ЕХҲТнинг Иқтисодий ва экологик фаолияти мувофиқлаштирувчиси Бакйт Жусуповнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумидаги видеомурожаати матни

Жаноби олийлари, ҳурматли ҳамкасблар,

Самарқанд форуми иштирокчиларига ЕХҲТнинг Вена шаҳридаги Котибияти салом йўллайди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига ушбу тадбирни ташкил этгани ва самимий таклифи учун миннатдорчилик билдираман.

Бугун сизлар билан, ҳатто виртуал тарзда бўлса ҳам, мулоқот қилиш мен учун катта бахт.

Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган барча миллий ва халқаро ҳамкорларга ташаккур изҳор этаман.

Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва экологик муаммолар ўртасидаги боғлиқликка бугунги куннинг асосий мавзуси сифатида эътибор қаратгани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдиришга рухсат бергайсиз.

Ҳақиқатан ҳам, шахслар ва бутун жамият хавфсизлигига таъсири тобора ортиб борётган айни муҳим масалалар бўйича батафсил муҳокамалар олиб борадиган фурсатимиз келди.

Нисбатан қисқа умримиз давомида ҳаммамиз атроф-муҳит билан боғлиқ беҳисоб ва чинарли ўзгаришларга шахсан гувоҳ бўлиб келмоқдамиз.

Хоҳ бу глобал ҳароратнинг тез кўтарилиши ёки экстремал об-ҳаво ҳодисалари бўладими ёки ўрмонларнинг яксон этилиши ва яшаш жойларининг вайронага айланишими ёхуд чўлланиш ва сув тошқинлари, ифлосланишнинг кучайиши ва сув билан таъминланишдаги тартибсизликларми – буларнинг барчаси, аслида, глобал экологик офатнинг айрим кўринишларига мисоллар холос.

Атроф-муҳитнинг бузилиши инсон ҳуқуқларига салбий таъсир кўрсатаётганини барчамиз кўриб-билиб турибмиз. Экологик муммолар инсоннинг етарлича ҳаёт сифати, хавфсиз уй-жой, озиқ-овқат, соғлиқ, сув ва санитария ҳуқуқи ёки шунчаки ўз ҳаётини хавфсиз ва муносиб тарзда давом эттиришган бўлган асосий ҳуқуқларга дахл қилмоқда.

Биз аниқ биламизки, бу муаммоларнинг таъсири жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари – камбағаллар, ногиронлар, кексалар ва ёшлар ҳаётига энг кўп салбий таъсир кўрсатмоқда. Ушбу муаммоларнинг мураккаблигини инобатга олган ҳолда, ечимлар ҳам ҳар томонлама қамровдор ва яхлит бўлишига эришишимиз керак.

Бу аввало ана шу ечимлар илмий таҳлилга асосланган бўлиши, инсон ҳуқуқларига йўналтирилган ёндашувни қўллаш имконини бериши зарурлигини англатади. Қолаверса, экологик муаммоларнинг инсон ҳуқуқларига салбий таъсирини бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга оширишда сиёсий иродага таяниш ҳам жуда муҳим.

Давлатлар халқаро ҳуқуқ доирасида инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш мажбуриятига эга. Бинобарин, бутун дунё бўйлаб суд жараёнлари атроф-муҳит билан боғлиқ инсон ҳуқуқлари зўравонлигининг даҳшатли оқибатларини тобора кўпроқ намойиш этмоқда.

Бизга яққол аёнки, аксарият зиддиятлар, масалан, гидроэлектростанциялар қуриш, яйловлар яратиш ва қишлоқ хўжалиги ерлари инфратузилмасини ривожлантириш каби мураккаб омиллар сабабли одамлар ўз яшаш жойларини йўқотади.

Бошқача айтганда, дарёнинг бошида турганлар томонидан сувнинг қуйи оқими фойдаланувчиларининг манфаатлари эътиборга олинмайди. Бу борадаги ҳаётий мисоллар атроф-муҳитни самарали бошқариш инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш учун фойдали восита сифатида муҳимлигини кўрсатади.

Шу сабабли ЕХҲТ дунёдаги энг йирик минтақавий хавфсизлик ташкилоти сифатида хавфсизликнинг уч муҳим мезони бўйича иш олиб боради. Булардан биринчиси – ЕХҲТнинг мен вакиллик қилиш шарафига муяссар бўлган иқтисодий ва экологик фаолиятига оид мезонлари бўлса, иккинчи – сиёсий-ҳарбий соҳаларга тааллуқли мезонлар ва учинчиси – инсонийлик мезонларидир.

ЕХҲТ тизимида биз айнан шу мезонларга таянадиган яхлит ёндашувни қабул қилишга ва ривожлантиришга интиламиз. Амалий даражада эса ЕХҲТнинг иқлим ўзгаришидан келиб чиқадиган ва яққол хавф туғдирадиган таҳдидларни бартараф этиш бўйича ташаббусларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашамиз.

Масалан, иқлим ва хавфсизлик бўйича лойиҳамиз иқлим заифликларини бартараф этиш ҳамда иқлимга мослашиш бўйича қўшма ҳаракатлар орқали ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Ушбу лойиҳа доирасида, хусусан, Марказий Осиёдаги баланд тоғлар ҳамкорликнинг устувор йўналиши сифатида белгилаб олинган.

Бу борадаги асосий мақсадимиз – аҳолининг тирикчилик хавфсизлигини таъминлашда ёрдам беришдир. Бунда, хусусан, музлик эриши оқибатларини бартараф этиш ва инсонларнинг иқлим шароити билан боғлиқ ҳолдаги ҳаракатланишига оид муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашамиз.

Шу билан бирга, иқлим ўзгаришининг энергетика секторига таъсирини юмшатиш ва табиий ресурсларни бошқариш бўйича ҳамжамиятларнинг чидамлилигини ошириш устида ишламоқдамиз. Айни чоғда, ичимлик сув муаммосига ижобий ечим топиш, атроф-муҳитни тўғри бошқариш ва табиий офатлар хавфини камайтириш каби бошқа соҳаларда ҳам анча-мунча ишларни амалга ошираяпмиз.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, мен вакили бўлган нуфузли минтақавий ташкилот ўз фаолиятида гендер ва ёшлар нуқтаи назарини интеграциялаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Нега деганда, айнан аёллар ва ёшлар кўпинча қашшоқлик ва иқлим таъсиридан келиб чиққан сув тошқини ва қурғоқчилик каби фалокатларни бошдан кечиради, бу эса аксарият оилаларни чуқур молиявий қийинчиликларга дучор этади.

 Бироқ, хотин-қизлар мослашувчанлик ва барқарор ривожланишга ўтиш йўлларини қўллаб-қувватлашда ўзгаришларнинг ажралмас акторлари ҳисобланади. Шунинг учун ҳам лойиҳаларимиз аёлларнинг қарорларни қабул қилишда кўп даражали иштирокини таъминлашга қаратилган.

Самарқанд форуми доирасида аёллар ва энергия тармоғи, аёллар ва сув тармоғи ҳамда иқлим ўзгариши ва хавфсизлик бўйича гендер тадбирлар ҳақидаги масалаларга мухтасар бўлса ҳам тўхталиш имкони туғилганидан мамнунман. Фурсатдан фойдаланиб, офисимиз билан жуда яқин ҳамкорлик қиладиган ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси фаолиятини алоҳида таъкидламоқчиман.

Ҳозирги кунда ушбу вакилимиз мамлакатингиздаги иқлим билан боғлиқ муаммолар харитасини тузмоқда. Шу асосда ҳукумат аҳолининг, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг эҳтиёжларини қондирадиган ахборот сиёсатини ишлаб чиқиши мумкин.

Бундай лойиҳалар ЕХҲТнинг бутун минтақасидаги бошқа дала миссиялари билан биргаликда амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар жамиятларга бевосита таъсир кўрсатади ва барқарор турмуш шароитларини таъминлаш ҳамда бу соҳадаги сиёсат асосларини яратиш орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Ўз навбатида, Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумидан атроф-муҳитни муҳофаза этиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган барқарор амалиётлар, таъсирчан саъй-ҳаракатлар ва қонунчилик чораларини тақдим этиш борасида самарали муҳокамаларни кутиб қоламиз.

Эътиборингиз учун ташаккур.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech