"Рўзғорида қозони бўлсин йигитнинг"
"Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади", дейдилар. Бу шунчаки мақол эмас, балки айнан бор гап экан. Энди йигирма бешга кирган йигит тўрт кишилик рўзғоримдаги биттаю-битта қозонни ўтда куйдириб–тозалаш чоғида нохос эритиб қўйдим-да. Собиқ мустамлака тузумнинг охирги йиллари эмасми, бир томондан, совет пулининг қадри қолмаган, бошқа томондан, шу беқадр "пайраҳа"га ҳам харид қилса бўладиган керакли нарса-буюмнинг ўзи қаҳат.
Бозору дўконларнинг пештахталарида ҳам, ҳамёнлардаги сингари, нуқул шамолу тўзонлар ўйнайди. Пойтахтнинг қайси бир четидаги дўкончада топилган қозонни сотиб олиш учун катта лаборант сифатида қўлимга тегадиган 71 сўм ойлик маошнинг нақд учтасини ҳеч нарсага сарфламай, тийинма-тийин йиғишимга тўғри келар экан. Қани, бунинг имкони бўлсайди.
Арзимни кимга айтаман. Ота-онам, ака-укам, қўллаб-қувватлайдиган хеш-ақрабо узоқда, Қашқадарёда. Улар Тошкентда бўлганида ҳам, вазият ўзгарармиди? Қаёқда, дейсиз. Ахир, қариндошларимнинг биронтасида қозон заводи бор эдимики, "дод" дейишим биланоқ, "Мана, Ғуломбой, ғам ема, ош егин!", деб цехдан эндигина нуқрадек ялтираб чиққан бир жуфтини келтириб беришса ўша сабилнинг.
Шундай қилиб, яқин ойлар, балки яқин йилларгача хайр-хўш дейман сизга, қадрдон қозонкабоб, лазиз паловхонтўра ва қайнатма шўрва жаноблари! Салом сенга, това, товва, товба...
Тованинг ғариб ва алдамчи таомларидан аллақачон безган бўлсам-да, теварак-атрофдагиларга ўзимни қорни ҳамда кўнгли тўқ, хотиржам, ҳатто бахтиёр қилиб кўрсатишга ҳаракат қиламан, ўзимча. Ҳеч кимга уйимизда қозон йўқлигини билдирмай-сездирмай ишга қатнайман.
Илгари ишхонамга пиёда қатнаш асносида йўл-йўлакай шеърлар туғилгувчи эди. Энди илҳом париси ҳам мендан араз. Улуғ Устознинг машҳур сатрини шу нобоп ҳолатимга мослаб, ҳар қадамда такрорлаб юраман: "Рўзғорида қозони бўлсин йигитнинг"[1]...
Шундай кунларнинг бирида устозимиз Тилак Жўра завқ-шавқ билан кафедрага кириб келди. Одатда, бу кезларда Тилак ака билан бир пиёла чой устида мазза қилиб гурунглашгувчи эдик. Бу гал ҳам чой дамлашга киришдим.
Устоз олис ўрмонлардан келган Қорбобо каби қоп-қоп хушхабарлар улашишга тушди: ота юртдан – Бухоронинг Қоракўлидан юборилган вагон-уй ниҳоят Тошканди азимга етказилибди. Тилак аканинг Чорвоқ яқинидаги (Ёзувчилар уюшмасидан берилган) дала-ҳовлисига ўрнатиб ҳам улгуришибди. Битта кенг хонали ва чоғроққина даҳлизли туппа-тузук уйдек эмиш. Бундан буён ана шу шинам дала-ҳовлида дам олиб, чой-пой ичиб, шеърлар ёзиб келиш имкони бўлар экан. Шу мақсадда Устоз куни кеча катта ўғли билан эски-тускилар бозорига чиқиб, қозон сотиб олибди...
Ана шу охирги янгилик янграган чоғи мени туйқус юқори қувватли электр токи ургандек бўлди, чамамда. Бирдан қалқиб тушдим, аммо мажҳул ҳолатимни сездирмай, ҳазил-мутойиба билан сўрадим:
- Қозонни ҳам олдингизми?
- Йўқ, қозон сотиб олдим. Ориф бозордан уйгача кўтариб борди.
- Са-ал шошибсизлар-да! Неча пулга тушди ўзи?
- Озроқ муддат ишлатилган экан. Лекин покизагина. Эгаси ҳам онамга ўхшаган муштипар бир момо. Савдолашдик, икки томонга ҳам мақбул фалон нархга келишдик. Онахон ортимиздан дуо қилиб қолди. Қозон арзонга тушди.
Ўйга толдим. Арзон қозон, нархи фалон. Лекин қани ўша фалон сўм? Машойихлар айтганидек, "Ота, туя - бир танга; ўғлим, қани бир танга? Ота, туя - минг танга; олинг, мана минг танга".
Тилак ака ғамгину паришон бўлиб қолганимни дарров пайқади. Саволга тутди. Индамадим. Сир бермасликка ҳаракат қилдим. Нима ҳам дердим? Сиздек камдаромад, камхарж ва камсуқум акамнинг ҳам рўзғорида қозони иккитага етибди, қуллуқ бўлсин. Мен эса битта қозоннинг ҳам бошини еб ўтирибман, дейманми? Уят-ей...
Эртаси куни ишга келсам, факультет олдида Тилак ака ўғли билан бирга мени кутиб турган экан. Орифбекнинг қўлидаги юкхалтада... дарров фаҳмладим: қозон! Тилак Жўранинг дала-ҳовлисида хизмат қилиш пешонасига битмаган, Ғулом Мирзога эса роса қадрини ўтказган ўша бебаҳо матаҳ.
- Йўқ, - дедим. - Олмайман, тамом-вассалом. Мажбурласангиз, хафа бўламан.
- Олмасангиз, мен ҳам ранжийман, - деди қатъий туриб Тилак ака.
- Ахир... бу... инсофдан эмас!
- "Рўзғорида қозони бўлсин йигитнинг"...
Ярқ этиб Устознинг кўзларига қарадим. Ўша-ўша беғубор табассум билан боқиб турибдилар. Воажаб, шундай содда-самимий инсоннинг қўлидан ҳам қувлик келар экан-да, а! Ҳойнаҳой, бу сатрни кафедрада беихтиёр "хиргойи" қилиб ўтирганимда эшитиб қолган чиқар. Балки "Навоий, 30" - ижод аҳли билан гавжум кўчанинг бошпанамга энг яқин шу манзилидан ўтиб-қайтаётганимда биронта шоир жўраси оғзимдан илиб олиб, айтиб берганмикан. Ёки Устоз билан кўнглимиздан кечгувчи ҳис-туйғуларни сўзсиз, ҳатто имосиз сезадиган пиру муршид даражасидаги қалбан ва руҳан яқин инсонларга айланганимизнинг ишоратимикан бу?!.
Алқисса, ўша ажиб воқеага ҳам шу кунларда роппа-роса йигирма етти йил бўлди. Бу орада Тилак Жўра у дунёни афзал кўрди. Тилак акага ижодий ҳамкор ва сафдош, ҳамфикр ва ҳаммаслак бўлган яқин инсонларидан бири Бойбўта Дўстқораев домламиз таъбири билан айтганда, "айни навқирон палласида у фоний дунёга этак силкиб кетди"[2].
Мен эса ўтган даврда иш жойимни ҳам, турар жойимни ҳам кўп бор ўзгартирдим. Аммо, рўзғоримизда авлиёсифат Устозимдан мерос бўлмиш ўша муборак қозон ризқимизнинг бутлиги, ҳаётимиз тўкислиги ва умримиз ширинлигини ҳали-ҳануз таъминлаб турибди.
Ғулом МИРЗО
"Қоракўл садоси" газетасининг 2024 йил 26 июнь 10-11-сони
Изоҳ: Ушбу эссе юртимиздаги кўплаб машҳур журналистларнинг устози – таниқли шоир, таржимон ва адабиётшунос олим Тилак Жўра хотирасига бағишланган. 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан шоир туғилиб-ўсган туманда нашр этиладиган “Қоракўл садоси” газетасининг 2024 йил 26 июнь сонида эълон қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
[1] Атоқли шоир Абдулла Ориповнинг "Икки сония" номли шеъридаги "Уйда тинчи бўлсин йигитнинг аввал" сатри назарда тутилмоқда.
[2] Бойбўта Дўстқораев. Серзавқ инсон эди // kh-davron.uz/17.04.2017.
- Қўшилди: 27.06.2024
- Кўришлар: 1547
- Чоп этиш