ОНА ЗАМИН ГУЛЛАСИН,  АММО ЧЎЛЛАМАСИН

17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва

қурғоқчиликка қарши кураш куни

 

Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи йилдан-йилга, ойдан-ойга, кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу фикрнинг тасдиғи учун энг янги мисолларни келтирамиз.

Биринчи мисол: 2024 йил 29 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида бўлиб ўтган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо давлатларнинг 40-сессиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов 2025-2028 йиллар учун БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо бўлди. Шу тариқа БМТнинг мазкур органига Ўзбекистондан биринчи марта вакил сайланди.

Иккинчи мисол: 2024 йил 4 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан "Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этиш учун ягона фронт бўлиб ҳаракат қилиш ва ҳамкорлик қилишга тайёрлиги тўғрисида"ги резолюциясини бир овоздан қабул қилди. Ушбу ҳужжатда таъкидланганидек, Марказий Осиёда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш минтақада гиёҳванд моддалар савдоси ва гиёҳвандликка қарши кураш билан чамбарчас боғлиқ. Муҳими, резолюцияда Ўзбекистоннинг янги сиёсати туфайли минтақада юз бераётган ижобий ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилган.

Учинчи мисол: 2024 йил 7 июнь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтказилган Халқаро меҳнат конференциясининг 112-сессиясида тарихда илк маротаба Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Маъмурий кенгаши аъзолигига сайланди. Бу ютуқ Ўзбекистоннинг глобал меҳнат сиёсатида, ХМТ томонидан қабул қилинаётган қарорларда, меҳнат муносабатлари тизимини такомиллаштириш юзасидан янги таклиф ва ғояларнинг ишлаб чиқилишида бевосита фаол иштирок этишига янги имкониятларни очади. 

Тўртинчи мисол: БМТ Бош Ассамблеяси 2024 йил июнь ойида Ўзбекистон ва Хитой таклиф этган ва «Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни» деб номланган резолюцияни маъқуллади. Бу қарорда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан 2023 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси ва 2022 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммитида билдирилган ғоялар ўз ифодасини топган. Бу ғоялар умумий хавфсизлик ва фаровонликни таъминлаш учун ҳамжиҳатлик руҳини ривожлантириш, конструктив ҳамкорликка интилиш, тинчлик ва барқарор фаровонликка эришиш йўлида халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини сафарбар этишга қаратилган.

Бешинчи мисол: 2024  йил июнь ойида БМТ Бош Ассамблеясида Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш – ЭКОСОСга бўлиб ўтган сайловда 185 мамлакат томонидан қўллаб-қувватланган Ўзбекистон ҳам 2025 йил 1 январдан бошлаб Осиё-Тинч океани гуруҳида бўшаган тўрт ўриндан бирини эгаллади. Мамлакатимиз тарихда илк бор ушбу тузилмага сайланди.

Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш – БМТ тизимидаги ташкилотларнинг иқтисодий-ижтимоий фаолиятини мувофиқлаштириш учун масъул асосий орган. ЭКОСОС БМТ доирасида барқарор ривожланишнинг барча уч йўналиши – иқтисодий ва ижтимоий соҳалар, шунингдек, атроф-муҳитни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларда муҳим ўрин тутади.

Олтинчи мисол: мамлакатимизда 2024  йил 13-14 июнь кунлари “Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи ва барқарор ечимларни излаш” мавзусига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича IV анъанавий Самарқанд форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон Президенти Форум иштирокчиларига мурожаатида таъкидлаганидек, “Экологик инқироз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги энг асосий тўсиқ ва таҳдидга айланди, глобал миқёсда қашшоқлик билан боғлиқ муаммолар кўпаймоқда, инсоннинг соғлиқ, тоза сув, озиқ-овқат ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш хавф остида қолмоқда. Бундан аввало, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам, хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, аёллар ва болалар жиддий азият чекмоқда”.

Бу салмоқли мисолларнинг барчаси, шубҳасиз, Ўзбекистонда аввало инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилиш масалаларига улкан эътибор қаратилаётганини англатади. Шу билан бирга, Президентимизнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича IV анъанавий Самарқанд форуми иштирокчиларига мурожаатидаги ғоя ва ташаббусларнинг ўзиёқ иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ инсон ҳуқуқлари муаммоларига ечим топиш масаласи давлат раҳбарининг доимий ва алоҳида эътибор марказида турганини тасдиқлайди.

Бунга яна бир мисол: Президентимиз 2022 йил 10 июнь куни “Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини имзолаган. Ушбу қарорнинг 17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни арафасида қабул қилингани бежиз эмас, Зеро, айни эзгу интилиш ерлар деградациясига қарши курашиш борасида Ўзбекистон ва халқаро ҳамжамиятнинг ёндашувлари уйғунлигидан далолат беради.

Бу ҳақда сўз борганда, аввало, 17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни тарихи ҳақида мухтасар тўхталиш лозим. Ушбу халқаро сана БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1995 йил 30 январда таъсис этилган бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши кураш конвенцияси қабул қилинган кун муносабати билан танланган.

Ўзбекистон Осиё минтақасидаги давлатлар орасида биринчилар қаторида БМТнинг Чўлланишга қарши кураш конвенциясига аъзо бўлган. Ушбу Конвенция 1995 йил 31 августда Ўзбекистон парламенти томонидан ратификация қилиниб, 1996 йилдан кучга кирган. Бугунги кунда мазкур Конвенцияга 196 та давлат аъзо ҳисобланади.

Қурғоқчилик – экинларнинг ҳосилдорлигини йўқолиши, ўрмон ёнғинлари ва сув танқислиги натижасида инсонлар ҳаётининг барбод бўлиши нуқтаи назардан энг дахшатли табиий офатлардан биридир. Сўнгги йилларда озиқ-овқат ва сув танқислиги, кучли қурғоқчилик туфайли юзага келган ўрмон ёнғинлари кучайган.

Ернинг таназзулга учраши ва иқлим ўзгариши натижасида кучайган қурғоқчилик айниқса шиддатли тус олмоқда. Бундай ташвишли ҳолат 2000 йилга нисбатан 29 фоиз кўп ва ҳар йили 55 млн. кишига таъсир қилади. Энг ачинарлиси, 2050 йилга бориб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмига таъсир қилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ахборот хизмати маълумотларига қараганда, ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг 70 фоиз ёки 31,4 млн гектар ери қурғоқчил майдонлар бўлиб, улар асосан табиий шўрланган, кўчма бархан қумликлар ва қумликлардан иборат чўл ҳамда иссиқ гармсел шамоллари таъсиридаги ҳудудлардир.

Орол денгизи сув сатҳининг қуриши туфайли Ўзбекистонда яна қўшимча 3 млн гектардан ортиқ майдонда Оролқум пайдо бўлди. Натижада ушбу минтақада экологик муҳит ёмонлашиб, чўлланиш жараёнлари янада кучайди ва кўплаб ижтимоий муаммоларни юзага келтирди.

Мамлакатимизда 2017 йилдан буён CADI — “Марказий Осиёдаги чўллар бўйича ташаббус” лойиҳаси амалга оширилиб келмоқда. Лойиҳа Бирлашган Миллатлар озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан амалга оширилиб, Германия ҳукумати томонидан молиялаштирилмоқда.

Экспертларнинг фикрича, ерларни қайта тиклаш биохилма-хилликни сақлашга ҳисса қўшади. Ернинг исишига таъсир этувчи атмосфера углеродининг ерда сакланиб колиши туфайли иқлим ўзгариши жараёни секинлашади. Шунингдек, бу иқлим ўзгариши оқибатларининг юмшашига олиб келиши ва COVID-19 пандемияси тугагач, “яшил” тикланишга асос бўлиши мумкин.

Президентимизнинг 2019 йил 22 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада улкан аҳамият касб этди. Қарор мамлакатимизда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш ишлари самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Мазкур қарор билан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига бир қатор қўшимча функциялар юклатилди. Айниқса, юртимизда чўлланишнинг олдини олиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш масалалари бўйича ҳалқаро ва минтақавий ташкилотлар билан самарали ўзаро хамкорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида фикр юритганда, хусусан, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан 2019-2023 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилгани ва амалга оширилгани ҳақида тўхталиш мақсадга мувофиқ. Чунки юртимиз учун энг долзарб қайноқ ҳудудлар танлаб олинган мазкур “Йўл харитаси” негизида қисқа муддат ичида бир қатор ибратли ишлар бажарилди.

Мисол учун, Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида 2019-2022 йилларда қарийб 1,7 миллион гектар майдонда ўрмон барпо этиш ва қайта тиклаш тадбирлари амалга оширилди. Бундан ташқари, Бухоро вилоятида Қизилқум чўлларига туташ ҳудудларидаги суғориладиган водий ерларни ҳамда инфратузилмаларни қум босишидан сақлаш мақсадида 200 минг гектардан ортиқ майдонда Бухоро яшил қалқони яратилмоқда. Навоий вилоятида эса 150 минг гектардан ортиқ чўл яйловлари ҳолатини яхшилаш мақсадида саксовулзорлар барпо этилмоқда.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ерлар деградациясига қарши курашиш масалалари бўйича қўшимча вазифалар юклатилгани диққатга моликдир. Вазирлик, жумладан:

  • ерлар деградацияси жараёнлари билан курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритади;
  • ушбу соҳада давлат дастурлари ва истиқболга мўлжалланган стратегияларни ишлаб чиқади ҳамда уларни амалга оширишда иштирок этувчи вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштиради;
  • ерлар деградацияси ва чўлланиши, шу жумладан ерларни тиклаш, рекультивация ва мелиорация тадбирлари, яйловлардан алмашлаб фойдаланиш, уларни сақлаш ва фитомелиорациялаш, қишлоқ хўжалиги экинларини алмашлаб экиш, ўрмонлар ва иҳотазорлар барпо қилиш жараёнлари мониторингини юритади;
  • ерлар деградациясига қарши курашиш ишларини олиб боришга масъул корхона, муассаса, ташкилотлар раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслар учун бу бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Ерлар деградацияси жараёнлари билан курашиш масалалари бўйича департамент ва ҳудудларда Ерлар деградациясига қарши курашиш бўлимлари ташкил этилган.

Хулоса қилиб айтганда, ер юзида глобал миқёсда иқлим ўзгариши, чўлланиш жараёнлари кучайиб бораётган ҳозирги замонда, айниқса, бизнинг кам ўрмонли минтақамизда, асосан қумли чўл ҳудудларида ўрмонзорлар майдонларини кенгайтириш ва ерлар деградациясига қарши курашиш жуда улкан аҳамиятга эга.

Бу муҳим омил, шунингдек, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этиш, маҳаллий аҳолининг чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича хабардорлигини ошириш, ерлардан барқарор фойдаланиш дастурларини амалиётда қўллашни  ҳам тақозо этади.

Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, “Париж битимида таъкидланганидек, иқлим ўзгаришига қарши чоралар кўрилаётганида, давлатлар инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиши, рағбатлантириши ва ҳимоя қилиши, асосий диққат-эътиборини мазкур соҳадаги мажбуриятларини бажаришга қаратишлари лозим”.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech