Инсоннинг  шаъни  ва қадр-қиммати – дахлсиз

 26 июнь – Қийноқлар қурбонларини

қўллаб-қувватлаш халқаро куни

 

 “Инсоннинг  шаъни  ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса  уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас”. Бу муҳим нормалар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 22 февралда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, “Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида биз одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўймаймиз. Бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар, улар учун жазо муқаррардир”.

Бу борада, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил 26 июнда имзолаган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор алоҳида ўрин тутади. Мазкур қарор айнан бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни нишонланадиган санада қабул қилингани бежиз эмас.

Бу муҳим воқелик Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида шиддатли ва аниқ тизимли ислоҳотларни амалга ошириш асносида, қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш йўналишидаги синовдан ўтган халқаро тажриба ҳамда дунё андозаларига ҳар томонлама уйғунлашишга қатъият билан интилаётганининг яна бир яққол далолатидир.

Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1997 йилда  26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни, деб эълон қилинган. Ҳар йили ушбу халқаро санада дунё миқёсида қийноқларга бутунлай барҳам бериш ҳамда БМТнинг Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенцияси янада самарадор ишлашини таъминлашга қаратилган турли тадбирлар ўтказилади.

Мамлакатимизда ҳам ушбу сана ҳар йили нишонланади. Айниқса, Ўзбекистон Президенти бундан уч йил олдин бу борадаги Қарорини айнан Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро кунида қабул қилгани мазкур сананинг ўзбекистонликлар учун миллий ва халқаро даражадаги тарихий аҳамиятини тубдан оширди.

Яна бир муҳим масала: Нью-Йоркда 2002 йил 18 декабрда қабул қилинган Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини ўтган даврда дунёнинг 91 та давлати ратификация қилган. Давлатимиз раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида Ўзбекистон Республикаси Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини ратификация қилиши ҳақида баёнот берганди.

Президентимизнинг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида бу борада бир қатор муҳим вазифалар кўзда тутилган. Айни чора-тадбирларнинг тўлиқ бажарилиши Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий тизимни умумэътироф этилган халқаро-ҳуқуқий стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ислоҳотларнинг амалдаги босқичи қийноққа солишнинг барвақт олдини олиш, у билан боғлиқ мурожаатларни тезкор равишда холисона кўриб чиқиш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифларини мунтазам амалга ошириш бўйича самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш ишларини давом эттириш масаласини кун тартибига қўйди. Натижада мазкур долзарб масалалар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида ҳам ўз аксини топди.

Айни вақтда текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан доимий равишда ташкил этилмоқда. Жумладан, 2023 йил давомида 10 та вилоятда ўтказилган машғулотларда ички ишлар ва прокуратура тизимларида фаолият юритувчи 690 нафар ходим билим ва тажрибасини бойитди.

Жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент вилояти (30 апрель – 1 май), Қорақалпоғистон Республикаси (21-22 май) ва Хоразм (23-24 май) вилоятида миллий ҳамда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба”  мавзусида онлайн ва офлайн тарзда ўқув курслари ташкил этилди. Машғулотларда ҳар бир ҳудуддан ички ишлар  ва прокуратура  тизимларидаги терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг жами 180 нафар ходими ўз билим ва кўникмаларини оширди.

Ушбу ўқув машғулотлари Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури асосида ўтказиб келинмоқда. Бу машғулотлар БМТ Қийноқларга қарши конвенцияси қабул қилинганининг 40 йиллигига бағишланганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шунингдек, “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси ҳам изчил ўқитилмоқда. Айни мавзудаги машғулотларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Академияси, академик лицейлари ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси талаба-ўқувчилари қатнашмоқда.

Бундан ташқари,  2024 йилнинг биринчи ярмида жазони ижро этиш муассасаларида суд ҳукми билан тайинланган жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга, тергов ҳибсхоналари ҳамда махсус қабулхоналарда сақланаётган шахсларга яратилган шарт-шароитлар ва Ўзбекистон Конституциясида кўрсатилган инсон ҳуқуқларига риоя этилиши аҳволи юзасидан мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Мониторинг тадбирларини ўтказиш мақсадида Миллий марказ томонидан Соғлиқни сақлаш, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари, Касаба уюшмалари Федерацияси, Барқарор ривожланиш маркази ҳамда “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти вакилларидан иборат мониторинг гуруҳи тузилди. Шу вақтгача 21 та жазони ижро этиш муассасасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича фаолият амалиёти ўрганилди.

Ишчи гуруҳнинг асосий эътибори маҳкумлар, судланувчи, айбланувчи, гумондор сифатида ушланган ҳамда маъмурий жазоларни ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқларига риоя этилиши, уларга яратилган шарт-шароитларни ўрганишга қаратилди. Жазони ижро этиш муассасалари мониторингига оид маълумот ва лавҳалар Миллий марказнинг расмий веб-сайтида мунтазам ёритиб борилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази жорий йил 30 апрель – 3 май кунлари Тошкент вилоятида жазони ижро этиш муассасаларининг ҳудудлар бўйича 40 га яқин ходими учун тўрт кунлик тренинг ўтказганини ҳам қайд этиш ўринлидир. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти билан ҳамкорликда ташкил этилган ўқув машғулотлари “Нельсон Мандела қоидалари” халқаро ўқув дастури билан танишиш бўйича ўқув қўлланмаси асосида қийноқларнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш” мавзусига бағишланди.

Саволлар туғилиши табиий: жамиятимизда қийноқларнинг олдини олиш ва уларга бутунлай барҳам бериш бўйича амалга оширилаётган ушбу ишлар етарлими? Бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлар тўлиқ самараларини бераяптими?

Афсуски, ушбу саволларга ҳозирча қатъий ижобий жавоб йўқ. Нега деганда, жамиятимизда қийноққа солиш ҳолатлари ҳали ҳам учраб турибди. Бундай ачинарли ҳол фуқароларда жиддий эътирозларни келтириб чиқараётгани ва мамлакатимизнинг халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатаётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Халқаро ҳуқуққа кўра, қийноқлар – инсониятга қарши жиноятдир. Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатларда қийноқлар қатъиян тақиқланади ва қийноққа солиш ҳолатини оқлашга ҳеч қачон ва ҳеч қандай йўл қўйилмайди.

Муқаддас китобларимизда “Инсон – мукаррам зот”, дея уқтирилган. Шу маънода, инсонни қийноққа солишдан мақсад унинг шахси ва шаънини оёқости қилиш, ор-номуси ва қадр-қимматини топташ ҳамда хўрлаш эканлигини ҳар биримиз чуқур англаб етишимиз фарз ва қарздир.

Шунинг учун БМТ ва унинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланувчи Ўзбекистон ҳам қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларига нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келади. Бинобарин, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлигини таъминлаш барчамизнинг бурчимиздир.

Шу нуқтаи назардан, қийноқларнинг олдини олиш, қийноқларни бартараф этиш, қийноқларга йўл қўймаслик, шундай номақбул ҳолат содир бўлган тақдирда эса қийноқлар қурбонларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларни нафақат изчил давом эттириш, балки янада самарали даражага кўтариш – долзарб вазифа ҳисобланади.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech