Экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, улар фаровонлигини ошириб бориш мақсадида барча соҳалар қатори атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни ҳал этиш ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф қилиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда инсоннинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи алоҳида бобда мустаҳкамланди. Давлатнинг атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича вазифаларни амалга ошириш мажбуриятлари белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган 30 дан ортиқ қонунлар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли саломатлигини сақлашдаги ислоҳотларни самарадорлигини янада ошириш билан бир қаторда мамлакатнинг экологик барқарорлигини таъминлаш имконини бермоқда.

Соҳага оид 2030 йилгача бўлган даврда Атроф муҳитни муҳофаза қилиш, Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепциялари, 2019-2030 йиллар даврида “яшил” иқтисодиётга ўтиш, 2019-2028 йиллар даврида биологик хилма-хилликни сақлаш, 2019-2028 йиллар даврида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиялари эса мамлакатнинг экологик барқарорлигини, фуқароларнинг қулай атроф муҳитга бўлган ҳуқуқини таъминлашнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган конструктив таклифлар ҳамда ташаббуслар халқаро жамоатчилик томонидан ҳам катта қизиқиш билдирилиб, эътироф этилмоқда. Биз буни БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фондининг ташкил этилиши, “Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисида”ги, “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш” резолюцияларининг қабул қилиниши мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Жорий йилнинг 13-14 июнь кунлари бўлиб ўтган инсон ҳуқуқлари бўйича тўртинчи анъанавий Самарқанд форуми ҳам иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига кўрсатадиган салбий таъсирини юмшатишга оид аниқ тавсия ва ечимлар тайёрлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Хусусан, Президентимиз Инсон ҳуқуқлари бўйича тўртинчи анъанавий Самарқанд форуми иштирокчиларига табрик йўлладилар. Қайд этилишича, юртимизда илк бор 2018 йилда ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми жаҳон амалиётига ўзига хос “Самарқанд руҳи”ни олиб кирди. Шу тариқа инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг долзарб муаммоларга бағишланган Самарқанд форумларини ўтказиш яхши анъана тусини олди.

Эътиборлиси, форумда иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига кўрсатадиган салбий таъсирини юмшатишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди, соҳада доимий ахборот алмашиш ва ҳамкорлик қилиш учун платформа яратишга келишиб олинди.

Шунингдек, форумдан кейинги даврда иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга самарали жавоб бериш учун тавсияларни амалда қўллашга қаратилган стратегия ва ҳаракат режалари тасдиқланди. “Иқлим ўзгаришлари шароитида инсон ҳуқуқларини глобал ҳимоя қилиш: барқарор келажак йўлидаги мажбуриятлар ва саъй-ҳаракатлар тўғрисидаги Самарқанд декларацияси” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Хорижий меҳмонлар, халқаро ташкилот вакиллари билан Самарқанд форуми боғига асос солинди.

Умуман олганда, мамлакатимизнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳолининг ижтимоий-иқтисодий, шу жумладан қулай атроф муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, давлатимиз раҳбари форум иштирокчиларига йўллаган табригида таъкидлаганларидек, иқлим ўзгариши оқибатида инсон ҳуқуқларига етказиладиган зарарни кескин камайтириш учун жаҳон мамлакатлари биргаликда самарали чоралар кўриши керак. Келажак авлодлар тақдири учун барчамиз улкан масъулиятни ўз зиммамизга оладиган вақт келди.

 

Хайрулло ҒАФФОРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech