ЭКОФАОЛ МАМЛАКАТНИНГ ЭЗГУ ТАШАББУСИ ЁХУД ИҚЛИМ ЎЗГАРИШИНИНГ ҲУҚУҚИЙ ЖИҲАТЛАРИ ХУСУСИДА

Шу йил 13-14 июнь кунлари халқаро ҳамжамият эътиборини Ўзбекистонга қаратган IV Самарқанд форуми бу гал “Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи ва барқарор ечимларни излаш” мавзусига бағишланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган ушбу форум ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади ва унда даврнинг энг муҳим муаммоларига ечим изланади.

Қизиқ жиҳати, форум мавзуси ўзаги — экологик таҳдидлар ва инсон ҳуқуқлари. Бир қарашда бу иккисининг ўзаро боғлиқлиги камдек, ҳатто баъзилар нуқтаи назарида умуман йўқдек. Аслида-чи? Экологик таҳдидларнинг инсон ҳуқуқларига боғлиқлиги, таъсири қай даражада?

Инсон ҳаёти, бутун орзу-умидлари табиат билан узвий боғлиқ. Ой ёки Марсдаги илмий ўрганишларни кузата туриб, ҳатто илғор технологиялар ҳам инсонга табиий яшаш шароитини яратиб беролмаслигини кўриб турибмиз. Табиатда мувозанат йўқолса, ҳаётимиз издан чиқишини аждодларимиз яхши билган. Шу боис, халқимиз закосидан гувоҳлик берадиган халқ оғзаки ижодида, авлоддан авлодга ўтиб келаётган таълим-тарбиямизда инсон ва табиат мавзуси ўз аксини топган.

Масалан, “Алпомиш” достонида табиат билан боғлиқ ҳолатлар жуда кўп. Эсингизда бўлса, Кўгалча деган туя Алпомиш билан бир вақтда туғилади. Аммо онаси ўлиб, бўталоқ етим қолади. Шунда Кунтуғмиш (Алпомишнинг онаси) унга ўз сутидан бериб, катта қилади. Бу — инсоннинг доим табиатни асраши кераклигига ишора!

Бу меҳрга туянинг жавоби ҳам жуда гўзал тасвирланган. Қўнғирот элининг бошига синовли кунлар тушганда Кўгалча касалланиб ётиб қолади. У айрилиқни, эл бошига тушган имтиҳонни кўтаролмайди. Алпомиш — элнинг нажоткори қайтгач, Кўгалча узоқдан уни таниб, истиқболига югуради. Туябоқар бўлиб қолган Бойбўри келаётган отлиқ ўғли бўлиши мумкинлигини ҳис этади, аммо танимайди. Бу ерда нозик ишора бор: қайси заминда эзгуликнинг қўли баланд келиши, аввало, табиатда ўз аксини кўрсатади. Кўгалча — ана шу табиат тимсоли. Ҳа, адолат, тенглик ва умуман, инсоний фазилатлар қарор топган заминда табиий мувозанатни сақлаб қолишга интилиш кучли бўлади. Шу маънода, Орол денгизининг қуриган тубида бўй чўзаётган яшилликни Алпомишнинг истиқболига қараб йўл олган Кўгалчага менгзаш мумкин.

Дарвоқе, Орол денгизи!

Жаҳон банки ҳисоботида қайд этилишича, Орол денгизи қуриши оқибати Ўзбекистонга хавф солиб турган энг жиддий экологик хатардир. Ҳозир иқлим ўзгаришининг мамлакатдаги биргина меҳнат самарадорлиги, чорвачилик, ирригация соҳасига таъсирини юмшатиш учун 60 миллиард доллар талаб этилиши тахмин қилинмоқда.

Бугун Оролнинг қуриган тубида чексиз саҳро пайдо бўлган. Дунёдаги “энг ёш саҳро” бўлган бу ҳудуд номи — Оролқум. Саҳро сатҳидан йилига 150 миллион тоннагача қум ва туз аралашмаси кўтарилиб, Марказий Осиё давлатлари ва ундан наридаги ҳудудлар ҳавоси, тупроғини ифлослантиради. Оролқум нафақат саломатлик ва атроф-муҳитга зиён келтиради, балки иқтисодий зарари ҳам катта. Хусусан, Жаҳон банки ҳисоботига кўра, Оролқум сабаб биргина Қорақалпоғистон иқтисодиёти йилига 44 миллион доллар зиён кўради.

Мамлакатимиз шароитида қишлоқ хўжалиги аҳолининг асосий тирикчилик манбаи бўлгани учун иқлим ўзгариши таъсирини, энг аввало, деҳқон ва чорвадорлар ҳис этяпти. Дунё бўйлаб ҳам айни икки соҳа иқлим ўзгаришининг бирламчи қурбонига айланиб бормоқда. БМТ маълумотларида 2015-2019 йилларда дунё бўйлаб 400 миллион гектар ёки Марказий Осиё минтақаси ҳудудидан бир оз кўп ер майдони яроқсиз аҳволга келиб қолгани, саҳролашув кескин кучайгани қайд этилган. Маълумотда минтақамизнинг ўзида ҳам вазият ўта хавотирли экани таъкидланиб, жумладан, “Марказий Осиёнинг 20 фоиздан ортиқ ҳудуди ёки қарийб тўртта Қирғизистонга тенг роппа-роса 80 миллион гектар ер яроқсиз ҳолга келиб қолган. Минтақа умумий аҳолисининг тахминан 30 фоизи бунинг салбий таъсирига учрамоқда”, дейилади.

Албатта, буларнинг асосий сабаби — Орол фожиаси. Шу боис, кейинги йилларда Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, ҳудудни имкон қадар яшиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Гап Орол фожиаси асоратини юмшатиш, қум-туз учишининг олдини олиш ҳақида борар экан, бу борада таклиф этилган энг мақбул ечим денгиз тубини қурғоқчилик ҳамда тузга чидамли дарахт, бута, ўсимликлар экиш орқали яшиллаштиришдир. Эътиборли жиҳати, бундай ишлар юртимизда 5-6 йил олдин бошланган. Охирги йилларда Орол тубининг 2 миллион гектардан кўпроқ қисмига саксовул ва чўлга чидамли бошқа ўсимликлар экилди. Натижада туз ва қум бўрони камайди. Экилган ниҳоллар кўкариб, бугун атрофни яшилликка буркаяпти.

Ўтган йили Орол ҳудудига илк бор келган UNCCD ижрочи котиби Иброҳим Тиав ҳам бу энг тўғри ва самарали йўл эканини таъкидлаган: “Оролда турибман, аммо бирор денгизни кўрмаяпман. Ўрнига қум денгизини кўряпман. Орол бугун тарихга айланди. Бундай оғир шароитга қарамай, олимлар ўзгариш қилиш мумкинлигини исботлай олишганини кўряпмиз. Қаранг, булар энди 3-4 йиллик кўчатлар, улар аллақачон қум кўчишининг олдини ололадиган даражага етган”.

Оролнинг қуриган тубини яшиллаштириш иқлим ўзгаришига қарши кураш борасидаги ишларнинг яхлит даражасини англатмайди. Зеро, бу ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир. Умуман олганда, тараққиётга экологик муаммоларни ҳал этиш орқали эришиш мумкинлигини айни вақтида англаб етдик. Бугун имкон қадар иқлим ўзгаришининг олдини олиш ва салбий таъсирини юмшатиш бўйича зарур чоралар кўряпмиз. Мақсадимиз нафақат Ўзбекистон, балки бутун сайёрамизда табиий мувозанат сақланиши, бу орқали инсониятнинг ўзи истаганидай фаровон турмуш кечиришига эришиш.

Бугунга келиб, глобал экологик муаммолар тобора кучайиб бораётир. Бунинг сабаблари турлича. Бироқ бир ҳақиқат кундек равшан: экологик муаммолар, асосан, инсон аралашуви туфайли содир бўляпти. Масалан, техник тараққиёт сабабли ҳавога чиқарилаётган зарарли газ, саноат, шаҳарлаштириш учун кесилаётган дарахтлар, турфа кўринишдаги урушлар... Буларнинг барчаси охир-оқибат глобал исиш, иқлим ўзгаришига олиб келмоқда. Оқибатда дунё аҳли иқлим ўзгаришининг турли шакли — чўлланиш, саҳроланиш, сув тақчиллиги, ер деградацияси, қурғоқчилик каби табиий офатлар билан юзлашмоқда.

Глобал исиш бошқа ҳудудлар сингари мамлакатимизда ҳам ҳозиргидан кўпроқ зарарли оқибатини кўрсатиши мумкин. Масалан, жаҳон метеорология ташкилоти маълумотига кўра, ҳозиргача глобал йиллик ўртача ҳаво ҳарорати 1880 йилдагидан 1 даража ортган. Юртимиз шароитида худди шу давр учун ўртача йиллик ҳаво ҳарорати 1,6 даража кўтарилган. Исиш жадаллиги глобал миқёсда кузатилаётган ўртача суръатдан юқори. Сабаби, Ўзбекистон иқлим ўзгариши таъсирига кўпроқ мойил мамлакатлар қаторига киради.

Табиатан иссиқни ёқтирадиган, ҳатто саратонда ҳам қайноқ чой ичадиган халқмиз, шунга нима бўлибди, дейишга шошилманг. Биз учун кичик миқдордек туюлган исиш табиат ўзгаришига олиб келади. Буғланишнинг тезлашуви, кучли ёмғир ва жала хавфи туфайли сув захирасига таъсир қилади. Ер ости суви пасайиб, инсон саломатлигига салбий таъсир қилади, деҳқончилик ва саноатда хомашё тақчиллигига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий барқарорликка зарар етказади. Шу боис, масалани бугун ҳал қилиб, муаммоларни бартараф этиб, имкон қадар табиат мувозанатини сақлаб қолиш муҳим вазифадир.

Давлатимиз раҳбари экологик муаммоларни ҳал этиш ташаббуси билан такрор-такрор чиқаётгани бежиз эмас. Ана шундай чиқишлардан бири ўтган йил 1 декабрда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича БААда бўлиб ўтган конференцияси (СОР28)да бўлган. Президентимиз ўша нутқида “Иқлим муаммолари барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланиб улгурди. Бу хавф-хатарлар ҳатто дунё геосиёсий архитектурасига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари Орол фожиаси туфайли Марказий Осиёда, айниқса, жиддий сезилмоқда. Минтақамизда ҳаво ҳароратининг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўпдир. Фавқулодда иссиқ кунлар сони 2 марта ортди, музликлар майдонининг учдан бир қисми йўқолди. Тупроқ емирилиши жараёнлари 30 миллион аҳоли турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда. Кучли чанг ва қум бўронлари одатий ҳолга айланди.

Ичимлик сув тақчиллиги, ҳаво ифлосланиши, биохилма-хиллик йўқолиши, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги пасайиши каби муаммолар тобора авж олмоқда. Бу глобал хавфлар кенг минтақамизда хатарли нуқтага етиб келмоқда”, деганди.

Ҳозир иқлим муаммолари жаҳондаги барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланиб улгурди. Тупроқ емирилиши, мунтазам чанг ва қум бўрони, ичимлик сув тақчиллиги, ҳаво ифлосланиши, биохилма-хиллик қисқариши, ҳосилдорликнинг кескин пасайиши ва бошқа кўплаб муаммолар минтақадаги миллионлаб одамларнинг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, 2030 йилга бориб, иқлим ўзгаришидан камида 8 миллион юртдошимиз энг қаттиқ жабр кўриши мумкинлигига доир тахминлар янада хавотирли.

Нафақат Ер сайёраси, балки бутун галактикамиз худди инсон танаси каби яхлит жисмга ўхшайди. Шу маънода, минтақамиз учун хатарли бўлган экологик муаммо аста-секин бутун сайёрамизга таъсир қилади. Ердаги ўзгаришлар галактикадаги мувозанат ўзгаришига олиб келади. Буни дунё олимлари илмий асослаб берган.

Масалан, супер ой ҳодисаси рўй берса, доим ерда тўфон бўлиши кузатилган. Ой ерга жуда яқин келса, океан ва денгизлардаги сув сатҳи кўтарилади. Ўз ўрнида ердаги иқлим ўзгариши бевосита ойга таъсир қилади. Ернинг тортишиш кучи сусаяди ва ой заминимиздан узоқлаша боради. Бу ҳам биз учун фалокатли.

Буларнинг барчасини тартибга келтириш, аслидай асраш инсоният гарданига юкланган. Шу боис, ҳар қандай кўринишдаги экологик масалага қайсидир ҳудуд муаммоси сифатида қараш хато. У доим глобал даражадаги масала. Шу маънода, мамлакатимиздаги инсонпарварлик сиёсати замирида айнан экологияни асрашга устувор масала сифатида қаралаётгани алоҳида аҳамиятга эга.

Аввало, янги таҳрирдаги Конституциямизда экологик масалалар, шу жумладан, фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари кафолатланганини таъкидлаш ўринли. Бош қонунимизнинг 49-моддасида ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиши ҳуқуқи мустаҳкамланди. Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаши ҳамда атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирлар кўриши қатъий белгилаб қўйилди.

Иккинчидан, мамлакатимиздаги кенг кўламли “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчати экилмоқда. Бу, албатта, шаҳар ва қишлоқларимизни яшилликка буркаш, иқлим мўътадиллигини сақлаш, пировардида аҳоли саломатлигини яхшилашга хизмат қилади.

Қолаверса, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини кенгайтириш учун йил якунига қадар яшил боғлар сонини 444 тага етказиш, 112 та йирик саноат корхонаси ҳудуди ва унга туташ жойларда 2,1 миллион туп кўчатдан иборат “яшил белбоғ” барпо этиш вазифалари белгиланган.

Учинчидан, сув ресурслари тақчиллигининг олдини олиш борасида ҳам тизимли ишлар қилинмоқда. Жумладан, биргина 2023 йилда 410 минг гектардан ортиқ майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Қарийб 223 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдони лазер ускунаси ёрдамида текисланган. Шунингдек, жорий йил давлат бюджетидан қўшимча ажратилган 500 миллиард сўм ҳисобидан 1,5 минг километр йирик каналлар бетонлаштирилган.

Тўртинчидан, атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олишда экологик тоза транспорт воситаларини кўпайтириш, ёнилғи сифатини халқаро стандартларга мослаштириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада ҳам салмоқли ишлар бажарилмоқда. Жумладан, пойтахтимизда электробуслар ҳаракати йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида юк ташувчи автотранспорт воситалари ҳаракатини тиғиз вақт оралиғида тақиқлаш, “Автомобилсиз кун” каби муҳим чоралар ҳам атмосфера ҳавосининг мусаффолигини таъминлашда муҳим омил.

Бешинчидан, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш йўналишида муқобил энергетика тамойилларини амалиётга жорий этиш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, бугун умумий қуввати 24 минг мегаваттдан ортиқ электр станциялари ҳамда жами қуввати 3 минг 165 мегаватт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимларини қуриш лойиҳалари бўйича ишланмоқда.

Кейинги йилларда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарёда 1,6 гигаваттли 9 та қуёш ва шамол электр станцияси тармоққа уланди ҳамда Андижон, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 183 мегаваттли 6 та гидроэлектр станцияси ишга туширилди.

2030 йилга бориб, Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия қувватини 25 гигаваттга етказиш кўзда тутилмоқда. Бу, ўз навбатида, табиий ресурсларни тежаш билан бир қаторда атмосферага иссиқхона гази чиқишининг олдини олиш имконини беради.

Энг муҳими, яқин йилларда қайта тикланадиган энергия манбалари улушининг умумий энергия мувозанатида 40 фоизга етказилиши аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг электр энергияга эҳтиёжини таъминлашга хизмат қилади. Умуман, энергия тизими мамлакатнинг ҳар жиҳатдан қон томиридир. Аввало, барқарор энергиясиз иқтисодий ўсиш мумкин эмас. Унга эришиш эса табиатга зарар етказиш орқали бўлмаслиги керак. Ана шу олтин оралиқни сақлаб, жадал ривожланиш йўлини танлаётган Ўзбекистон халқаро майдонда экофаол мамлакатлар етакчиси, десак муболаға бўлмайди.

Фикримизга БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиёда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги резолюциясини ишлаб чиқиш ва илгари суриш ташаббуси далил бўла олади.

Узоқ йиллардан буён дунёнинг турли йирик мамлакатлари инсон ҳуқуқлари ҳақида бонг уради. Қизиғи, айнан ўша мамлакатлар қуролли тўқнашувларга сабаб бўляпти. Шу орқали уруш кетаётган ҳудудларда одамлар, айниқса, болалар, аёллар ва кексалар кўп азият чекяпти. Боз устига, ўқ-дорилар заҳри экологияга ҳам жиддий зарар етказади. Икки жиҳатдан ҳам инсон ҳуқуқлари поймол бўлади.

Ўзбекистон иқлим ўзгариши оқибатида инсон ҳуқуқларига етказиладиган зарарни камайтириш учун мамлакатлар биргаликда самарали чоралар кўриши керак, деган эзгу ташаббусни илгари суряпти. Шу боис, IV Самарқанд форумида келгуси авлодлар тақдири учун барчамиз улкан масъулиятни ўз зиммамизга оладиган вақт келди, деган хитоб янгради. Мамлакатимиз минбаридан туриб айтилган ушбу чақириқ халқаро майдонда акс садо беришига шубҳа йўқ. Чунки экология, иқлим ўзгаришлари барчамизга бирдек дахлдор масала.

Зеро, глобал миқёсда қашшоқлик билан боғлиқ муаммолар кўпаймоқда. Инсоннинг соғлиқ, тоза сув, озиқ-овқат ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш қийинлашиб боряпти. Сабаби, экологик инқироз туфайли барқарор ривожланиш мураккаблашяпти.

Келинг, энди экология ва инсон ҳуқуқларининг боғлиқлик жиҳати ҳақида айтсак. Агар экологик мувозанат бузилса, ер юзи чўллашади. Сув тақчиллиги бор жойда инсон ўзи истагандек турмуш кечира олмайди. Ёки ҳавонинг ифлосланиши оқибатида саломатлигимизга путур етади. Иқлим ўзгаришини келтириб чиқараётганлар хатоси туфайли тоза ҳаводан нафас олиш имкони чекланади. Умуман, экологик муаммоларнинг барчаси ҳақида худди шундай фактларни келтириш мумкин. Буларнинг барчаси жамланиб, инсоннинг эмин-эркин, барча орзусини рўёбга чиқариб, соғлом ва узоқ умр кўришига тўсқинлик қиладиган сабаблардир. Шу орқали инсоннинг энг олий неъмати — ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилади.

Янги Ўзбекистонда инсон қадри учун бошланган ислоҳотлар билан бир пайтда экологик муаммоларни ҳал этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Муҳими, масала мамлакат миқёсида чекланиб қолаётгани йўқ. Ўзбекистон халқаро минбарларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида дадил чиқишлар қиляпти. Бунинг амалий ифодаси ўлароқ, шахс ҳуқуқларининг энг катта асосларидан бири бўлган экологик масалаларни ҳам кун тартибига қўймоқда. Айни пайтда жадал ривожланиш йўлида кетаётган мамлакатимизда мазкур масалаларнинг ечими учун кўплаб амалий ишлар бажариляпти. IV Самарқанд форуми бу гал “Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи ва барқарор ечимларни излаш” мавзусига бағишлангани ҳам бунинг яққол далилидир.

 

Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,

Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбирлари

«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2024 йил 25 июнь кунги 124 (1185)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech