ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччининг Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумидаги видеомурожаати матни

Ҳурматли ҳамкасблар, хонимлар ва жаноблар. Бугун, афсуски, гўзал Самарқанд шаҳрида шахсан бўлмасам-да, атроф-муҳит ва инсон ҳуқуқларининг долзарб муаммолари ҳақида гапириш имконига эгалигимдан хурсандман.

Ҳозирги кунда атроф-муҳит соҳасида учраётган муаммолар кундалик ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб улгурди ва шундай экан, биз аввало глобал исиш инсон ҳуқуқларига таъсир қилишини ва айни таъсир аллақачон бошланганини англаб етишимиз лозим. Самарқандда бу борада бўлиб ўтадиган мунозара натижалари нафақат ЕХҲТ минтақасида, балки янада кенг кўламларда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши, бундай жонли муҳокамалар кейин ҳам давом этиши ва амалий саъй-ҳаракатга айланиши керак.

Атроф-муҳит ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муаммоларининг асоси муштарак ва бир-бирига мосдир. Шунинг учун ҳам ЕХҲТнинг аксарият давлатлари ўз Конституцияларида соғлом атроф-муҳит ҳуқуқини тан олган.

Атроф-муҳитнинг таназзулга учраши инсоннинг бошқа кўплаб ҳуқуқларига рахна солади. Жумладан, бу офат соғлиқни сақлашнинг энг юқори стандартига эга бўлиш ҳуқуқи, озиқ-овқат, таълим, уй-жой ҳуқуқи ва ҳатто яшаш ҳуқуқи каби ўта муҳим ҳуқуқлар ижобатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу билан бирга, жамоат ишларида қатнашиш ҳуқуқи ёки уюшмалар ва тинч йиғилишлар эркинлиги каби ҳуқуқларни ҳурмат қилиш ва ҳимоя этиш тақозо этилади. Ушбу муҳим масалалар бўйича тарғибот ишларини олиб бориш ва келгусида демократик мунозараларни изчил ривожлантириш – соғлом муҳитга эришиш ишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади, деган фикрдаман.

Бир томонда – кучли иссиқлик тўлқинлари, қурғоқчилик ва чўлланиш, бошқа томонда – ғайритабиий ёғингарчилик ва сув тошқини жуда зарарли оқибатларга олиб келмоқда. Бу каби офатлар туфайли қишлоқ хўжалиги ерлари ва инфратузилмасининг таназзулга юз тутиши аҳолининг энг заиф ва қашшоқ вакиллари турмушига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Экстремал об-ҳаво ҳодисалари аллақачон яшаш, ишлаш ва ўқиш учун хавфсиз жойларни излаётган, айниқса, ўз уйидан узоқда бўлган миллионлаб одамларнинг миграцияга оид турли муаммоларга тўқнаш келишига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун ҳаётни ўзгартирувчи бундай муаммоларга амалий жавоб бериш барча инсонларнинг ҳуқуқлари ва эҳтиёжларини ҳурмат қилиш борасида муҳим аҳамиятга эгадир.

Шу нуқтаи назардан, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари жамиятимизда алоҳида роль ўйнашини яна бир бор таъкидламоқчиман. Бинобарин, ЕХҲТнинг барча давлатлари инсон ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан олган ҳамда инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлигини ҳурмат қилишда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг роли муҳимлигини эътироф этган.

Албатта, бу мажбуриятлар инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳит ҳолатини кузатувчи ҳуқуқ ҳимоячилари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари вакилларига ҳам тегишлидир. Чунки улар айни масалалар бўйича маълумот берувчи, миллий ва халқаро миқёсда ҳаракатга чақирувчи масъулиятли шахслар ва ташкилотлар ҳисобланади.

ЕХҲТнинг аксарият давлатларида тобора кўплаб тинч йиғилишлар бўлиб ўтмоқда. Бу йиғилишларга одатда ёши катта ва тажрибали инсонлар, баъзан ҳатто иқлим ўзгаришининг ўз ҳаёти ва келажагига таъсири ҳақида хавотирларини билдириш заруратини чуқур ҳис этган болалар ҳам бошчилик қилмоқда.

Бундай йиғинлар демократия ва асосий инсон ҳуқуқлари, жумладан, болалар ҳуқуқларининг негизини ташкил этади. Шундай экан, уларни рағбатлантириш ва уларга кўмаклашиш керак. Нега деганда, биз ҳаммамиз атроф-муҳит ўзгаришининг инсон ҳуқуқларига таъсири ҳақидаги глобал муҳокамага шу фаоллар қўшаётган бебаҳо ҳиссани қадрлашимиз лозим.

Афсуски, бу масалалар бўйича ишлаётган ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳимояси баъзан етарли даражада эмас. Биз кўпинча ана шу фаолларга таҳдид қилиш, уларнинг юқори мансабдор шахслар ва тадбиркорлар томонидан камситувчи муомалага дучор бўлиши ёки тинч йиғилиш ўтказишга интилишларининг чекланиши каби номақбул ҳолатларга гувоҳ бўламиз.

Дарҳақиқат, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари орасида тўсатдан йўқолиб қолиш ва қотиллик қурбонига айланиш каби шафқатсиз қисматга энг кўп дучор бўлаётганлар айнан глобал миқёсда атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ҳуқуқлари бўйича иш олиб бораётган инсонлар ҳисобланади.

Хонимлар ва жаноблар, биз биргаликда ушбу глобал муаммони ҳал қила оламиз ва ҳозирги кунда гувоҳи бўлиб турган мавжуд салбий тенденцияларни ўзаро ҳамжиҳатликда бартараф этишимиз тайин.

Бунинг учун соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқ ва тинч йиғилишлар эркинлигини ҳимоя қилиш борасида янада изчил иш олиб боришимиз лозим. Шунда Марказий Осиё минтақаси ва бутун ЕХҲТ ҳудуди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг меҳнати ҳурмат қилинадиган ва ҳимоя этиладиган, атроф-муҳитга оид хавотирлар тингланадиган ва ижобий ечимлар татбиқ этиладиган намунавий минтақага айланади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумининг барча иштирокчиларига самарали муҳокамалар ва минтақамизда инсон ҳуқуқларига ҳурматни янада оширишга ёрдам берадиган барқарор ечимларни излашда муваффақиятлар тилайман. Катта раҳмат.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech