар меҳнатининг энг ёмон кўринишлари тўғрисида»ги 182-сонли конвенцияларини ратификация қилгани бунда муҳим аҳамиятга эга.
Яқин йилларгача юртимизда ўқитувчи-педагоглар, тиббиёт соҳаси вакиллари, талабалар ва ўқувчилар жамоавий ишларга жалб этилгани, улардан ишчи кучи сифатида фойдаланиб келинганидан кўз юмиб бўлмайди. Шукрки, давлатимиз ва жамиятимизнинг ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли сўнгги йилларда бу каби салбий ҳолатларга чек қўйилди: мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг олди олинди.
Натижада 2022 йил 10 мартдан эътиборан “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига глобал бойкот бекор қилинди. Бу қадам айни соҳадаги улкан муваффақият бўлди.
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида, жумладан, 2025 йилгача ер юзида болалар меҳнатининг ҳар қандай турларига бутунлай барҳам бериш кўзда тутилган. БМТ Бош Ассамблеяси мазкур мақсадга эришишда ХМТ асосий ўрин тутишига ишонч билдирган бўлиб, ҳар икки халқаро ташкилот Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги натижадор қадамларини мунтазам қўллаб-қувватлаб келмоқда.
ХМТ конвенцияларида белгиланган тартиб ва талаблар миллий қонунчилигимизга сингдирилаётгани ҳам эътиборга лойиқ. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 44-моддасида мажбурий меҳнатга оид нормалар қуйидагича мустаҳкамлаб қўйилган:
“Суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.
Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан, унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади”.
Ушбу нормаларнинг Бош қомусимизда акс этгани, бир томондан, мажбурий меҳнатга қарши кураш йўлидаги ютуқларимизни тасдиқлаб, бу жабҳада истиқболда амалга оширадиган ишларимиз бардавом бўлишини конституциявий даражада мустаҳкамласа, иккинчи томондан, айни омил Ўзбекистоннинг халқаро имижига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Зеро, мазкур конституциявий нормалар болаларимизни меҳнатнинг оғир шаклларидан ҳимоя этиб, уларнинг баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Бош қомусимиз билан мажбурий меҳнатга ва болалар меҳнатига тақиқ қўйилгани, шубҳасиз, юртимизда инсон қадр-қиммати юксак даражага кўтарилаётганини, бу борадаги сиёсат қатъий эканини англатади. Шу маънода, Ўзбекистоннинг инсон қадрига қаратилган изчил ислоҳотлари халқаро даражада эътироф этилаётгани ҳам табиий ҳол, ҳам шарафли воқеликдир.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 12.06.2024
- Кўришлар: 1461
- Чоп этиш