ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ СОҲАСИДАГИ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ

«Ҳеч шубҳасиз, инсоният тўқнаш келаётган иқлим билан боғлиқ кескин муаммолар оқибатларини юмшатиш инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади. Шу боис, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиёда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги резолюциясини ишлаб чиқиш ва илгари суриш бўйича ташаббусимизни қўллаб-қувватлайсизлар, деб ишонаман».

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича IV анъанавий Самарқанд форуми иштирокчиларига мурожаатида айтилган бу сўзлар жорий йил 13-14 июнь кунлари “Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи ва барқарор ечимларни излаш” мавзусига бағишлаб ўтказилган мазкур анжуманнинг аҳамиятини янада оширди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича “Самарқанд руҳи”

 

Давлатимиз раҳбарининг мурожаатида, даставвал, юртимизда илк бор 2018 йилда ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми жаҳон амалиётига ўзига хос “Самарқанд руҳи”ни олиб киргани эътироф этилди. Бу ўринда бундан 6 йил олдин ноябрь ойида “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги якунлари: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик” мавзусида бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича I Самарқанд форуми ҳақида сўз бормоқда.

Шундан сўнг Инсон ҳуқуқлари бўйича II Самарқанд форуми “Ёшлар  ̶ 2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари” мавзусига бағишлаб 2020 йил 12-13 август кунлари, ўз навбатида, «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича III Самарқанд форуми 2022 йил 5-6 декабрь кунлари ташкил этилди.

Шу тариқа инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг долзарб муаммоларга бағишланган Самарқанд форумларини ўтказиш яхши анъана тусини олди. Бинобарин, Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумининг келиб чиқиш тарихи ушбу анъанавий халқаро анжуман ташаббускори шахсан Ўзбекистон Республикаси Президенти эканлигини яққол тасдиқлаб турибди.

Президентимиз Инсон ҳуқуқлари бўйича IV анъанавий Самарқанд форуми иштирокчиларига мурожаатида таъкидлаганидек, “Экологик инқироз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги энг асосий тўсиқ ва таҳдидга айланди, глобал миқёсда қашшоқлик билан боғлиқ муаммолар кўпаймоқда, инсоннинг соғлиқ, тоза сув, озиқ-овқат ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш хавф остида қолмоқда. Бундан аввало, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам, хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, аёллар ва болалар жиддий азият чекмоқда”.

Самарқанд форуми иштирокчилари ўз чиқишларида иқлим ўзгаришининг муҳим масалаларига мунтазам равишда қаратиб келаётган юксак эътибори ва бу борада илгари сурган ташаббуслари учун Ўзбекистон Президентига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар. Ўз навбатида, сўзга чиққанларнинг барчаси халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Бошқача айтганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича IV анъанавий Самарқанд форуми давомида жаҳон амалиётида ўзига хос ўрин эгаллаб улгурган “Самарқанд руҳи” яна бир бор ўзини баралла намоён этди. Бинобарин, анъанавий Самарқанд форуми Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари кун тартибини рўёбга чиқариш бўйича саъй-ҳаракатлар бутун жаҳонда давом этаётганининг яна бир амалий исботи бўлди.

Қолаверса, Самарқанд форумида БМТ ва унинг тузилмалари ҳамда бошқа халқаро ташкилотлардан нуфузли вакиллар иштирок этгани, шубҳасиз, айни йўналишда глобал ҳамкорлик муҳимлиги эътироф этилаётганининг ёрқин ифодасидир.

Яна бир аҳамиятли жиҳати — форумда иқлим ўзгаришининг инсон ҳуқуқларига салбий таъсир кўрсатишини юмшатиш бўйича турфа тамойил ва ёндашувлар, шунингдек, бу соҳада турли мамлакатлардаги илғор тажриба ва амалиётлар билан ўзаро алмашиниш асосида аниқ тавсия ва ечимлар ишлаб чиқишга эътибор қаратилди. Бундай ёндашув Ўзбекистон Президентининг: “Париж битимида таъкидланганидек, иқлим ўзгаришига қарши чоралар кўрилаётганида, давлатлар инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиши, рағбатлантириши ва ҳимоя қилиши, асосий диққат-эътиборини мазкур соҳадаги мажбуриятларини бажаришга қаратишлари лозим”, деган фикрлари билан уйғун ва ҳамоҳангдир.

 

“Келажак авлодлар тақдири учун барчамиз улкан масъулиятни ўз зиммамизга оладиган вақт келди”

 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу даъвати айнан Инсон ҳуқуқлари бўйича IV анъанавий Самарқанд форуми очилишида янграгани бежиз эмас. Чунки ушбу Форум иштирокчиларига ҳозиржавоблик билан йўлланган мурожаатнинг ўзиёқ иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ инсон ҳуқуқлари муаммоларига ечим топиш масаласи Ўзбекистон лидерининг алоҳида эътибор марказида турганидан далолатдир.

Бу галги Самарқанд форуми сайёрамиз миқёсида учта инқироз — иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучайган кескин экологик вазиятда бўлиб ўтди. Шу маънода, форумнинг асосий мақсади — иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига таъсири билан боғлиқ масалаларни кенг кўламда ва ахборотлар таҳлили негизида атрофлича муҳокама қилишдан иборат бўлгани табиий.

Ўзбекистон Президенти Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумига кўплаб халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, турли давлатлар, илмий доиралар ва бизнес соҳаси намояндалари таклиф қилинганини алоҳида таъкидлагани мутлақо асослидир.  Ҳақиқатан ҳам, форумда жами 200 нафардан ортиқ халқаро, минтақавий, хорижий ва миллий ташкилотлар вакиллари офф-лайн ва он-лайн тарзда иштирок этди. Улар орасида 4 нафар БМТнинг юқори даражадаги мансабдор шахси, 7 та халқаро ташкилот, 8 та минтақавий ташкилот, 14 та хорижий давлат вакиллари ва турли алоқадор институтларнинг 30 нафар эксперти, 7 та давлатнинг илмий тадқиқот муассасасалари, Ўзбекистонда фаолият юритаётган 20 га яқин дипломатик корпус вакиллари бор эди.

Шунингдек, форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари вакиллари, вазирликлар раҳбарлари ҳамда олий таълим муассасалари ва фуқаролик жамияти вакиллари қатнашди. Форум давомида атроф-муҳит муаммолари ва глобал иқлим ўзгаришининг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларга таъсири борасида 70 дан зиёд эксперт маърузалари тингланди.

Бинобарин, бундай глобал муаммоларга самарали ечимлар топишда ўзаро жам бўлиб ва барча босқичлардаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштирган ҳолда иш тутиш жуда муҳимдир. Худди шу боис Самарқанд форумида экология муаммоларининг инсон ҳуқуқларига таъсирини ўрганиш ва ушбу салбий ҳолатларга барҳам бериш учун глобал кўламда мақбул ечимлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Форум якуни: Самарқанд декларацияси

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми экология ва инсон ҳуқуқлари билан чамбарчас боғлиқ хавф-хатарлар ҳатто дунё геосиёсий архитектурасига ҳам таъсир кўрсатаётган мураккаб ва ўта масъулиятли шароитда бўлиб ўтди. Шунинг учун иштирокчилар экологик муаммоларга фақат минтақавий даражада ёндашиш билан чекланмай, балки бу глобал таҳдидларнинг ўзига хос жиҳатларига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш истиқболларини ҳам атрофлича муҳокама қилдилар.

Хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ўзининг видеомурожаатида қайд этганидек, «агар биз қатъият билан ҳаракат қилмасак ва айнан ҳозирданоқ истиқболли саъй-ҳаракатларга киришмасак, атроф-муҳит деградациясининг ҳалокатли оқибатлари сайёрамиздаги обод ҳаётни чақмоқ тезлигида барбод қилишда давом этади. Бу борада фақат тенглик, адолат ва қадр-қимматни эъзозлашга таянадиган инсон ҳуқуқлари тизимига асосланган ҳаракатларгина бизга жуда зарур бўлган ечимларни тақдим этиши мумкин».

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Директори Маттео Мекаччининг эътироф этишича, “Экстремал об-ҳаво ҳодисалари аллақачон яшаш, ишлаш ва ўқиш учун хавфсиз жойларни излаётган миллионлаб одамларнинг кўпинча ўз уйларидан узоқда бўлган жойларга миграция қилиши ва кўчишига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун ҳаётни ўзгартирувчи бундай муаммоларга жавоб бериш барча одамларнинг ҳуқуқлари ва эҳтиёжларини ҳурмат қилиш йўлида жуда муҳимдир”.

ЕХҲТ Иқтисодий ва экологик фаолияти мувофиқлаштирувчиси Элчи Бакит Жусуповнинг видеомурожаатида маълум қилинишича, «ҳозирги кунда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси мамлакатдаги иқлим билан боғлиқ муаммолар харитасини тузяпти. Шу асосда ҳукумат аҳолининг, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг эҳтиёжларини қондирадиган ахборот сиёсатини ишлаб чиқиши мумкин. Бундай лойиҳалар ЕХҲТнинг бутун минтақасидаги бошқа дала миссиялари билан биргаликда амалга ошириляпти».

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Бош котиби ўринбосари Нурлан Сеитимов онлайн чиқишида қайд этганидек, «экология соҳасида онгли шахсни тарбиялаш — сайёрамиз ҳаётини сақлаб қолишнинг муҳим шартларидан биридир. Бунда таълим ва маданият дастурларида экологик тарбия муҳим ўрин эгаллаши лозим. Бу соҳада тўпланган тажрибаларни ҳозирги замон илм-фанига хос билимлар билан уйғунлаштириш, шубҳасиз, жамиятда табиат ва биохилма-хилликни асраб-авайлашга оид қадриятлар тизимини шакллантириш ҳамда атроф-муҳит билан ҳамжиҳатликда яшаш кўникмаларини ривожлантириш имконини беради».

Қатар Инсон ҳуқуқлари миллий қўмитаси Бош котиби Султон бин Ҳасан ал-Жамолий тобора глобал кўлам касб этиб бораётган Самарқанд форумида экологик муаммолар ҳал қилинишининг аҳамияти, инсон ҳуқуқига таъсири, яхши келажак учун барқарор ечим топиш жуда аҳамиятли эканини таъкидлади. Зеро, қатарлик экспертнинг фикрича, «бу масалалар жуда муҳим ва келажак авлод учун ҳозир янада яхши келажак қуриш йўлида ҳеч ким ортда қолиши керак эмас».

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Миссия раҳбари Элчи Антти Карттунен ҳақли равишда эътироф этганидек, «Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми экологик муаммоларни муҳокама этиш ва ҳал қилиш учун муҳим мулоқот майдонига айланди. Эндиликда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари ишончли таъминланган, сайёрамизни келгуси авлодларимиз учун асраб-авайлашга муваффақ бўлинган истиқболимизни таъминлашимиз учун барчамиз ҳамжиҳатликда иш олиб боришимиз зарур бўлади».

Яна бир муҳим масала форум ишининг ниҳоясида якуний ҳужжат — «Иқлим ўзгаришлари шароитида инсон ҳуқуқларини глобал ҳимоя қилиш: барқарор келажак йўлидаги мажбуриятлар ва саъй-ҳаракатлар тўғрисидаги Самарқанд декларацияси» лойиҳаси ишлаб чиқилгани бўлди. Иштирокчилар ушбу лойиҳани Ўзбекистон Президенти мурожаатида илгари сурилган ташаббус ва тавсиялар ҳамда форум давомида келиб тушгун 150 дан ортиқ амалий таклиф асосида маромига етказилган ҳолда қабул қилиш учун овоз бердилар.

Форум тавсияларини БМТ Бош котибига ва бошқа халқаро ташкилотларга тақдим этишга келишиб олинди. Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқларида мазкур форумни ўтказиш ташаббусини илгари сурганлиги учун миннатдорчилик билдирдилар.

 

Самарқанд заминида “Инсон ҳуқуқлари боғи” барпо этилди

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми доирасида бир қатор ёндош тадбирлар ҳам ўтказилди. Шулардан бири «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони совриндорларини тақдирлаш маросимидир.

Туркия Республикаси Бош Омбудсмани Шереф Малкоч, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Котибияти ижрочи директори, профессор Нура бинт Заид ал-Рашуд, Уммон султонлигининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Рашид Ҳамад Ҳумаид Албалуши, Қатар давлати Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий қўмитаси раиси Марьям бинт Абдуллаҳ ал-Аттия ушбу мукофот билан тақдирландилар. Кўкрак нишони ўз соҳибларига тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, форум доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори билан айрим халқаро ташкилотлар ва ҳамкор давлатлар вакиллари ўртасида юзма-юз учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Ушбу музокаралар асносида ўзаро ҳамкорликнинг жорий ҳолати таҳлил этилди ва келгусидаги режалар муҳокама қилинди.

Хулоса ўрнида форумнинг иккинчи куни иштирокчилар томонидан Самарқанд заминида “Инсон ҳуқуқлари боғи” барпо этилганини алоҳида қайд этишни истардим. Чунки, бир томондан, кўчат экиш ва боғ яратиш ҳар бир инсон учун савобли амалдир. Иккинчи томондан, экологик муаммолар инсон ҳуқуқларига кўрсатаётган таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган таъсирчан таклифлар ишлаб чиқиш учун дунёнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган ҳамкасбларимиз ўзаро ҳамжиҳатликда кўчатлар экиб, ғамхўрликка муҳтож сайёрамиз бағрида янги ва мўъжаз бир боғга асос солдилар. Бу саъй-ҳаракат замирида ҳам ўзига хос ибратли рамз мужассам, деб ўйлайман.

 

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директори

«Халқ сўзи» газетасининг 2024 йил 20 июнь кунги сони

Ўзбекистон РеспубликасиОлий МажлисиҚонунчилик палатаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг кутубхонаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech