Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг навбатдаги сони нашр этилди.
Ушбу сонда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим, аёллар ва болалар ҳуқуқлари, диний бағрикенглик, мурожаат қилиш ва ахборот олишга бўлган инсон ҳуқуқлари каби долзарб мавзуларга оид халқаро ҳуқуқ ҳамда миллий қонунчилигимиз бўйича олиб борилган илмий тадқиқотлар натижалари ёритилган ўзбек, инглиз ва рус тилидаги мақолалар нашр этилди.
Хусусан, академик Акмал Саидовнинг “О сегменте высокого уровня 55-й сессии Совета ООН по правам человека” (“БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессияси олий даражадаги сегменти тўғрисида”) номли рус тилидаги мақоласида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессияси олий даражадаги сегменти тафсилотлари батафсил таҳлил қилинган. Мақолада таъкидланганидек, ушбу нуфузли анжуманда иштирок этган мамлакатимиз делегациясининг маърузаси 55-сессия иштирокчилари томонидан юқори баҳоланиб, сўнгги йилларда давлатимизда амалга оширилаётган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар аниқ амалий натижа бераётгани, шунингдек инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамлангани эътироф этилган.
Юридик фанлар доктори, профессор Мирзатилло Тиллабаевнинг “The Right to Appeal to International Human Rights Bodies: the Experience of Uzbekistan” (“Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотларга мурожаат қилиш ҳуқуқи: Ўзбекистон тажрибаси”) номли инглиз тилидаги мақоласи ҳам долзарб мавзуга бағишлангани билан аҳамиятли. Мақолада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотларга мурожаат қилиш масалалари, БМТнинг шартномавий қўмиталари, ЮНЕСКО ва Халқаро меҳнат ташкилоти доирасидаги механизмлар таҳлил қилинган. Шунингдек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотларга мурожаат қилиш, ушбу ташкилотлар қарорларини ижро этиш масалалари ёритилган.
Юридик фанлар доктори, доцент Ўткир Очиловнинг “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни такомиллаштиришнинг айрим долзарб масалалари” номли мақоласи бугунги кунда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тизимида мавжуд баъзи муаммолар чуқур таҳлил қилиниб, муҳим таклифлар илгари сурилгани билан диққатга сазовор. Мақолада таълим-тарбия жараёнига инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш нуқтаи назаридан ёндашилиб, таълим олувчиларга инсон ҳуқуқлари тўғрисида фақат билимлар беришгина эмас, балки уларда инсон ҳуқуқларига риоя этиш кўникмаларини ҳам ҳосил қилиш, таълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари маданиятига асосланган муҳитни шакллантириш зарурлиги масалалари кўриб чиқилган.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим мавзуси юридик фанлар номзоди Фарҳод Ҳайитбоевнинг “Programme to Increase Human Rights Literacy” (“Инсон ҳуқуқлари бўйича саводхонликни юксалтириш дастури”) номли инглиз тилидаги мақоласида ҳам ёритилган. Мақолада мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан сўнгги йилларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар шарҳланган.
Шунингдек, журнал саҳифаларидан ўрин олган М. Суванкулов, И. Саифназаров, С. Саидова, А. Алимов, М. Атаев, М. Баратов, Р. Ҳакимов, Б. Акрамходжаев, Н. Раҳимжонов, М. Эргашеванинг ўзбек тилидаги, Ш. Шарапов, Т. Норбоев, Ш. Ҳамраева, А. Асатов, Н. Аслонов, Ш. Рахимовнинг инглиз тилидаги, С. Абдуразаков, С. Сапарбаев, Н. Касимов, А. Федоров, Ж. Урунов, Ф. Хамдамова, С. Усмановнинг рус тилидаги мақолалари ҳам долзарб мавзуларга бағишланган.
Шундай экан, фойдали ва завқли мутолаага марҳамат! Сарфлаган вақтингиз мазмунли ва самарали ўтишига аминмиз.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 21.06.2024
- Кўришлар: 1465
- Чоп этиш