Султон бин Ҳасан Ал-Жамолий: Ҳозирги ва келажак авлод учун янада яхши келажак қуриш керак!

Инсон ҳуқуқлари соҳасида Қатар тажрибаси

Хабар берганимиздек, 13-14 июнь кунлари мамлакатимизда “Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги, барқарор ечимлар топиш” мавзусида Инсон ҳуқуқлари бўйича IV форум бўлиб ўтди. Анжуманда иштирок этган Қатар Инсон ҳуқуқлари миллий қўмитаси Бош котиби Султон бин Ҳасан Ал-Жамолий ЎзА мухбирига интервью берди.

– Глобал аҳамият касб этиб бораётган Самарқанд форумида экологик муаммолар ҳал қилинишининг аҳамияти, инсон ҳуқуқига таъсири, яхши келажак учун барқарор ечим топиш муҳимлигини таъкидлашга ҳаракат қилдим. Зеро, бу масалалар жуда муҳим ва келажак авлод учун ҳозир янада яхши келажак қуриш йўлида ҳеч ким ортда қолиши керак эмас.

Иқлим ўзгариши дунёнинг барча мамлакатларига ҳам глобал, ҳам трансмиллий таҳдид ҳисобланади. Ҳар бир ҳолатда давлат томонидан кўрилаётган чоралар муҳим. Шу маънода инсон ҳуқуқи бўйича Миллий қўмита Қатар давлати томонидан кўрилган чораларни, жумладан соғлом атроф муҳитга эгалик қилиш ҳуқуқи қонуний тан олинишини ижобий баҳолайди.

Мамлакатнинг доимий Конституцияси 33-моддаси ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мажбурияти белгиланган. Давлатимиз айни йўналишдаги 22 халқаро шартномани ратификация қилган.

Қатарнинг 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегияси иқтисодий, ижтимоий ривожланиш ва атроф-муҳит муҳофазаси ўртасидаги уйғунликни таъминлайдиган тарзда бошқаришга қаратилган. Бу борада амалга оширилган асосий чора-тадбирлардан бири сифатида Атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши вазирлиги тузилганини айтиш мумкин. Шунингдек, муаммоларни ҳал этиш, ҳозирги ва келажак авлодни таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун 2021 йил сентябрда иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича Миллий режа тасдиқланган.

Ушбу воситалар кўплаб ташаббус ва ҳаракатларни амалга ошириш имконини берди. Масалан, Қатар дунёнинг бир неча мамлакатида табиий офатлар, қуролли тўқнашувларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтиришга улкан ҳисса қўшаётганини таъкидлаш лозим.

Атроф-муҳит муаммосининг инсон ҳуқуқига таъсирини камайтириш учун минтақавий ва халқаро ҳамкорлик доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий қўмита 2023 йил февралда “Иқлим ўзгариши ва инсон ҳуқуқи” халқаро конференциясини ўтказди. Якунда Иқлим ўзгариши ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Доха декларацияси қабул қилинди. 2024 йил февралда эса “Озиқ-овқат адолати ва инсон ҳуқуқи” халқаро анжумани ташкил этилиб, яна бир махсус Декларация қабул қилинди.

Ишончимиз комилки, икки конференция тавсиялари ҳаётга тадбиқ этилиши асносида, мазкур ҳужжатлар бутун дунё бўйлаб хавфсиз ва барқарор атроф муҳит яратишга ҳисса қўшади.

Бундан ташқари, қўмита тегишли идоралар билан бирга Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан “Иқлим ўзгаришида миллий институтларнинг роли” тўғрисидаги резолюция қабул қилинишига ҳисса қўшди. Қўмита инсон ҳуқуқига дахлдор экологик муаммоларни ҳал қилишда дунёнинг барча қитъаларидаги миллий институтлар билан ҳамкорликни давом эттирмоқда.

Миллий институтларнинг имкониятини кенгайтириш, Париж тамойилига мувофиқлигини таъминлаш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва атроф-муҳит муаммоси билан боғлиқ тавсияларини ҳисобга олиш жуда муҳим.

Инсон ҳуқуқига асосланган ташаббусларни тарғиб қилиш, қонунчилик, давлат сиёсати соҳасидаги илғор тажрибани ўзаро алмашиш, атроф-муҳит, иқлим ўзгариши билан боғлиқ барча тадбирларга маҳаллий жамоатчилик ва жамиятнинг энг заиф гуруҳларини жалб қилиш зарур, деб ҳисоблайман.

Халқаро шартномаларни, жумладан атроф-муҳит ҳуқуқи билан боғлиқ ҳужжатларни ратификация қилишни, шартнома идоралари ва БМТ тузилмалари тавсиялари бажарилишини рағбатлантириш барчамиз учун бирдек манфаатлидир.

Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech