30 июнь – Ёшлар куни
Бундан етти йил муқаддам Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 30 июнь санаси мамлакатимизда “Ёшлар куни” деб эълон қилинди. Биргина шу далилнинг ўзи ҳам кейинги даврда юртимизда ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантиришга катта эътибор қаратилаётганини яққол тасдиқлайди.
Ёшлар куни байрами муносабати билан давлатимиз раҳбарининг навқирон авлод пешқадам вакилларини тақдирлашга оид фармон ва қарорлари эълон қилиниши яхши анъанага айланди. Бунда асосан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда алоҳида фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва қобилияти, интилувчанлиги, ташаббускорлиги ва самарали меҳнати билан юртимиз тараққиётини юксалтириш, жонажон Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини янада оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган йигит-қизлар мукофотланаётгани таҳсинга сазовор.
Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 28 июнда Ёшлар куни муносабати билан бир гуруҳ ёшларга давлат мукофотларини топширди ва ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилган ишлар сарҳисоби, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди. Йиғилишда айни мавзуга оид бир қатор далил ва рақамлар келтирилди.
Биринчидан, мамлакатимизда сўнгги етти йил ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқаришда “катта сакраш даври” бўлди. Шу етти йил ичида ёшларга оид 100 дан зиёд қонун ва қарор қабул қилиниб, 200 дан ортиқ имтиёз берилди.
Иккинчидан, биргина таълим кредитидан 151 минг ёшлар фойдаланди. Эҳтиёжманд оиладан бўлган яна 110 минг талабанинг контрактини тўлашга 332 миллиард сўм ажратилди. Натижада олий таълимда қамров 9 фоиздан 42 фоизга, олийгоҳлар сони эса 77 тадан 212 тага етди.
Учинчидан, бугунги кунда Ватанимизнинг 110 минг нафар ўғил-қизи хорижда таҳсил олмоқда.
Тўртинчидан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етти йилда АҚШнинг “Печак лигаси”га кирувчи Гарвард, Йель, Колумбия, Стенфорд каби топ-8 та, Буюк Британиянининг “Расселл гуруҳи”даги Оксфорд, Кэмбридж, Бирмингем каби 24 та олийгоҳни 50 нафар ёшларимиз битирди. Бу нуфузли олийгоҳларда ўқиётган ўзбекистонлик ёшлар сони 200 дан ошди.
Бешинчидан, 2024 йилда мактабларни 14 мингдан зиёд ўқувчи олтин ва кумуш медаллар билан битирди. Мактаб ўқувчилари “Катта бешлик” фан олимпиадаларида қўлга киритган медаллар охирги тўрт йилда 2 карра кўпайди.
Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ёшларига қаратилаётган эътибор ва шароитларни карра-карра кўпайтириш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, мамлакатимиз жадал ривожланиши учун “тўртинчи саноат инқилоби” касблари жуда муҳимлигини инобатга олган ҳолда, ёшларнинг физика, кимё, биология, технология, муҳандислик, математика (СТЭМ) билан боғлиқ касбларга қизиқишини ошириш учун янги тизим жорий қилинади.
Шунингдек, янги – 2024/2025 ўқув йилидан олийгоҳлар қошидаги жами 73 та академик лицейда тажриба тарзида “Халқаро бакалавриат” ва “A-level” дастурлари жорий этилади. Бу дастурлар асосида сертификат олган ўқувчилар ўша олийгоҳга имтиҳонсиз, контракт асосида қабул қилинади.
Юртимиз ёшлари хорижий олийгоҳларда ўқиш учун математика, инглиз тили ва илмий фикрлаш бўйича “AST” имтиҳонини топшираяпти ва ушбу тестларда 75 фоиздан юқори натижа кўрсатган ўқувчилар чет элнинг энг нуфузли олийгоҳларига грант ютаяпти. Энди бундай ёшларни ўзимизнинг олийгоҳларга ҳам грантга қабул қиламиз, деди Ўзбекистон Президенти.
Ҳақиқатан ҳам, ёшлар масаласи ҳар доим давлатимиз сиёсати даражасидаги муҳим масала бўлиб келган. Сўнгги йилларда ёш йигит-қизларимиз учун яратилаётган кенг кўламдаги имкониятлар, уларнинг ўқиб-ўрганишлари, қизғин фаолият кўрсатишлари учун кўрсатилаётган ғамхўрлик нафақат юртдошларимиз, балки дунё ҳамжамиятини ҳам ўзига жалб этмоқда.
Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш учун ҳар бир ҳудудда зарур шарт-шароитлар муҳайё қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат.
БМТ Бош Ассамблеяси 1999 йил 17 декабрдаги 54/120-сонли резолюция билан Халқаро ёшлар масаласи билан шуғулланувчи вазирлар конференциясининг 12 августни Халқаро ёшлар куни деб эълон қилиш ҳақидаги тавсиясини маъқуллаган. Ушбу кунда жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътибори ёшларга оид масалаларга яна бир бор қаратилади.
Эслатиб ўтамиз, миллий қонунчилигимизга кўра 30 июнь –Ўзбекистонда Ёшлар куни этиб белгиланган. Шунингдек, 2020 йил 30 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат бошқаруви органи – Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди.
Агентликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгиланди. Агентлик, жумладан, ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқади. Шунингдек, ёшлар сиёсати соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.
Фармон билан Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастурда, жумладан, Ўзбекистон ёшлари порталини ташкил этиш ва унда ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекслари ҳамда ёшларга оид қонун ҳужжатлари базасини шакллантириш белгиланган.
Дастурда назарда тутилган тадбирлар Агентлик томонидан тўғридан-тўғри ёки нодавлат нотижорат ташкилотларига ижтимоий буюртма шаклида ажратиладиган давлат грантлари ва субсидиялар тақсимлаш орқали молиялаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йил 27 июнда “Ёшларни хорижий тилларга ўқитиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Қарорга кўра, Ёшлар ишлари агентлиги зиммасига қуйидаги қўшимча функциялар юкланди:
- ёшларни хорижий тилларга ўқитиш жараёнларини такомиллаштириш, талаб юқори бўлган чет тилларини мукаммал ўзлаштириш учун шароитларни кенгайтириш;
- хорижий тилларни ўқитиш фаолияти билан шуғулланувчи ЯТТлар, ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари (хусусий ўқув марказлари), ушбу йўналишда фаолият юритувчи бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, соҳадаги муаммоларни мунтазам равишда таҳлил қилиш ва уларнинг ечими бўйича таклифлар тайёрлаш;
- хусусий ўқув марказлари рейтингини шакллантириш ҳамда рейтингда юқори ўринни эгаллаганларни рағбатлантириш;
- ёшлар орасида касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганишни тарғиб қилиш, ушбу йўналишдаги ижтимоий лойиҳалар, кўрик-танлов ва олимпиадаларни ташкил этиш.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари тузилгани, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилгани юртимизда соҳа ривожи сари қўйилган йирик амалий қадамлар бўлди. Янада муҳими, икки йиллик конституциявий ислоҳот натижаларидир.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, 2024 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 36 миллион 963 минг кишидан ошган бўлиб, 14-30 ёшгача бўлганлар сони 9 миллион 600 минг нафарни ташкил этган. Яъни, мамлакатимиз бошқа соҳалар қатори нуфус жиҳатидан ҳам, меҳнатга лаёқатли ёшларнинг кўплиги нуқтаи назардан ҳам катта давлатга айланмоқда. Юртимиз аҳолиси 2040 йилга бориб 50 миллионга етиши, жамиятнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилиши кутилмоқда.
Ёшларимизга муносиб ҳаёт шароити яратиш учун эса барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши лозим. Шу маънода, айни масаланинг ечими ҳам мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор – Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясини қабул қилишни тақозо этди.
Шу ўринда, аввало, Асосий қонунимизнинг алоҳида боби – ХIV боб “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланганига ҳамда ундан ёшларга оид қатор нормалар ўрин олганига эътибор қаратиш даркор. Бундай янгича ёндашув, шубҳасиз, Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати устувор эканлигидан яққол далолатдир.
Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат томонидан ёшлар ҳуқуқлари ҳимояланиши ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштироки рағбатлантирилиши кафолатлаб қўйилди. Конституциямизнинг 79-моддаси биринчи бандида қайд этилганидек: “Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради”.
Бош қомусимизда, шунингдек, давлат ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, халқнинг бой маданий меросидан фахрланиш, ватанпарварлик туйғулари шаклланишига ғамхўрлик қилиши белгиланди. Бу ҳақда Конституциянинг 78-моддаси тўртинчи бандида шундай дейилган: “Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади”.
Яна бир муҳим янгилик: ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида Асосий қонунга киритилди. Конституциянинг 79-моддаси иккинчи бандига кўра: “Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади”.
Шу ўринда янги таҳрирдаги Конституциядан илк маротаба узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожини таъминлаш давлатнинг вазифаси этиб белгиланганини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. Таълимга оид нормалар 50,51 ва 52-моддаларда ўз аксини топди.
Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Конституциянинг 53-моддаси биринчи бандида: “Ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилинади”, деб таъкидланган. Зеро, интеллектуал салоҳиятини юқори, дунёқараши кенг, мустақил фикрлайдиган авлодни вояга етказиш ва тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидандир.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда давлат ёшларга ғамхўрлик масалаасида ўз зиммасига ғоят муҳим мажбуриятларни олгани алоҳида диққатни тортади. Энг асосийси, мазкур конституциявий нормалар нафақат Ўзбекистон ёшлари манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг келгуси тақдири учун ниҳоятда аҳамиятлидир. Шундай экан, навқирон авлодимиз вакиллари томонидан янги таҳрирдаги Конституциямиз «Ёшлар Конституцияси» дея эътироф этилаётгани бежиз эмас.
Хулоса қилиб айтганда, ёш авлод ҳақида ғамхўрлик кўрсатилар экан, аввало улар бизнинг таянчимиз ва эртанги келажагимизнинг давомчилари эканлиги, ёшларга оид қонунчилик тизимини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш қулай ҳуқуқий ва ташкилий иқтисодий имкониятлар барпо қилиш, уларнинг касб-ҳунар ўрганишлари, меҳнат қилишлари, эркин ижод қилишлари учун барча шароитларни яратиш ишлари диққат марказимизда туради.
Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этилувчи келажак авлодга, юрт равнақини таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида қаралаётгани бежиз эмас.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 28.06.2024
- Кўришлар: 1864
- Чоп этиш