Музраф Икромов: Фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш – Янги Ўзбекистоннинг устувор стратегик вазифаси (+видео)

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича IV халқаро форум ташкилотчиларидан бири Адлия вазирлиги ҳисобланади.

Форумда сўзга чиққан Адлия вазирининг ўринбосари Музраф Икромов Глобал хавфлар ортган бир шароитда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг барқарор келажагини белгилаб олиш, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш – Янги Ўзбекистоннинг устувор стратегик вазифаларидан бири эканини қайд этди.  

Ўзбекистон Конституциясида ҳам ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқи кафолатланган.  

Форум доирасида вазир ўринбосари билан бевосита мулоқот қилиб, аҳолининг экологик ҳуқуқларини таъминлаш учун қандай ишларни амалга ошириш зарурлиги ҳақида суҳбатлашдик.  

– Экологик муаммолар барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланиб улгурди, – деди М.Икромов. – Бунинг салбий оқибатлари Марказий Осиёда жиддий сезилмоқда. Глобал иқлим ўзгариши оқибатида ёғингарчилик миқдори ҳам кескин камайди. Бу эса, экин майдонларининг кескин қисқариши – чўлланишни кучайтирмоқда.  

Шу боис, давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида жаҳон ҳамжамияти эътиборини давримизнинг ўткир муаммоларидан бири – Оролбўйи ҳудудидаги экологик ҳолатга қаратди. Экологик инқирозлар аллақачон бир давлат чегарасидан чиқиб, том маънода глобал экологик муаммога айланганини таъкидлади.  

Шунингдек, автомобиллар кўпайгани, тирбандликларнинг авж олиб бораётгани ҳам ҳавонинг ифлосланиши сабабларини келтириб чиқармоқда.  

Бу каби салбий омилларни бартараф этиш бўйича юртимизда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари илгари сурган «Яшил макон» ташаббуси чинакам умуммиллий лойиҳага айланди. «Яшил макон» доирасида мамлакатимизда 1 миллиард туп кўчат экилмоқда.

Кейинги йилларда юртимизда муқобил энергия улуши икки бараварга кўпайди. «Яшил» водород ишлаб чиқариш бўйича илк амалий қадамлар ташланди. 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси тасдиқланди, «2019-2030 йиллар даврида мамлакатнинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси» қабул қилинди.  

Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун ҳар ойда «Автомобилсиз кун» акцияси ташкил этилиб, раҳбарлар ва бошқа давлат хизматчилари ишга жамоат транспортида етиб келиши йўлга қўйилди. Шунингдек, аҳолининг пиёда юриши оммавий тарғиб қилиниб, кўплаб «Саломатлик йўлаклари» бунёд этилди.  

Давлатимиз раҳбари томонидан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ҳақидаги ташаббуси бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси қабул қилинди. Бу – Оролбўйи минтақасида қулай муҳитни таъминлаш, институционал асосларни ривожлантириш ва «яшил» трансформацион ўзгаришларни ривожлантириш учун замин бўлди.

Юзага келаётган экологик муаммоларнинг трансчегаравий хусусиятини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясида «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик» резолюцияси қабул қилинди.

Шу билан бирга, эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмасдан,  ички ресурслардан янада самарали фойдаланишимиз зарур. Инсоннинг экологик ҳуқуқи ҳақида гап кетар экан, бу борада, аввало, қонунчиликни янада мустаҳкамлаш, керак бўлса, қонун лойиҳаларини фуқаролар экологик ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилиши нуқтайи назаридан кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.  

Норгул Абдураимова,

Алишер Исроилов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech