ҲАЗРАТ ЗАНГИ ОТА ВА МАХТУМҚУЛИ ФИРОҒИЙ

Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига

 

Туркман халқининг улуғ фарзанди Махтумқули Фироғий нафақат туркий халқлар, айни пайтда жаҳон адабиёти ва маданияти тарихида алоҳида ўрин эгаллаган атоқли шоир ва мутафаккир ҳисобланади. Шу маънода, 2024 йилда нуфузли халқаро ташкилот — ЮНЕСКО раҳнамолигида Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллик қутлуғ юбилей санаси дунё миқёсида кенг нишонланаётгани, ўз навбатида, ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти жорий йилни – Махтумқули йили, деб эълон қилгани бежиз эмас.

Бундай юксак умумбашарий эътибор, шубҳасиз, улуғ шоир адабий мероси жаҳон сўз санъатининг бебаҳо хазинасига айланиб, инсониятнинг маънавий оламини юксалтиришга хизмат қилиб келаётганидан далолат беради. Айниқса, Ўзбекистон дунёда Махтумқули асарлари энг кўп нашр қилинадиган ва ўқиладиган мамлакатлардан бири сифатида эътироф этилишини таъкидлаш бизга чексиз фахр-ифтихор ва мамнуният бағишлайди.

Бунга биргина мисол: Тошкентда 2017 йили Махтумқулининг “Элингга бахш айла”[1] номли сайланмаси олим ва таржимон Эргаш Очилов таржимасида чоп этилганди. Орадан атиги уч йил ўтиб, 2020 йилда шоир, таржимон ва аллома Мирзо Кенжабек таржимасида буюк туркман шоирининг “Ошиқлар Ҳақ ишқинда”[2]  ҳамда “Махтумқули”[3]  номли китоблари нашрдан чиқди.

 

Президентдан Президентга туҳфа – Махтумқули китоби

 

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқимиз, айниқса, ёш авлод ўртасида илгари сураётган китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ғояси кишидан чинакам маънавиятли ва маърифатли бўлишни талаб қилади. Шунинг учун ҳам бугун китобга эҳтиёжимиз, китобхонликка эса эътиборимиз кучли.

Энг муҳими, мамлакатимиз раҳбари бу соҳада ҳам барчамизга амалда ўрнак ва намуна бўлмоқда. Хусусан, Президентимиз ушбу юксак лавозимга сайланганидан сўнг ўзининг илк хорижий ташрифини Туркманистонга уюштирган ва ўшанда Президент Гурбангули Бердимуҳамедовга улуғ туркман шоири Махтумқулининг шеърий сайланмасини туҳфа этганди.

Кейинги даврда мамлакатимизда, шунингдек, Туркманистон Миллий кенгаши Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг “Бахтли ҳаёт соғлиқдан бошланар”, “Маданият – халқнинг бебаҳо хазинаси”, “Барҳаёт афсона”, “Чой – шифо ва руҳий қувват манбаи” номли асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 1996 йил 28 ноябрда Хива шаҳрида улуғ туркман шоири Махтумқулига ёдгорлик ҳайкали ўрнатилган бўлса, 2017 йил 19 майда Тошкент шаҳрида унинг ҳайкал-барельефи очилди. Шу муносабат билан пойтахтимизнинг ушбу ёдгорлик жойлашган кўчасига Махтумқули номи берилди.

  Ўз навбатида, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йили Туркманистонга ташрифи муносабати билан Ашхободдаги марказий кўчалардан бирига Алишер Навоий номи берилган. Мамлакат пойтахтидаги “Илҳом” хиёбонида Навоий бобомизга ҳайкал ўрнатилган.

Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки ўзбек ва туркман халқларининг тарихи ва қадриятлари, маданияти ва адабиёти муштаракдир.

Ўзбек адибларидан Ойбекнинг “Навоий”, Асқад Мухторнинг “Опа-сингиллар”, Шароф Рашидовнинг “Бўрондан кучли” романлари, Абдулла Қаҳҳорнинг “Синчалак” қиссаси, Зулфия, Ғафур Ғулом, Мирмуҳсин, Одил Ёқубов каби ёзувчи ва шоирларимизнинг асарлари туркман тилига таржима қилингани ҳам бу фикримизни яққол тасдиқлайди.

Айниқса, мумтоз адабиётимиз намояндалари Навоий ва Бобур ижоди туркман олимлари томонидан изчил ўрганилмоқда. Туркман олими ва адиби Раиммаммед Кўрунов “Бобурнома” асарини таржима қилгани бу йўлдаги ёрқин натижалардан бири бўлди.

Туркманистонлик шоир ва таржимонлар Исмоил Тоғонов, Абдувоҳид Саидматов, Олим Тўраев замонавий ўзбек шеърияти пешқадамларининг асарларини туркман тилига таржима қилиш ва нашр эттириш ишларида жонбозлик кўрсатмоқда. Уларнинг изчил саъй-ҳаракатлари билан кейинги йилларда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Усмон Азим, Сирожиддин Саййид каби машҳур шоирларимизнинг сара ижод намуналари туркманистонлик шеърият мухлисларининг эътиборига ҳавола этилди.

Яна бир муҳим далил: 2022 йилда чоп этилган “Туркий адабиёт намуналари” 100 жилдлик асарлар мажмуасининг 9 та жилди туркман адабиёти намуналарини ўзида қамрайди. Бу салмоқли китобларда туркман мумтоз адабиётидан тортиб то бугунги кунда ижод қилаётган қардош ва замондош шоир-ёзувчилар қаламига мансуб асарларнинг ўзбек тилига таржима қилинган матнлари жамланган.

Эътиборли томони шундаки, Туркманистон адабиётига ажратилган жилдлар Озодий ғазаллари билан бошланади. Туркман мумтоз адабиётидан Мулланафас, Махтумқули, Андалиб, Залилий, Камина, Ошиқий шеърлари, ХХ аср адабиётидан Хидир Деряев, Берди Кербобоев, Қаюм Тангриқулиев, Ораз Яғмур, Отажон Тоғон романлари киритилган. Замонавий туркман шеърияти ва насри антологияси  эса қалами ўткир замондош шоир-ёзувчилар асарларини ўзида мужассам этган.

Дарвоқе, таниқли туркман адиби Ораз Яғмурнинг “Махтумқулинома”[4] номли роман-тадқиқоти ижодкорлар Музаффар Аҳмад ва Рустам Жаббор таржимасида 2016 йил ўзбек тилида нашр этилган. Китоб буюк Махтумқули асарларини чуқур ўрганиш асосида ёзилгани диққатга лойиқдир.

 

Махтумқули – Ўзбекистонда

 

Махтумқули асрлар мобайнида халқимизнинг ўз шоирига айланган. Унинг шеърлари ўзининг теран фалсафий маъноси, халқона руҳи, юксак бадиияти билан бахши ва ҳофизларимиз, шоирларимизга илҳом бағишлаб, ҳамиша давраларда янграб, эл-юртимиз қалбида яшаб келади.

Юртимизда мумтоз шоирнинг шеърлари ва улар асосида яратилган қўшиқлар кириб бормаган бирор-бир хонадон, унинг номини билмайдиган бирор-бир ўзбек топилмайди. Президентимизнинг 2024 йил  19 февралда имзоланган «Буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорида бу хусусда шундай деб таъкидланган:

«Махтумқулининг ўз даврида Хивадаги машҳур Шерғозихон мадрасасида таҳсил олгани, Алишер Навоийдек буюк сўз санъаткорини ўзига устоз деб билгани халқларимиз ўртасидаги чинакам дўстликнинг ажойиб намунасидир. Махтумқули Хивада жуда кўп устоз ва маслакдошлар, дўст-ёр ва мухлислар орттирган, бу ерда кечирган йилларини миннатдорлик билан эслаб, гўзал шеърлар битганини ўзбек китобхонлари яхши билади»[5].

Ушбу қарорга кўра, биринчидан, Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита таркиби, иккинчидан, шу қутлуғ санани юқори савияда нишонлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Бундай муҳим маънавий-маърифий қадам, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик ҳамда яхши қўшничилик муносабатлари тарихида янги давр бошланган ҳозирги пайтда алоҳида ўрин тутади. Негаки, Махтумқули Фироғийнинг ўлмас бадиий мероси халқларимиз учун ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Кейинги йилларда икки қардош эл учун бирдек ардоқли шоир бўлган Махтумқулининг баркамол асарлари мамлакатимизда мунтазам равишда, йирик ададларда нашр этилмоқда. Тошкент ва Хива шаҳарларида шоир хотирасига бағишлаб бунёд этилган ёдгорлик мажмуалари табаррук зиёратгоҳларга айланган.

Ўзбекистон Президенти қарорида халқимизнинг Махтумқули Фироғий сиймосида қардош Туркманистон халқига, унинг бой тарихи ва маданияти, урф-одат ва қадриятларига ҳурмат-эҳтиромининг ёрқин намунаси сифатида ҳамда шоир таваллудининг 300 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди. Шу асосда, хусусан:

  • Махтумқули Фироғийнинг «Танланган асарлар»и ҳамда унинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган илмий мақолалар тўплами нашрга тайёрланмоқда;
  • давлат буюртмаси асосида Ўзбекистон ва Туркманистон кино усталари ҳамкорлигида Махтумқули Фироғийга бағишланган бадиий фильм тасвирга олинмоқда;
  • шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида спектакллар саҳналаштирилмоқда;
  • ёш хонандалар ўртасида «Махтумқули шеърлари билан айтиладиган энг яхши қўшиқлар ижрочиси» республика танловига ҳозирлик кўрилмоқда.

Бундан ташқари, жорий йил октябрь ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Махтумқули Фироғий хотирасига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтади. Бадиий академиянинг марказий кўргазмалар залида эса ўзбек ва туркман халқларининг дўстлик ва қардошлик алоқаларини тараннум этувчи тасвирий санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилмоқда.

Хива шаҳрида Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда «Махтумқули ижодининг ўзбек адабиёти ва санъатида тутган ўрни» мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим ташкилотлари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ҳамда маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ўтказилмоқда.

 

Махтумқули ва Аҳмад Яссавий таълимоти

 

Марказий Осиё бўйича олиб борилган кўп сонли тадқиқотлар натижалари минтақамизнинг инсоният ривожланишидаги ўрни нечоғли муҳим эканидан далолат беради. ЮНЕСКО шафелигида чоп этилган олти жилдлик “Марказий Осиё цивилизациясининг тарихи” китобида айни масаланинг қатор хусусиятлари очиб берилган.

Хусусан, шу нуфузли манбада эътироф этилганидек, Марказий ва Жанубий Осиё халқлари умумий маънавий-ахлоқий қадриятларга эга бўлган. Бу ўзига хос уйғунлик ушбу минтақаларнинг буюк шоиру алломалари – Юсуф Хос Ҳожиб, Жалолиддин Румий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Муҳаммад Ҳайдар, Махтумқули, Мирзо Ғолиб, Рабиндранат Тагор, Абай, Садриддин Айний ва бошқаларнинг ижодида ўз ифодасини топган.

Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларида кенг тарқалган яссавия тариқати билан Махтумқули ҳаёти ва ижоди ўртасида муайян боғлиқликлар мавжуд. Бу ҳақда фикр юритганда, аввало, Аҳмад Яссавий таълимотини давом эттирган издошларининг қуйидаги уч гуруҳи билан танишиш ўринлидир.

Биринчи гуруҳ – бевосита Яссавий йўлида ва ундан таъсирланиб ҳикмат ёзган шоирлар. Ҳаким ота Сулаймон Боқирғоний, Тож Хожа, Бобо Мочин, Камол Шайх Иқоний, Шамс Ўзгандий, Шайбоний, Убайдий, Қул Ғарибий, Дарвеш Али каби сўфий ижодкорлар шулар жумласидандир.

Иккинчи гуруҳ – улуғ пирнинг фикр-қарашларидан таъсирланган Махтумқули, Мавло Қули, Қул Али, Машраб, Сайқалий, Мажзуб Намангоний, Ҳувайдо Чимёний, Сўфи Оллоёр сингари мутасаввиф адиблардир.

Учинчи гуруҳ – тасаввуфда Яссавий қарашларини давом эттирган Қутбиддин Ҳайдар, Мансур ота, Садр ота, Кешлиғ ота, Саййид ота, Бобо Ҳусайн, Занги ота, Саид отага ўхшаш мутасаввиф ижодкорлардир[6].

Занги ота Ҳимматий яссавия тариқатининг йирик шайхи, Мовароуннаҳр ва Хуросондаги буюк мутафаккир, атоқли мутасаввиф донишмандлардан бири сифатида жуда кўп туркийтилли ва форсийзабон шоирларга тасаввуфий-ирфоний ҳамда маънавий жиҳатлардан катта таъсир ўтказган.

Занги отанинг каромат ва фазилатларини машҳур алломалардан Фахруддин Али Сафий ибн Ҳусайн Воиз Кошифий, Аҳмад Маҳмуд Ҳазиний, Хожа Аҳрор Валий, шоирлардан Махтумқули, Камий Тошкандий ва бошқалар тилга олиб, шеър ҳамда хотиралар ёзиб қолдирганлар.

Жумладан, Махтумқули Фироғий XVIII аср маърифий шеъриятининг буюк дарғаларидан бўлиб, бутун туркий халқлар учун тушунарли ва севимли шоир, маърифатли сиймо, ориф ошиқ, соҳиби ҳикмат бўлган валий зотдир. Махтумқулининг инсонпарварлик, ватанпарварлик ғоялари билан йўғрилган шеъриятида пок исломий маърифат руҳи гуркираб яшнаб туради.

Таниқли шоир, таржимон ва аллома Мирзо Кенжабек таъбири билан айтганда, “Махтумқули – туркий халқларнинг сайроқи тили, саҳронинг гули, гулнинг булбули, Ҳақнинг содиқ, ошиқ ва ориф қулидир”[7]. Унинг аксарият шеърлари бугун ҳам бадиий таровати ва долзарб мавзулар тараннуми билан шеърхонларни мафтун этиб келмоқда.

Ушбу фикрнинг тасдиғи сифатида Махтумқулининг “Адолат яхши” номли шеъридан бир парча келтирамиз. Шеърни Мирзо Кенжабек ўзбек тилига ўгирган:

Асло одамзотга аччиқ сўз қилманг,

Фақиру мискинга далолат яхши.

Бахилга учраманг – кулар юз бўлманг,

Ишни битирмоққа кифоят яхши.

 

Етимни кўрганда кулар юз бўлгил,

Қўлдан келса, унга таом-туз бергил,

Ғамгинни кўрганда ширин сўз бергил,

Чорасиз қулларга ҳимоят яхши[8]

 

 

Махтумқули ижодида Занги ота сиймосининг

бадиий талқини

 

Улуғ туркман шоири Махтумқули ўзининг илк маънавий ҳоллари ифода этилган “Тургил дедилар” деган шеърида кўплаб азиз сиймолар қаторида Занги отани ҳам зикр қилади:

 

Ҳайдардан сўрадим барин отма-от,

"Ҳазрати Пайғамбар улдир, бўлма ёт,

Бул Салим Хожадир, бул Бобо Зурёд,

Бул Вайсал-Қарандир, билгил!" – дедилар.

 

"Ул Баҳоуддиндир, ул ҳам бир эрдир,

Ул Занги Бободир, ул ҳам номдордир,

У ёнма-ён турган чаҳориёрдир,

Мақсадинг не бўлса, айтгил!" – дедилар[9].

Махтумқули яна “Иймоним йўлдош бўлса” деган шеърида Занги отани кўриш орзусини баён этади:

 

Деҳистоннинг байиринда

Боди сабони кўрсам.

Баҳоуддин, Мир Кулол,

Занги Бобони кўрсам[10].

 

Таржимон ва шоир Мирзо Кенжабек “Махтумқули – валий шоир” мақоласида (“Сайланма”нинг сўзбошисида ҳам) мазкур сатрларга таяниб: “Ижодидан маълум, Махтумқули Марказий Осиё ва Яқин Шарқнинг бир қанча диёрларини кезган, Бухоро, Хива, Афғонистон, Озарбойжонда бўлган. "Занги  Бобони кўрсам", дейишига  кўра, Тошкентга  ҳам  келган  бўлиши керак”, деб тахмин қилади[11].

Хуллас, Махтумқули ижодида Занги ота сиймоси оламнинг маънавий дарғаларидан бири сифатида талқин этилади.

Махтумқулининг “Девони ҳикмат”нинг Истанбул нашрига киритилган ушбу мисраси мазмунидан ҳам кўриниб турибдики, Занги отанинг халқлар олдидаги улуғ ифтихорий хизматлари, инсонларга кўрсатган юксак ва олий ҳиммати у бузруквор шайхнинг тахаллуси (Ҳимматий) билан уйғун ва мутаносиб равишда тилга олинган.

Мазкур байтлар ва шунга ўхшаш шеърий сатрлар Туркистон шаҳарларида, жумладан, Тошкент шаҳрида яқин-яқинларгача, ҳатто ХХ асрнинг 50-йилларига қадар дарвешлар томонидан баланд авжда қироат этилган.

Мухтасар айтганда, улуғ туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги ЮНЕСКО ва ТУРКСОЙ халқаро ташкилотлари ташаббуси билан бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда кенг нишонланаётгани ҳар қанча таҳсинга сазовор.

Негаки, ҳассос сўз санъаткорининг ўз асарларида мард ва матонатли, меҳнаткаш туркман халқи эзгу қадриятлари ва олижаноб фазилатларини тараннум этиши, ҳамиша халқ билан ҳамдард бўлишга, турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган мазмун-моҳияти билан бани башар, айниқса, ёшларимиз учун ибрат намунаси саналади.

 

Акмал Саидов,

академик

«Hurriyat» газетасининг 2024 йил 27 июнь кунги 26 (1401)-сони

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

[1] Махтумқули. Элингга бахш айла: Сайланма. – Т.: “Тасвир”, 2017. – 736 бет.

[2] Махтумқули. Ошиқлар Ҳақ ишқинда: сараланган шеърлар. – Т.: “Зилол булоқ”, 2020. – 352 бет.

[3] Махтумқули. Шеърлар. – Т.: “Академнашр”, 2020. – 128 бет.

[4] Ораз Яғмур. Махтумқулинома: роман-тадқиқот. – Т.: “Ўзбекистон”, 2016. – 208 бет.

[5]Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.02.2024 й., 07/24/76/0138-сон.

[6] Ҳасан Н. Яссавийликка доир манбалар ва “Девони ҳикмат”.– Т.: “Akademnashr”, 2012. – 200-бет.

[7] Ўлмас шеърият: Махтумқули Фироғий таваллудининг 275 йиллиги муносабати билан: методик-библиографик қўлланма.  – Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 2008. – 31-бет.

[8] Ўлмас шеърият: Махтумқули Фироғий таваллудининг 275 йиллиги муносабати билан: методик-библиографик қўлланма.  – Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 2008. – 29-бет.

[9] Махтумқули. Сайланма. Туркманчадан Мирзо Кенжабек таржимаси. – Т.: “Фан”, 2004.- 25-бет.

[10] Махтумқули. Сайланма. Туркманчадан Мирзо Кенжабек таржимаси. – Т.: “Фан”, 2004. – 34-бет.

[11] Кенжабек М. Махтумқули – валий шоир // “Жаҳон адабиёти”, 2008, 12-сон, 96-бет.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech