ВАТАН ПОСБОНИНИНГ УМР КИТОБИ

Доим баланд бўлсин юрт қўрғонлари,

Нурга тўлсин бағри, уй-айвонлари.

Сизга, эй юртимнинг мард ўғлонлари,

Шараф-шон гуллари даста-дастадир.

Сирожиддин Саййид,

Ўзбекистон халқ шоири.

 

Мамлакатимиз давлат мустақиллигига, истиқлол инъом этган бугунги тинч, осойишта ва фаровон кунларга ўз-ўзидан осонликча эришмаган. Халқимизнинг хоҳиш-истаги ва элимизнинг асл ватанпарвар фарзандлари саъй-ҳаракатлари билан ота-боболаримизнинг асрий орзулари амалга ошиб, мустабид занжирлари парчаланган – Ўзбекистон тенглар ичра тенг, ҳур ва озод давлатга айланган. Айниқса, истиқлолнинг дастлабки йилларида энг улуғ ва энг азиз неъмат – мустақиллигимизни мустаҳкамлаш ва асраб-авайлаш учун Она Ватанимизнинг қанчадан-қанча фидойи фарзандлари юксак жасорат ва матонат кўрсатганлар. Мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи Ички ишлар вазири, генерал-полковник Зокиржон Алматовнинг «Унутилмас хотираларим» автобиографик асарини мутолаа қилган ҳар бир инсон бунга яна бир бор амин бўлади.

Китобхон кўз олдида мустақилликка эришиш арафаси ҳамда истиқлолнинг дастлабки йилларида содир бўлган суронли воқеалар даврида ички ишлар органлари ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кўрсатган қаҳрамонликлар гавдаланар экан, у эркинликнинг олий неъмат эканини теран англаб, бугунги тинч ва фаровон кунларга чин қалбдан шукроналик келтиради.

Китоб сифат жиҳатидан халқаро андозаларга мувофиқ тарзда ниҳоятда юксак дид билан нашр этилган. Унинг муқоваси ўқувчи эътиборини бир қарашда ўзига жалб қилади. Қоғоз сифати ва саҳифаларда ишлатилган безаклар эса китобхон учун мутолаа жараёнини осонлаштиради. Китобни мазмунан ва шаклан янада бойитиш мақсадида саҳифалар орасида рангли суратлар ҳам берилган. Эътиборлиси, ҳар бир сурат остида қисқа изоҳ ёзилган ва бу уларнинг қийматини янада оширган.

«Унутилмас хотираларим» китоби тузилишига кўра тарихий очерклар ва воқеалар тафсилотидан иборат бўлиб, унда генерал-полковник Зокиржон Алматовнинг ибратли умр йўли ва ҳаётий хулосалари ёритилган.

Зокиржон ака 1949 йил 10 октябрда Тошкент шаҳрининг «Юзработ» маҳалласида таваллуд топ­ган. Ота-онаси деҳқончилик билан шуғулланиб, уни болалигиданоқ ҳалол меҳнатга ўргатишган. Тақдирнинг аччиқ синовлари Зокиржон аканинг елкасига жуда эрта тушиб, саккиз ёшида отасидан айрилган. Отаси юрак хуружидан вафот этган.

Шундан сўнг, тирикчилик аравасини тортиш онаси ва тўнғич фарзанд – Зокиржон аканинг зиммасида қолган. Ҳаёт синовларида тобланар экан, унда метин ирода, ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам тушкунликка тушмасдан оқилона қарор чиқариш қобилияти болалигиданоқ шаклланган.

1966 йилда мактабни аъло баҳолар билан тамомлаган Зокиржон ака уч йил армия сафида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган. Ички қўшинларга қарашли ҳарбий қисмда хизмат қилар экан, жиноий гуруҳларни қўлга олиш бўйича тезкор тадбирларда ҳам қатнашган. Келгусида ички ишлар идораларида хизмат қилиш орзуси унда айнан муддатли ҳарбий хизмат пайтида аниқ мақсадга айланган.

Зокиржон Алматов 1970 йилда Тошкент давлат университетининг юридик факультети кечки бўлимига ўқишга кирган. Моддий етишмовчиликлар сабабли ҳам ўқиб, ҳам ишлашга мажбур бўлган. Кундузи Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси 6-трестида меҳнат қилган.

Ўша йилларни Зокиржон ака «Унутилмас хотираларим» китобида қуйидагича ёдга олади: «Бу ерда кечган даврим мен учун катта ҳаёт мактаби вазифасини ўтади. Турли миллат вакиллари меҳнат қиладиган жамоада турфа характердаги одамларга дуч келдим. Жамиятда инсон содда ва самимий муносабат, ҳалоллик ва ростгўйлик билангина ҳурмат қозониши мумкинлигини теран англаб етдим. Англаганларимни ўзим учун мезон қилиб олдим».

Олий юридик ўқув юртида олган билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш мақсадида Зокиржон ака қурилиш ташкилотидаги фаолиятини тўхтатиб, талабалик давридаёқ Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси паспорт бўлимига ишга киради. Шу тариқа унинг ички ишлар тизимидаги узоқ йиллик шарафли касбий фаолияти бошланади.

Университетнинг юридик факультетини муваффақиятли тамомлагач, Тошкент вилоятининг Тошкент тумани ИИБ паспорт бўлинмаси бошлиғи лавозимида меҳнат фаолиятини давом эттиради. Кенг дунёқараши ва заковати, метин иродаси ва қатъияти билан ҳамкасблари орасида ҳурмат ва эҳтиром қозонган Зокиржон ака ички ишлар тизимида бирин-кетин масъул лавозимларга тайинланиб боради. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида совет давлати инқирозга юз тутаётган, аҳоли орасида норозилик ортиб бораётган ниҳоятда мураккаб шароитда Зокиржон ака ички ишлар органи масъул раҳбари сифатида ғалаён ва тартиббузарликларни тинч йўл билан ҳал этиш, жамиятда осойишталик ва хавфсизликни таъминлашда юксак жасорат кўрсатади.

Мамлакатимиз давлат мус­тақиллигини қўлга киритган 1991 йилда Зокиржон Алматов Ўзбекистон Республикасининг биринчи Ички ишлар вазири этиб тайинланади ва ушбу масъулиятли лавозимда 15 йил давомида садоқат ва фидойилик билан халқимизга хизмат қилади.

Давлат ва жамиятда ҳукмрон мафкура ҳамда бошқарув тизими ўзгарганда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-таълимий соҳаларда бўшлиқлар пайдо бўлиши табиий ҳолат. Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларда ана шундай бўшлиқларни ўзларининг бузғунчи ёт ғоялари билан тўлдиришга, ғаразли мақсадлари йўлида юртимизда нотинчлик, фитна ва террор уруғларини тарқатишга интилган диний-экстремистик гуруҳлар, гиёҳвандлик моддалари ва одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий тўдалар жамиятимизга суқилиб киришга ҳаракат қилган, бир қанча террор хуружларини содир этган. Қуйидаги фожиали воқеалар:

• 1991 йилдаги Наманган воқеа­лари;

• 1992 йилда Тошкент шаҳрининг Талабалар шаҳарчасида содир этилган оммавий тартибсизликлар;

• 1999 йил 16 февралда пойтахтимизда террорчилар томонидан амалга оширилган портлашлар;

• 2000 йилда Сурхондарёнинг Сариосиё ва Узун туманлари орқали юртимизга бостириб кирмоқчи бўлган террорчилар билан тўқнашувлар;

• 2004 йилдаги Қорамурт фожиаси;

• 2005 йилда Андижонда содир этган хунрезликлар мустақил мамлакатимиз тарихида қонли ҳарфлар билан битилган.

Китобнинг ушбу фожиаларга оид бўлимини ўқиган ҳар бир инсон юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини Зокиржон ака каби халқимизнинг қанчадан-қанча мард ва жасур ўғлонлари азиз жонларини хатарга қўйиб, мардонавор ҳимоя қилганларини теран англайди. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид Зокиржон акага бағишлаб ёзган «Улуғроқ иш борми элнинг тинчидан» номли шеърида таъкидлаганидек:

 

Ёмонлик – ёмонда,

Меҳр – дўстдадир.

Олам меҳр ила тинч, пайвастадир.

Адолатнинг қўли баланд келса гар,

Разолат доимо тубан, пастдадир.

 

Халқимизнинг ҳақиқий қаҳрамони, йирик давлат арбоби Зокиржон Алматовнинг «Унутилмас хотираларим» китоби яқин тарихимиздаги воқеаларни холис ёритиш орқали китобхонда ватанпарварлик, элга муҳаббат ва давлатга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов китобга ёзган кириш сўзида таъкидлаганидек, «Унутилмас хотираларим» асари илгари нашр қилинган «Зокиржон Алматов – бир умрлик жасорат» китобининг мантиқий давомидир.

Шунингдек, 2022 йилда Зокиржон Алматов ҳамда Абдуғофур Сатторов ҳаммуаллифлигида нашр этилган «Ортда қолган таҳликали кунлар» китобида баён этилган воқеалар ушбу янги нашрда янада батафсил ёритилган.

«Унутилмас хотираларим» китоби тузилишига кўра уч бўлимдан иборат.

Биринчи бўлим «Аждодларимиз тарихига бир назар» деб номланади. Унда Зокиржон Алматовнинг ота-боболари тарихи, болалик йиллари, унинг дунёқарашига кучли таъсир кўрсатган ибратли воқеалар ёритилган. Муаллиф болалик давридаёқ мутолаани ёқтирганини, китоблардан ўзи учун керакли фикрларни саралаб, уларга умри давомида риоя қилганини қайд этган.

«Хитой файласуфи Конфуций ўз даврида ёзиб қолдирганидек, комил инсон тўққиз нарсага эришиш тўғрисида ўйлайди: равшан кўришни, аниқ эшитишни, истараси иссиқ бўлишни, ишига бош­қалар ҳавас қилишини, сўзлари самимий бўлишини, ҳаракатларида эҳтиёт бўлишни, гумон пайдо бўлганда бошқалардан сўрашни, қаҳрининг оқибатларини, фойда олиш имконияти пайдо бўлганида ҳалол бўлишни. Ана шу тамойилларга асосланган ва риоя этган ҳар қандай инсон комилликка эришади. Мен ўз ҳаёт йўлимда айнан ана шу қоидаларга устозларимнинг маслаҳатларига қатъий риоя қилдим», – деб ёзади муаллиф.

«Қисматимдаги таҳликали кунларим» номли иккинчи бўлимда мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида халқимиз тинчлиги ва давлатимиз равнақига таҳдид солган бузғунчи кучларга қарши ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари олиб борган мардонавор кураш воқеалари тасвирланган. Муаллиф ўша пайтда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири сифатида воқеа-жараёнларнинг «қайноқ маркази»да тургани, жиноятчиларга қарши кўплаб тезкор тадбирларга шахсан бошчилик қилгани мамлакатимизнинг яқин ўтмишини холис таҳлил қилиш, айниқса, ёш авлодда тўғри тасаввур ҳосил қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Учинчи бўлим «Замондошларим ҳақида» деб номланган. Унда муаллифнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов, шунингдек, Пўлат Бобожонов, Исмоил Жўрабеков, Убайдулла Мингбоев, Ғафур Раҳимов, Ёдгор Саъдиев, Бўритош Мустафоев каби давлат ва жамият, фан ва маданият арбоблари тўғрисидаги хотиралари баён этилган. Жумладан, «Шукроналик» номли очеркда 2018 йилда давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан Зокиржон Алматов Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси этиб тайинлангани мамнуният билан таъкидланган.

Зокиржон Алматовнинг Ватан олдидаги фидокорона хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган – у 1995 йилда II даражали «Шон-шараф», 1999 йил­да I даражали «Шон-шараф», 2005 йилда «Буюк хизматлари учун», 2021 йилда «Фидокорона хизматлари учун» орденларига сазовор бўлган. Шунингдек, 2018 йилда Тожикистон Республикасининг «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.

Зокир аканинг ибратли ва унутилмас хотиралари билан танишар эканмиз, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг қуйидаги мисралари ёдимизга тушади:

 

Элнинг Сиздек генерали

бисёр бўлсин,

Шогирдлар ҳам устозидек

саркор бўлсин.

Эзгу ният, эзгу ишлар

такрор бўлсин,

Яхши бўлиш яхши экан,

Зокир ака.

 

Хулоса қилиб айтганда, ушбу китоб Ватанга муҳаббат, халққа ва давлатга садоқат билан хизмат қилган мард, доно ва жасур инсоннинг ибратли умр йўли ҳақида ҳикоя қилади. Мутолаа асносида билимингиз ҳам, қалбингиздаги одамийлик туйғулари ҳам юксалиб бораётганини сезасиз. Китоб хотимасида келтирилган муаллифнинг қуйидаги хулосасига чин қалбдан иқрор бўласиз: «Балки ҳаётда йиллар, замонлар ўтиб, кўп қадриятлар ўз қадрини йўқотар. Лекин ҳалоллик, адолатпарварлик, жасорат, қаҳрамонлик, фидойилик, садоқат каби қадриятлар ҳеч қачон ўз қадрини йўқотмайди. Умрим китобини варақлаб, ўзим кўрган, бошимдан ўтказган турфа воқеаларни таҳлил қилиб, ана шундай хулосага келдим».

Акмал Саидов,

академик.

«Postda-На посту» газетасининг 2024 йил 27 июнь, 26-сони

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг кутубхонаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech