САЙЁРАМИЗДА 20З0 ЙИЛИ КЕКСАЛАРНИНГ СОНИ ЁШЛАРГА НИСБАТАН КЎПРОҚ БЎЛАДИ

15 июнь – Бутунжаҳон кексаларга нисбатан суиистеъмолликлар ҳақидаги ахборотларни тарқатиш куни

 

Ушбу халқаро сана Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2011 йилдаги 66-127-резолюцияси билан таъсис этилган. Ҳар йилнинг айни шу куни бутун дунёда кекса авлодга мансуб айрим ёши улуғ инсонлар изтиробли муаммоларга дуч келаётганлари номақбул экани ҳақидаги маълумотларни кенг ёйиш анъанага айланган.

Гап шундаки, 2015 йили ер юзи аҳолисининг 900 млн нафарини 60 ёшли ва ундан катта ёшдаги инсонлар ташкил этган бўлса, 2050 йилда бу рақам салкам икки баробар ортиши кутилмоқда. Яъни, 26 йилдан сўнг заминдош кексаларимизнинг  сони тахминан 2 млрд нафарга етади.

БМТ таҳлилларига қараганда, 2030 йилда сайёрамиздаги 60 ёшдан катта инсонлар сони 38 фоизга ошади ва қарийб 1,4 млрд нафардан иборат бўлади. Бошқача айтганда, кексалар ёшлардан кўра кўпроқни ташкил этади. Ўз навбатида, 2050 йилда дунёдаги ҳар олти инсоннинг бир нафари 65 ёшдан катта кексалардан иборат бўлиши тахмин қилинмоқда.

Кексалар сонининг жадал суръатларда ортиши, ўз навбатида, аҳолининг айни қатлами вакилларига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатларининг ҳам кўпайишига олиб келиши сир эмас. Шунинг учун БМТ ёши улуғ инсонлар ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган глобал жавоб чораларини кўриш зарур, деб ҳисоблайди.

Экспертларнинг фикрича, кексаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатларига қарши курашиш бўйича ёндашувлар маданий мезонларга таяниши ва бунда ҳар бир алоҳида ҳолатга тааллуқли таҳдид омиллари инобатга олиниши мақсадга мувофиқдир. Масалан, баъзи анъанавий жамиятларда бева кекса хотинлар яна турмуш қуришга мажбурланса, бошқа бир жамиятларда якка-ёлғиз кун кечираётган ёши улуғ аёлларни кўпинча жодугарликда айблаш ҳоллари кузатилади.

Ривожланаётган  ва ривожланган мамлакатларда ҳам кексаларга нисбатан шафқатсиз муносабат бирдек кузатилгани ҳолда, афсуски, бу ҳақдаги маълумотлар глобал миқёсда жуда кам тарқалади. БМТ маълумотларига кўра, ушбу муаммо билан боғлиқ кўрсаткичлар фақат айрим ривожланган мамлакатлардагина мавжуд.

Шу тақчил маълумотлар асосидаги баҳолашларга қараганда, ҳозирги вақтда кексаларнинг 10 фоизигача бўлган қисми турли зўравонликларга дучор бўлмоқда. Айрим далил ва рақамларга тўхталамиз:

  • 60 ёшдан катта инсонларнинг тахминан ҳар олтитадан биттаси ўтган йил давомида жамоат жойларида ўзига нисбатан салбий муносабатга дуч келган;
  • ёши улуғ инсонларга нисбатан суиистеъмолликлар, айниқса, қариялар уйи ва кексалар узоқ муддат парваришланиши кўзда тутилган муассасаларда кўпроқ кузатилади;
  • COVID-19 пандемияси даврида кекса инсонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари кескин ошган;
  • кекса инсонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, ўз навбатида, жиддий жисмоний жароҳатларни ва узоқ муддатларга чўзиладиган руҳий азоб билан боғлиқ оқибатларни келтириб чиқаради.

Айни муаммонинг глобал кўлами ноаниқ бўлиб қолаётганига қарамай, унинг ижтимоий ва маънавий зиёни кундек равшан. Шу боис дунё миқёсида кексаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳар томонлама таъсирчан чоралар кўришга жиддий эътибор берилмоқда.

Бутунжаҳон кексаларга нисбатан суиистеъмолликлар ҳақидаги ахборотларни тарқатиш куни 2024 йилда “Фавқулодда вазиятларда кекса инсонларга ғамхўрлик қилиш” мавзусига бағишланди. Бу, ўз навбатида, глобал дунёда иқлим ўзгариши, экологик муаммолар, қуролли низолар билан боғлиқ кескин ўзгаришлар, турли бўҳронлар юз бераётган ҳозирги мураккаб шароитда ёши улуғ инсонларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш жуда зарурлигидан далолатдир.

Ушбу халқаро сана 2023 йилда “Кекса инсонларга қарши гендер зўравонлик” мавзусига бағишлангани бежиз эмас. Чунки, биринчидан, хотинлар эрларига нисбатан узоқроқ умр кўради ва ҳаётининг сўнгги даври кўпинча ёлғизликда ўтади; иккинчидан, ёши улуғ аёллар аксарият ҳолларда молиявий ҳийла ва фирибгарликларнинг қурбонига айланади ҳамда қашшоқлик ва ночорликда кун кечиришга мажбур бўлади; учинчидан, кекса аёллар ҳатто ўз уйи ва оиласи бағрида зўравонликларга дуч келишлари ҳам бор гап.

Шундай қилиб, кекса аёллар кекса эркакларга нисбатан кўпроқ гендер зўравонлик жабрдийдасига айланаётган бўлсалар-да, ҳозирча бу ҳақда ҳам етарли маълумот тўплашнинг имкони топилмаяпти. Бу, ўз навбатида, мавжуд муаммонинг туб моҳиятини англаб етиш ва гендер зўравонлик жабрдийдаларини қўллаб-қувватлаш бўйича зарур амалий чораларни ишлаб чиқишни мураккаблаштирмоқда.

Шу муносабат билан Нью-Йоркдаги БМТ бош қароргоҳида ўтказиладиган тадбирда 2002 йили қабул қилинган “Кексалик муаммолари бўйича Мадрид халқаро ҳаракатлар режаси” доирасида бажарилган ишлар кўриб чиқилади. Учрашувда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) бу борада белгилаб берган устувор масалаларнинг ечимлари ҳам муҳокама қилинади.

 Бутунжаҳон кексаларга нисбатан суиистеъмолликлар ҳақидаги ахборотларни тарқатиш куни арафасида “Кекса инсонларга нисбатан шафқатсиз муносабатга қарши курашиш: БМТнинг 2021-2030 йилларга мўлжалланган соғлом кексайиш ўн йиллигининг беш устувор йўналиши” мавзусидаги маъруза эълон қилинди. Маъруза БМТнинг бир қатор агентликлари ва ЖСТнинг Кекса инсонларга нисбатан шафқатсиз муносабатга барҳам бериш бўйича халқаро тармоғи ҳамкорлигида тайёрланган.

Бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритганда, биринчи навбатда, кексаларимизга ғамхўрлик кўрсатиш масаласи янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилганини таъкидлаш лозим. Хусусан, Асосий қонунимизнинг 46-моддасига мувофиқ:

“Ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган  бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга.

Қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас”.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари 2023 йил 11 сентябрда тасдиқлаган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш кўзда тутилган. Нуронийларни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида амалга ошириладиган тадбирлар қамрови камида 30 фоизгача оширилгани ҳам таҳсинга лойиқ.

Шунингдек, “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да айни йўналишдаги муҳим чора-тадбирлар белгиланган. Шу маънода, мамлакатимизда кексаларни эъзозлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Албатта, бунга қадар Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналиши – инсон қадрини улуғлаш, меҳр ва ёрдамга муҳтож аҳолини, хусусан, кексаларни қўллаб-қувватлаш борасида жуда кўп хайрли ишлар қилинди. Пандемия даврида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати кенг тарқалиб, эҳтиёжмандларга беғараз ёрдам берилди, қийинчилик ва синовлар баҳамжиҳат енгиб ўтилди.

         Энг муҳими, 2023 йилда мазкур халқаро сана билан боғлиқ барча тадбирлар юртимизда ҳам, халқаро миқёсда ҳам Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигини кенг нишонлаш кампанияси доирасида ўтказилди. Бинобарин, айнан ушбу Декларация қабул қилингандан сўнг халқаро ҳамжамият инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига устувор эътибор бера бошлаган.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси – ноёб ҳужжат бўлиб, 1948 йили дунё ҳалокатли воқеаларни бошдан кечираётган даврда, Декларация умуминсоний ҳуқуқларни белгилаб берди ва ҳар бир инсоннинг тенг қадр-қимматини тан олди. Шу нуқтаи назардан, 2023 йил 10 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллиги “Ҳамма учун қадр-қиммат, эркинлик ва адолат” шиори остида бутун дунёда кенг нишонланди.

Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти 2023 йил 5 май куни “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги фармонга имзо чекканини алоҳида таъкидлаш лозим. Бундан кўзланган мақсад:

биринчидан, БМТ Бош котибининг «Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват» ташаббусини қўллаб-қувватлаш;

иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини изчил ва қатъий бажаришни давом эттириш;

учинчидан, фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси тамойиллари ва нормалари тўғрисидаги билимларини ошириш;

тўртинчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий, қонунчиликка оид чора-тадбирлар тизимини янада такомиллаштиришдир.

Фармонга мувофиқ, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури” тасдиқланди. Дастур 30 та банддан иборат бўлиб, белгиланган муддатларда изчиллик билан бажарилгани, жумладан, юртимизда кексалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ёши улуғ инсонларга қарши гендер зўравонликларнинг олдини олиш борасида катта аҳамият касб этди.

Мухтасар айтганда, Президент Фармонида таъкидланганидек, “Сўнгги йилларда мамлакатимизда «Инсон қадри учун» деган эзгу ғояни тўлиқ рўёбга чиқариш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, давлат органлари фаолиятига тизимли ва босқичма-босқич жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш, шунингдек, жамият ва ҳар бир фуқаро ҳаётига уларни татбиқ этиш Янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида марказий ўринни эгаллаб келмоқда”.

Доно халқимиз: “Инсон – ғанимат”, дейди. Дарҳақиқат, биз учун ота-боболаримиз, фахрийларимизнинг ҳаёти ҳам ғанимат. Қариялар қадр топган юртда меҳр-оқибат, қут-барака, тинчлик-хотиржамлик доим барқарор бўлади.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech