БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюркнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумидаги видеомурожаати матни

Ассалому алайкум. Барчага хайрли кун. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига ва барча ташкилотчи ҳамкорларга ушбу муҳим анжуманга таклиф қилганликлари учун раҳмат. Сизнинг анжуманингизга шахсан қўшила олмаганимдан афсусдаман.

Уч карра сайёра инқирози – иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши ҳар бир инсонга таъсир ўтказади. Бу нафақат сайёрамиз учун, балки инсон ҳуқуқлари учун ҳам инқироздир. Экологик офатлар соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат, сув ва санитария ҳуқуқларига, ҳатто яшаш ҳуқуқига ҳам бевосита таъсир қилади.

Марказий Осиё минтақаси иқлим ўзгаришининг ҳалокатли оқибатларини жуда яхши билади. Бу глобал ўртача кўрсаткичдан тезроқ исиётган минтақадир. Иссиқ тўлқинлар, қурғоқчилик ва кучли ёғингарчилик каби экстремал об-ҳаво ҳодисалари одатий ҳолга айланиб, янада жиддийлашиб бормоқда. Жаҳон банки гуруҳи ва Осиё тараққиёт банки 2090 йилга бориб Фарғона водийсида ҳарорат 5,7 даражагача, Оролқум чўлида 5,6 даражагача кўтарилиши, бу эса инсон ҳаётини яшаш учун яроқсиз ҳолга келтиришини тахмин қилмоқда.

Бутун минтақа бўйлаб ўзгарувчан иқлим кўпчиликни иш излаб уйларини ташлаб кетишга мажбур этмоқда, чунки улар ўз тирикчилиги учун таянадиган ерлар қурғоқчилик ва чўлланиш туфайли таназзулга юз тутмоқда. Биргина Ўзбекистонда қишлоқ аҳолисининг ҳар ўн нафардан уч нафари тоза ичимлик сувдан фойдалана олмайди. Ва, эҳтимол, ҳеч бир жойда Орол денгизидагидек экологик бузилиш кузатилмаган.

Ўтган йили Ўзбекистонда бўлганимда, бунга ўзим гувоҳ бўлганман. Бир пайтлар дунёдаги энг катта кўллардан бири бўлган Орол денгизи ҳозир деярли йўқ бўлиб кетган. Бу эса балиқчилик саноатини вайрон қилди, озиқ-овқат хавфсизлиги ва тирикчилик воситаларининг йўқолишига олиб келди. Қолган сув эса кучли ифлосланган. Очиқ денгиз туби заҳарли чангни чиқариб, нафас олиш ва соғлиқ билан боғлиқ бошқа муаммоларни келтириб чиқармоқда. Денгизга қарам бўлган кўплаб жамоалар мамлакатдаги энг камбағаллар қаторига киради, бу ҳолат эса экологик таназзул номутаносиб равишда заиф ва маргиналлашган аҳоли гуруҳларига ёмон таъсир қилишини эслатиб туради.

Бу мисол шуни кўрсатадики, уч карра сайёра инқирози фақатгина атроф-муҳит ва инсон ҳуқуқлари учунгина фалокат эмас. Бу бизнинг иқтисодиётимиз учун ҳам ҳалокатдир. Марказий Осиёда фақат ўтган йилнинг ўзида иқлим билан боғлиқ офатлар 3 миллиард доллар зарар келтирди. Бизга бир нечта жабҳаларда туб ўзгаришлар керак. Бундай ўзгаришлар фойдадан ташқари, қисқа муддатли ва озчиликнинг манфаатларини кўзлаб иқтисодимизга ёндашиш усулимизни ўзгартиришни ўз ичига олади.

Инсон ҳуқуқлари иқтисодиётида тенгсизликларнинг асосий сабабларини бартараф этиш ва ижтимоий харажатлар, барқарор ривожланиш ва иқлимий ҳаракатларни қарзга хизмат кўрсатишдан устун қўйиш орқали бу ислоҳотларни амалга оширса бўлади.

Бунинг асоси шундан иборатки, барча бизнес моделлари ва барча иқтисодий сиёсатлар инсон ҳуқуқларидан фойдаланишни давом эттириши ва уларга амал қилиши керак. Инсон ҳуқуқлари иқтисодиёти барқарор бўлмаган истеъмол ишлаб чиқариш амалиётига қарши курашиш учун тўсиқлар ўрнатиши ҳам мумкин.

Яқин йиллардаги Марказий Осиё учун асосий имконият яшил ривожланиш бўлади, деб ишонаман. Қайта тикланадиган энергия, барқарор қишлоқ хўжалиги ва табиатни муҳофаза қилиш бутун сайёрамиз учун жуда муҳимдир. Лекин бу омиллар иқтисодий ўсишни таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Яшил ривожланиш эса келажак авлодлар инсон ҳуқуқларидан тўлиқ фойдалана олишлари сари тўғри йўналиш олиш, деганидир.

Маълумки, 2022 йилда БМТ Бош Ассамблеяси бу соҳада муҳим резолюцияни қабул қилиб, одамлар ҳамма жойда тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқига эга эканлигини тан олди. Демак, тоза ҳаво, хавфсиз сув, етарли озиқ-овқат ва барқарор иқлим ҳар биримизга тегишли кафолатланган ҳуқуқлардир. Ҳукуматлар ва бошқа субъектлар, жумладан, хусусий сектор биз ана шу ҳуқуқлардан тўлиқ фойдалана олишимиз учун жавобгардир. Шу маънода, БМТга аъзо давлатларнинг қарийб 83 фоизи, жумладан, Ўзбекистон ҳам ўз ички қонунчилигида соғлом муҳит ҳуқуқини расман тан олгани жуда муҳим.

Айтиб ўтганимдек, мен Ўзбекистонга ўтган йилнинг март ойида ташриф буюрган эдим. Ўшанда одамларнинг мамлакатга тааллуқли инсон ҳуқуқлари, жумладан, атроф-муҳитга оид масалаларни ҳал этишга бўлган қатъияти мени ҳайратга солди.

Ўзбекистон ҳам иқлим ўзгаришидан келиб чиқадиган инсон ҳуқуқлари инқирозини ҳал қилиш бўйича қатъий мажбуриятларни зиммасига олган. Масалан, мен яқинда Марказий Осиёда биринчи бўлиб айнан Ўзбекистон БМТнинг Сув ва саломатлик бўйича Европа протоколига қўшилганини олқишлайман.

Ўтган йили БМТ Бош Ассамблеясида, шунингдек, БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясида ҳам Ўзбекистон иқлим билан боғлиқ масалаларни, жумладан, миграция ва кўчиш муаммоларини ҳал этиш, шунингдек, атроф-муҳит муаммоларида ёшларнинг иштирокини кенгайтириш мажбуриятини зиммасига олди.

Мен Ўзбекистоннинг Универсал даврий шарҳ тавсияларини бажариш бўйича масъулиятли жараёнларда изчил иштирок этаётганини мамнуният билан қайд этман. Бундай муҳим фаолият натижасида халқаро ҳамжамият томонидан мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича қатор тавсиялар берилди ва улар изчиллик билан бажарилмоқда.

Ўзбекистонни Орхус конвенциясини (БМТнинг Европа бўйича иқтисодий комиссияси қабул қилган «Атроф-муҳитга тааллуқли масалалар бўйича ахборотдан эркин фойдаланиш, бу борада қарорлар қабул қилишда жамоатчилик иштирокини таъминлаш ва соҳада одил судловга эришиш тўғрисидаги Орхус конвециясини – таҳрир),  шунингдек, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг Факультатив протоколини ратификация қилиш бўйича зарур чораларни кўришга чақираман.

Мазкур халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг иккиси ҳам экологик муаммолар шароитида ҳисобдорлик, адолат, жамоатчилик иштироки ва ахборотдан фойдаланиш соҳларини ривожлантиришд борасида муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, минтақадаги барча давлатларни келгусидаги халқаро экологик музокараларда, жумладан, БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича йиллик конференцяси, Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенция ва Атроф-муҳитнинг пластик чиқиндилар билан ифлосланиши бўйича Ҳукуматлараро музокаралар қўмитаси тадбирларида ҳамда глобал даражада – Келажак саммитида тўғри ёндашувларни қўллаб-қувватлашга даъват этаман.

Мухтасар айтганда, агар биз қатъият билан ҳаракат қилмасак ва айнан ҳозирданоқ истиқболли саъй-ҳаракатларга киришмасак, атроф-муҳит деградациясининг ҳалокатли оқибатлари сайёрамиздаги обод ҳаётни чақмоқ тезлигида барбод қилишда давом этади. Бу борада фақат тенглик, адолат ва қадр-қимматни эъзозлашга таянадиган инсон ҳуқуқлари тизимига асосланган ҳаракатларгина бизга жуда зарур бўлган ечимларни тақдим этиши мумкин.

Шу эзгу ечимларни тақдим этишда барчангизга самарали муҳокамалар ўтказишнингизни тилайман. Катта раҳмат.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech