(2024 йил 13 июнь, Самарқанд шаҳри)
Ассалому алайкум!
Ҳурматли IV анъанавий Самарқанд форуми иштирокчилари,
Ҳурматли халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари,
Ҳурматли инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро, минтақавий ва миллий институтлар вакиллари,
Ҳурматли парламент аъзолари, депутатлар, сенаторлар ва вазирлар,
Фуқаролик жамияти институтлари фаоллари,
Барчангизни “Экологик таҳдидлар: Ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи, барқарор ечимларни излаш” мавзусига бағишланган IV анъанавий Самарқанд форумининг расмий очилиши билан самимий табриклайман.
Самарқанд форумининг барча иштирокчиларини миллий ташкилотчилар, жумладан:
• Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Адлия вазирлиги ва «Тараққиёт стратегияси» маркази номидан;
халқаро ҳамкорлар, жумладан:
• БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси;
• БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси;
• ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси;
• ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори;
• Ислом ҳамкорлик ташкилоти;
• Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти;
• Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги;
• Европа Иттифоқи;
• Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти;
• Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш;
• Туркий тилли давлатлар парламент Ассамблеяси;
• Фридрих Эберт жамғармаси;
• Конрад Аденауэр жамғармаси номидан самимий қутлайман.
Хонимлар ва жаноблар,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Жаноби Олийлари Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми иштирокчиларига қутлов сўзларини юбордилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот котиби Шерзод Икромович Асадов ўқиб эшиттиради.
Ҳурматли Форум иштирокчилари,
Самарқанд форумининг қисқа тарихига назар ташласак, 2018 йилда биринчи маротаба Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал муаммолар муҳокама қилинган эди. 2020 йилда ўтказилган Иккинчи Самарқанд форуми ёшлар ҳуқуқларига ҳамда 2022 йилда ўтказилган Учинчи Форум инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга бағишланди. Мазкур форумлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муаммоларни муҳокама қилишнинг “Самарқанд анъанаси”ни шакллантирди.
Мазкур Тўртинчи анъанавий Самарқанд форумида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг қатор сессияларида ҳамда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида илгари сурган ташаббуслари асосида глобал иқлим таҳдидлари қаршисида ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш ҳамда унинг инсон ҳуқуқларига салбий таъсирини юмшатиш муаммолари муҳокама қилинади.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳозиргина тадбир иштирокчиларига йўллаган мурожаатларида таъкидлаганидек, “иқлим ўзгариши одамларнинг, айниқса ривожланаётган мамлакатларда нафақат жисмоний, балки ижтимоий фаровонлигига ҳам таҳдид солмоқда”.
Давлат раҳбарининг иқлим ўзгаришининг муҳим масалалари ва унинг инсон ҳуқуқларига таъсири бўйича илгари сурган ташабусслари учун форум иштирокчилари номидан миннатдорлик билдираман ҳамда ушбу ташаббусларни ҳалқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватлашга чақириб қоламиз.
Тўртинчи Самарқанд форумининг ўзига хос хусусиятлари қуйидагиларда ифодаланади:
биринчидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари кун тартибини рўёбга чиқариш бўйича саъй-ҳаракатлар бутун жаҳонда давом этмоқда;
иккинчидан, Самарқанд форумида БМТ ва унинг тузилмалари ҳамда бошқа халқаро ташкилотлардан нуфузли вакиллар иштирок этмоқда;
учинчидан, Форумда иқлим ўзгаришининг инсон ҳуқуқларига салбий таъсир кўрсатишини юмшатиш бўйича турли тамойиллар ва ёндашувлар, шунингдек, бу соҳада халқаро ҳамжамиятнинг турли мамлакатларидаги илғор тажрибалар ва амалиётлар билан ўзаро алмашиниш ҳамда аниқ тавсия ва ечимлар ишлаб чиқишга эътибор қаратиш ҳамда глобал ҳамкорлик муҳимлиги эътироф этилади.
Иштирокчилар жуғрофиясини инобатга олиб, Самарқанд форумининг ишчи тиллари этиб 4 та тил белгиланди: ўзбек тили ва БМТнинг 3 та расмий тили (араб, инглиз ва рус тиллари).
Форумда жами 200 нафардан ортиқ халқаро, минтақавий, хорижий ва миллий ташкилотлар вакиллари офф-лайн ва он-лайн форматда иштирок этмоқда.
Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Турк, БМТнинг 1 та махсус маърузачиси (Инсоннинг тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиси Астрид Пуентес Риано), шунингдек, БМТнинг 2 та шарномавий қўмитаси раислари (БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раиси Анн Марие Скелтон, БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар қўмитаси раиси Лаура-Мария Крачунеан-Тату), 7 та халқаро ташкилот вакиллари (БМТнинг, БМТнинг Туризм бўйича ижрочи директори Зорица Уросевич, БМТнинг Европа иқтисодий комиссиясининг (UNECE) Атроф-муҳит бўйича ёрдамчи маслаҳатчиси Ксения Нечунаева, БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси ишчи органи, Халқаро меҳнат ташкилоти, БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, БМТнинг Ўзбекистондаги Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст фонди), 8 та минтақавий ташкилот (Европа Иттифоқининг Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили, ЕХҲТ, Европа Кенгаши, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Туркий Давлатлар Парламент Ассамблеяси, ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси вакиллари), 14 та хорижий давлат (Туркия, Озарбайжон, Хитой, Дания, Венгрия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Малайзия, Молдова, Мўғулистон, Покистон, Қатар, Уммон, Россия Федерaцияси)нинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари, 30 нафардан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва иқлим масалалари бўйича етакчи миллий ҳамда хорижий экспертлар, тадқиқот марказлари, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари, бизнес доиралар вакиллари қатнашмоқда.
Бундан ташқари, 7 та давлатнинг илмий тадқиқот муассасасалари вакиллари (Индонезия, Япония, Қувайт, Полша, Россия, Швейцария ва Буюк Британия) ҳам иштирок этмоқда.
Шу билан бирга, бугунги анжуманимизда Ўзбекистонда фаолият юритаётган 20 га яқин дипломатик корпус вакиллари (Финляндия, Франция, Европа Иттифоқи, Ҳиндистон, Индонезия, Қувайт, Қатар, Латвия, Руминия, Швецария, Туркия) ҳам иштирок этмоқда.
Форумда 60 дан ортиқ давлат органи ходимлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари вакиллари, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари раҳбарлари ҳамда олий таълим муассасасалари ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этмоқда.
Шунингдек, форум давомида 40 га яқин эксперт томонидан атроф-муҳит муаммолари ва глобал иқлим ўзгаришининг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларга таъсири борасида маърузалар қилиш режалаштирилган.
Хонимлар ва жаноблар,
Форум доирасида экологик таҳдидлар шароитларида барқарор ривожланиш ҳамда ҳар бир инсоннинг, хусусан ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларга тааллуқли шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга имкон берадиган самарали стратегия ва ёндашувлар тақдимоти ташкил этилади. Бу соҳадаги халқаро тажриба ҳамда энг яхши амалиётлар бўйича ўзаро фикр алмашилади ва аниқ тавсиялар ишлаб чиқилади.
Форумда миллий ва хорижий экспертлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, бизнес тузилмалар вакиллари, академик жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари қатнашмоқда.
Форум оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилмоқда, жумладан Ю-туб канали орқали жонли эфирга узатилмоқда.
Экологик таҳдидлар инсоннинг табиатга номутаносиб таъсири натижасида келиб чиққан ҳодиса бўлгани ҳамда ҳалокатли оқибатлари инсон ҳуқуқларига салбий таъсир қилгани учун ҳам экология инсон ҳуқуқлари масаласидир.
БМТ маълумотларига кўра, инсон фаровонлиги ва саломатлигининг 30-40 фоизи атроф-муҳит ҳолатига боғлиқ. Бундан минг йил олдин буюк аждодимиз Абу Али Ибн Сино “Агар ҳавода чанг ва тутун бўлмаса эди, киши минг йил яшаган бўларди”, деган ҳикматининг мазмунида инсониятнинг тақдири уни ўраб турган атроф-муҳит билан боғлиқлигини ифода этган эди.
Қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқ табиий захиралар қисқараётган, экология ва табиат билан боғлиқ муаммолар инсоният келажагига таҳдид солаётган ҳозирги даврда янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шунинг учун экологик таҳдидлар шароитида инсон ҳуқуқларининг тўртинчи авлоди таркибида экологик ҳуқуқлар вужудга келганлиги тўғрисида гапиришга асос бўлмоқда.
Экологик ҳуқуқларни таъминлаш инсоннинг:
биринчидан, қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини;
иккинчидан, атроф-муҳитнинг ҳолати тўғрисида ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқини;
учинчидан, экологик жиҳатдан муҳим қарорлар қабул қилишда иштирок этиш ҳуқуқини;
тўртинчидан, етказилган экологик зарарнинг қоплаб берилишига бўлган ҳуқуқни ўз ичига олади.
Экологик таҳдидларга қарши курашиш, “яшил” иқтисодиётга ва углерод нейтраллигига ўтиш бўйича ҳар қандай чора-тадбирлар инсон ҳуқуқ ва манфаатларини бузмайдиган, тенгсизликни келтириб чиқармайдиган тарзда амалга оширилишини таъминлаш муҳим. Бунда экологик қарорлар қабул қилинишида инсон ҳуқуқларини таъминлаш устувор ўринни эгаллаши керак.
Янги Ўзбекистонда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Инсоннинг экологик ҳуқуқлари конституциявий даражада мустаҳкамланган. Айниқса, аҳолининг энг заиф гуруҳлари, ногиронлиги бўлган шахслар, болалар, аёллар, кекса ёшдагилар, кам таъминланганлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эътибор кучайтирилмоқда.
БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларининг кун тартибидаги “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” шиорига мувофиқ зарур ресурслар барча инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига сафарбар этилмоқда.
Бу жараёнда давлат органлари, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ва бизнес тузилмаларнинг ўзаро ҳамкорликдаги фаолияти муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Ҳурматли Форум иштирокчилари,
Биз БМТ ва унинг инсон ҳуқуқлари бўйича тузилмалари билан самарали ва яқин ҳамкорлик ўрнатганмиз. Самарқанд форумининг доимий ҳамкори бўлмиш, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Турк жанобларининг мурожаатини эшитамиз.
Навбатдаги кириш сўзи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Акбар Жўрабоевич Тошқулов (ўқиб эшиттаради вазир ўринбосари Музраф Мубаракходжаевич Икрамов).
Яна бир халқаро доимий ҳамкоримиз Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидир. Мурожаат учун сўз ушбу ташкилотнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси директори Маттео Мекаччи жанобларига.
Ўзбекистоннинг халқаро тадбирларини доимий равишда БМТ юртимиздаги оиласи, жамоси қўллаб-қувватлайди. Табрик сўзини БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий координатори Сабине Маҳл хонимга бермоқчиман.
Хонимлар ва жаноблар,
Форумнинг якунида “Иқлим ўзгариши шароитида инсон ҳуқуқларини глобал ҳимоя қилиш: барқарор келажак учун мажбуриятлар ва ҳаракатлар тўғрисида Самарқанд декларацияси”ни ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Самарқанд декларацияси иқлим ўзгаришининг инсон ҳуқуқларига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида давлатлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти ва бизнес тузилмалар учун мўлжалланган таклиф ва тавсияларни ўз ичига олади. Жумладан, унда экологик таҳдидлар шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш стратегиялари, ёндашувлар, механизмларни такомиллаштириш учун халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, энг яхши амалиётларни оммалаштириш, инновацион ечимларни ишлаб чиқиш каби масалалар қамраб олинган.
Ушбу ҳужжатнинг лойиҳаси ҳам веб-сайтда бор.
Барча иштирокчилардан Форумнинг якуний ҳужжати лойиҳаси бўйича таклифларини қутиб қоламиз. Таклифлар ва саволларни Форум “чати” орқали беришингиз мумкин. Форум иштирокчиларидан муҳокамаларда фаол қатнашишларини сўраб қоламиз.
Шу билан Форумимиз тантанали очилиш маросими яқунланди. Рухсатингиз билан жамоавий расмга тушиш маросимига ўтсак.
Эътиборингиз учун раҳмат.
- Қўшилди: 13.06.2024
- Кўришлар: 1419
- Чоп этиш